Бола чарчаб қолмаслиги ва уйга берилган вазифаларнинг ҳаммасини бажариши учун унинг кун тартибини қандай тузган яхшироқ? Мақоламизда шу мавзудаги баъзи фойдали маслаҳатлар билан танишасиз.
Биринчи синфда одатда болаларга вазифа берилмайди. Энг кўпи билан уйга мактабда улгуролмаганларини тамомлаш вазифаси берилади. Бу унчалик оғир эмас, шунинг учун бундай вазифаларни бажаришда болалар чарчаб қолмайди.
Лекин, барибир мактабдан кейин болаларга дам олиш учун вақт бериш тавсия қилинади. Ўқув жараёнига ўргангунларига қадар уларга кўп вазифа юкламаслик лозим, акс ҳолда ўқишга бўлган қизиқиш дарров йўқолади.
Болаларни овқатлантириш ва оз бўлса ҳам ухлашга ётқизиш керак. Уйқудан кейин бироз вақтни дарсларга, ундан кейин эса — кечгача ўйинлар ва кўнгил очишларга вақт ажратиш мумкин.
Уйга вазифалар берила бошлагандан кейин, ота-оналар учун боланинг кун тартибини тўғри тузиш жуда муҳим. Агар бола дарсдан кейин қолиб шуғулланадиган гуруҳга бормаса, бу мажбурият оиланинг зиммасига тушади.
Бола ўзига ёққан машғулот билан шуғулланиши мумкин, сизнинг вазифангиз эса — компьютер ёки гаджетда ўтказилган вақт бир кунда 1-2 соатдан ошиб кетмаслигини назорат қилиш.
5-синфдан кейин фанлар ҳам, уйга вазифалар ҳам кўпаяди. Шунинг учун айнан шу ёшдан бошлаб ота-оналарнинг ҳақиқий муаммолари бошланади. Руҳшунослар болани ҳар хил тўгараклар ва секцияларга кўмиб ташламасликни, уларга мактабдан кейин вазифаларни қилишдан олдин ҳеч бўлмаса ярим соатлик танаффус беришни маслаҳат беради.
Дарсларни қилиш учун энг мувофиқ бўлган вақт — агар дарслар соат 14-15 ларда тамом бўладиган бўлса, тахминан соат 16.00. Агар сиз бола улгуролмаётганини кўрсангиз, бирон-бир қўшимча, дарсдан ташқари машғулотлардан воз кечишга ҳаракат қилинг.
Лекин болани дам олишдан ва мультфильмлар кўришдан ёки ўйнашдан маҳрум қилиш мутлақо мумкин эмас. Уларга мактабдан олган билимлари мияда маҳкам ўрнашиб қолиши учун бироз вақт керак бўлади.
Манба: Daryo.uz