Биласизми?

Диққат! ўқув йили бошланди: маслаҳат ва тавсиялар

Мана, иссиқ ёз фасли ўтиб, сентябрь ойи ҳам келди. Мактаб ва бошқа таълим даргоҳларида ўқув йили бошланиш арафасида. Демак, йўлларда автомобиллар қатнови янада кўпаяди, болалар ва ёшларнинг фаоллиги яна ҳам ошади.

Бундай пайтда ҳайдовчилардан янада сергак тортиш, диққатни ошириш, ота-оналардан эса болаларни йўлларда тўғри ҳаракатланишга, эҳтиёткорликка ўргатиш талаб этилади. Қуйида мана шу мақсадда ота-оналар ва ҳайдовчилар учун бир қатор оддий маслаҳат ва тавсиялар келтирилган.

Ота-оналарга тавсиялар:

  • Фарзандларингизга йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишни мунтазам уқтириб боринг.

Бунда қуйидаги ҳолатларга кўпроқ эътибор қаратиш фойдадан холи бўлмайди:

  • Уйдан чиқиб, катта йўлга яқинлашдингми, шошма, атрофга назар сол. Аввал чапга, кейин ўнгга эмас, балки олдин ўнгга, сўнгра чапга ва яна ўнгга қара. Болаларга ушбу формулани батафсил тушунтириш, уларда мана шу кўникмани шакллантириш лозим;
  • Йўлни фақат яшил чироқ ёнгандагина пиёдалар йўлакча бўйлаб кесиб ўтиш керак.
  • Йўлни фақат машиналар тўхтагандагина кесиб ўтиш лозим;
  • Футбол ўйнаётганда, копток йўлга чиқиб кетдими? ТЎХТА! Коптокнинг ортидан югурма.
  • Агар фарзандингиз ўзи мустақил мактабга қатнаса, у ҳолда мактаб бошлангунча у билан юқоридаги тавсияларни амалда бирга бажаришни унутманг. Сайр қилиш пайтида ҳар қандай хавф туғдириши мумкин бўлган жойларга диққатингизни қаратинг.
  • Иккинчи пунктдаги ишни яна бир марта такрорланг. Фақат бу сафар сиз эмас, балки боланинг ўзи сизни етаклаб борсин. Психологларнинг қайд этишича, айнан мана шундай ролли ўйинлар йўналиш деталларини эслаб қолишга катта ёрдам берар экан.
  • Болалар ёз ойларида кеч уйқудан туришга ўрганиб қолишади. Шу сабабли ўқув йилининг илк кунларида болани эртароқ уйғотиш лозим. Бола мактабга бораётганда шошмасдан, йўлдаги ҳолатларга эътибор қаратган ҳолда юриши керак.

Ҳайдовчиларга тавсиялар:

Сентябр ойининг илк кунларида, айниқса, диққатингизни янада оширган ҳолда ҳаракатланинг. Болалар йўлнинг исталган қисмидан югуриб чиқишлари мумкин.

  • Агар бола йўлда тўхтаб, сизни ўтказиб юбормоқчи бўлса, шошманг. Аввал уни йўлни кесиб ўтишига имкон беринг. Чунки бола, одатда, кутилмаган пайтда йўлни кесиб ўтиши мумкин.
  • Кўп қаторли йўлда олдинда ҳаракатланаётган (ўнг ёки чап тарафда) автомобиль тўсатдан тезликни туширишни бошлади. Шошманг. Сиз ҳам тезликни туширинг. Сабаби олдиндаги автомобиль пиёдани ўтказиб юбораётган ва сиз буни кўрмаётган бўлишингиз мумкин. Эсда сақланг: бундай ҳолатларда аввал тўхташ, кейин ўйлаш лозим.
  • Белгиланган тезлик чекловларига риоя қилинг. Чунки 30 км/ст тезлик билан пиёда уриб юборилса, ўлим хавфи 5%ни, 50 км/ст тезликда эса 40%ни, 65 км/ст тезликда эса 85%ни ташкил қилади. ШОШМАНГ!
  • Агар автомобилнинг ойна тозалагичлари яроқсиз ёки носоз бўлса, уларни дарҳол алмаштиринг. Ёмғир томчилари ойнадан кўриш имкониятини камайтириб, жиддий хавфни келтириб чиқариши мумкин.
  • Йўлдаги сув, лой ва хазонлар ҳаракатланишда хавф туғдириши мумкин. Таваккал қилманг. Тезликни туширинг. Бундай йўлларда тормозлаш масофаси қуруқ асфальтдагига қараганда бир неча марта кўп бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Юқоридаги оддий, лекин шу билан бирга самарали маслаҳат ва тавсияларга амал қилиш фарзандларимиз хавфсизлигини таъминлайди, йўллардаги нохуш ҳолатларнинг олдини олади. Шошмайлик! Секин юрсак ҳам манзилга етиб борамиз.

Мавлон Марасулов