Биласизми?

Эҳтиёт бўлинг, фарзандингиз иловаларнинг нишонида!

Мобил иловалар ва ўйинлар ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги кураш янгича, жумладан ноинсоний ғояларга тўла иловаларнинг яратилишига ҳам олиб келмоқда. Жумладан, бугун Ғарбда кенг оммалашаётган ўйин кўринишидаги пластик жарроҳлик ҳамда суратларни таҳрирлаш иловалари жамоатчиликни ташвишга солмоқда. Жумладан, Буюк Британиянинг биологик ахлоқ масалалари билан шуғулланувчи Nuffield Council on Bioethics ташкилоти бундай иловаларнинг салбий жиҳатларини «уриб» чиқди.

Гап шундаки, бу иловалар асосан кичик ёшдаги фойдаланувчиларга мўлжалланган. Кўп ҳолларда улардан 8-12 ёшли болалар фойдаланишмоқда. Бу «қизиқарли» ўйинларда фойдаланувчи ўйин қаҳрамонининг хоҳлаган тана аъзосини кесиши, чопиши, ўзгартириши, узиб олиши мумкин. «Гўзаллик клиникаси», «Шаҳзоданинг пластик жарроҳлик амалиёти», «Жажжи тери шифокори» каби ёш болалар ўртасида жарроҳлик амалиётининг жозибадор эканини тарғиб қилмоқда.

Ўйинни ўйнаш чоғида болалар инсон юзини хоҳлаганча бежаб, гўзаллаштириш учун унинг устида хоҳлаган виртуал жарроҳлик амалиётни ўтказадилар. Мисол учун, инсон танасини жарроҳлик йўли билан ёғлардан тозалаш, лабларни шишириш, бурунни кичрайтириш, юздаги терини кўчириш ва ҳоказо.

Манчестер Антропология университети профессори Жинет Эдвардснинг фикрича, бу каби иловалар болалар руҳиятига салбий таъсир қилиб, пластик жарроҳликни тарғиб қилмоқда. Натижада, Ғарб жамиятида вояга етмаган қизлар ўртасида ҳаётини хавф остига қолдириб, биологик жиҳатдан ўзгаришларни афзал кўрувчилар ва бунинг оқибатида ҳаётдан кўз юмаётганлар сони ортиб бормоқда.

Қолаверса, ота-оналар эътиборидан четда қолаётган яна бир тур иловалар бор: инсон юзига оро бериш ёки қаҳрамонни кийинтиришга бағишланган иловалар. Уларнинг аксариятида қаҳрамонлар ярим-яланғоч ҳолатда гавдаланади. Руҳшуносларнинг фикрича, бундай иловалар болани ҳаёсиз, мол-дунёга ружу қўйиб улғайишига сабаб бўлар экан.

Шундай экан, бирор иловани фарзандингиз қўлига тутқазишдан аввал унинг бола келажаги ва руҳиятига қандай таъсир қилишини инобатга олинг.