Бугунги кунда тиббий белгилаган меъёрдан ортиқ вазнли болакайларни учратиш одатий ҳолга айланиб бормоқда. Семизлик асли касаллик бўлишидан ташқари, унинг оқибатида бошқа бир қанча хасталиклар ҳам юзага келиши мумкин. Қолаверса, ташқи кўриниш боланинг руҳий ҳолатида ҳам акс этиши турган гап. Хўш, болалардаги ортиқча вазннинг сабаби нимада? Унинг олдини олиш мумкинми? Бу саволларга тиббиёт фанлари номзоди, доцент, олий тоифали шифокор-эндокринолог Дилором УРУНБОЕВА жавоб беради.
Сабаблари
Одатда болалардаги ортиқча вазн нотўғри овқатланиш тартиби, камҳаракатлилик, эндокрин тизимида ҳамда организмдаги бошқа жиддий хасталиклар натижасида юзага келади. Шунингдек, хавф туғдирадирувчи омилларга қуйидагилар ҳам киради:
- Соғлиққа зарарли маҳсулотлар — ёғлилик даражаси юқори, ширин, аччиқ, шўр таомлар, қовурилган картошка, қўшимчалар билан бойитилиб, қотирилган нон ва газли ичимликлар. Буларни истеъмол қилиш ортиқча вазнга бўлган мойилликни бир неча маротаба оширади.
- Жисмоний машқлар бажарилмаслиги — овқатланиш жараёнида танага қабул қилинган калориялар парчаланмай, организмда ёғ кўринишида тўплана бошлайди. Шу сабабли таомлангач, телевизор камроқ кўриш, компьютер қаршисида узоқ ўтирмаслик, видиоўйинлардан фойдаланмай, очиқ ҳавода кўпроқ сайр қилиш тавсия этилади.
- Наслий мойиллиги— агар оиланинг барча аъзоларида ортиқча вазн муаммоси кузатилса, болага ҳам таъсирини кўрсатмай қолмайди. Ота-онанинг ҳар иккиси ҳам семиз бўлган ҳолатларнинг 60 фоизида фарзандлар ҳам тўлача бўлиши кузатилади.
- Меҳр камлиги — худди катталар каби, болалар ҳам ўзининг руҳий кечинмаларини ичига ютиши мумкин. Бунда ёқимсиз ҳолат ва ҳис-ҳаяжонни пасайтириш учун одатдагидан кўпроқ овқат ея бошлайди. Аксарият ҳолларда ҳаддан ортиқ овқат ейишга ота-онанинг меҳри етишмаслиги сабаб бўлар экан, бу эса ўз навбатида боланинг семириб кетишига олиб келади.
«Болам семирмасин» десангиз...
Истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларига эътиборли бўлинг, овқатланиш тартиби мавжуд бўлсин. Бу ишлар доим оила катталарининг назоратида бўлиши лозим. Ярим тайёр маҳсулотларни табиий озуқаларга алмаштиришнинг ўзиёқ фарзандингиз саломатлиги учун катта фойда бўлади. Сабзавот ва меваларни кўпроқ истеъмол қилишни тавсия этамиз.
Дорилар билан даволаймиз!
Болалардаги ортиқча вазнни даволашда фарзандингиз ёши ва саломатлигининг умумий ҳолати инобатга олинади. Болакайларга иштаҳани пасайтирадиган, оздирадиган дорилар асло тавсия этилмайди! Агар семизлик эндокрин тизимдаги ўзгаришлар асоратида юзага келган бўлса, аввало асосий хасталик даволанади. Унга қўшимча тарзда парҳез ва турли жисмоний машқлар буюрилиши мумкин.
Жазолаш ёки мукофотлаш
Болакай бирор айб иш қилиб қўйса, уни овқатдан маҳрум қилиб жазоламанг. У бусиз ҳам ўз ташқи кўринишидан уялиб юрибди, кўнглига оғир ботиши мумкин. Яхши баҳо олиб келса ёки бирор ютуққа эришса музқаймоқ, шоколад ва ширин ичимликлар билан мукофотлаш тўғри эмас. Юқори калорияли маҳсулотлар боланинг ҳозирги ҳолатига салбий таъсир кўрсатишини ёдда тутинг.
Чалғитувчи терапия
Соғлом одамда иштаҳа чўққиси асосан эрталабки соатларга тўғри келади. Кечқурун истеъмол килинган овқат эрталабгача ҳазм бўлиб, қонда глюкоза миқдори пасаяди, иштаҳа очилади. Ортиқча тана вазнга эга бўлган болаларда эса, аксинча, кечқурун иштаҳа фаоллашади. Кўп болалар ота-онасидан бесўроқ музлатгичлардаги озиқ маҳсулотларни олиб, беркиниб ейишади. Бу болаларда гипоталамус безида жойлашган очлик марказининг қўзғалиб, тўйганлик ҳиссини йуқотиб қўйиш билан ифодаланади. Уларга нафақат спорт ва бошқа жисмоний зўриқишлар, балки турли тўгаракларга бериш ҳам тавсия этилади. Бу «чалғиувчи» терапия саналади. Очлик маркази қўзғалиб қолган бола тўгаракларга қатнашиб, овқат ҳақида ўйламай қўяди, бу эса ота-оналарга фарзандининг бузилган овқатланиш рационини тиклашга ёрдам беради.
Дилбандингиз доим соғ-омон бўлсин!
Манба: Darakchi.uz