Охирги йилларда "компютерга қарамлик", деган ибора тез-тез учрамоқда. Хитой, АҚШ ва Европанинг баъзи мамлакатларида бу қарамликни касаллик деб, даволаб келмоқдалар. 2015 йилнинг ёз кунлари бундай қарамлик туфайли мактаб ўқувчиси компютер ўйинини ўйнаш чоғида вафот этгани эълон қилинди.
Афсус, баъзи ота-оналар мобил алоқа воситалари болага қаттиқ зарар келтириши ҳақида ўйламайдилар.
Қуйидаги маълумотлар билан танишиб чиқиб, хулоса чиқарасиз.
Боланинг тили чиқмагунига қадар унга телефон, компютер воситаларини бериш мутлақо мумкин эмас. Кичиклигидан экранга қарашни одат қилган боланинг тили кеч чиқади, гапиришга қийналади ва атрофдагилар билан мулоқот қила олмайди. Унда логопедик муаммолар юзага келади.
Бола асабийлашганда "экран" билан уни овутмаслик муҳим. Бунга у одатланиб, катта бўлганида ҳаётда учрайдиган қийинчиликларга дуч келганида, ўз кучи билан уларга бардош бермай, бирон ўйинчоқ(ичкилик, компютер ўйинлари, наркотик)дан малҳам излайди. Бола асабийлашиб қийинчиликни бошидан кечираётган пайти унга онанинг эътибори талаб етилади, компютер ёки телефон экрани эмас. Ўз вақтини ва сабрини қизғонган она боласига телефон ёки компютер тутқазиб қўяди. Шу йўл билан у боланинг ҳаётда кучли бўла олиш, қийинчиликларни енгиш қобилиятига қаттиқ зарба беради.
Болани ҳеч қачон компютер ўйинлари ривожлантирмайди. Гаджетлар ёрдамида болани миясини чархламоқчи бўлган ота-оналар мутлоқ хато қиладилар. Болани кичиклигида мулоқот, суҳбат, қўли билан ушлаш, ҳис этиш, эшитиш, кўриш каби туйғулари ривожлантиради. Бола экрандан маълумот олишни, ўйинлар орқали бирон вазифа бажаришга ўрганиб қолса, у ҳаётга, жамиятга мослашиши жуда қийин кечади. Экранда уддалай олган вазифани ҳаётда умуман бажара олмайди. Чунки у экран билан мулоқот қилишга ўрганиб қолган. Ундан ташқари Америка педиатрия уюшмасининг таъкидлашича, компютер ўйинлари ва мобил гаджетлар орқали боланинг ривожланиш даражаси пасаяди.
Боланинг экранга тикилиб ўтириши натижасида унинг асаблари бузилади. Бола ўзи сезмаган ҳолда қаттиқ чарчайди, лекин экрандан ўзини олиб қоча олмайди. Шунда унда асабийлик, зардаланиш, ғижиниш ва баъзида агрессия ҳам ривожланади.
Компютер ўйин ва гаджетларга боғланиб қолган бола ҳаётдаги машғулот ва ўйинларда ўзини яхши намоён эта олмайди. Унинг реаксияси фақат экрандаги вазифаларга боғланиб қолган бўлгани учун, ҳаётий ҳолатларни уддасидан чиқа олмайди. Шу қаторда спорт билан ҳам шуғуланаётганда қийналади.
Баъзи тадқиқотлар яқин йилларда болалар ва ўсмирлар орасида кенг тарқалаётган семизлик сабабини ҳам мобил ва компютер воситаларидан кўришмоқда. Бола кўчада чопиб ўйнашдан, экранга соатлаб термулиб ўтиришни афзал кўра бошлайди. Натижада унинг модда алмашинуви тизими ишдан чиқади ва жадал тарзда семизлик ривожлана бошлайди.
Бола ҳақиқий гўзаллик нима эканлигини сезмай қолади. Экранда кўраётган суратларга ўрганиб қолган бола табиатни, қуш ва гулларни, умуман атрофни гўзаллигини кўрмай, сезмай қолади. Унинг кўзида кўринмас плёнка экрандаги суратларни намоён этаверади.
Ўн ёшга тўлмаган болада мобил телефонларнинг таъсири натижасида мияда бўладиган патологик бузилишлар катталарникига нисбатан тезроқ ва кенгроқ юзага келар экан. Бу эса келажакда жиддий касалликларга сабабчи бўлиши мумкин.
Мобил воситалари орқали интернетга ҳам қарам бўлиб қолиш мумкин. Қисқа маълумот, тез алмашувчи суратларга ўрганган бола, китоб ўқий олмайди, ундан ташқари узоқ муддат бир жойга диққатини йиға олмайдиган бўлиб қолади.
Америка педиатрия уюшмасининг кўрсатишича, болага чегараланган ҳолда компютер ва мобил воситалардан фойдаланишга рухсат бериш мумкин. Лекин бунда боланинг ёши алоҳида аҳамият касб этади:
- Бола 7 ёшга тўлгунига қадар мобил ва компютер воситаларидан умуман фойдаланмаслиги керак;
- Бола 7 ёшидан 12 ёшига қадар экран(телевизор, планшет, мобил телефон ва ҳоказолар)дан кўпи билан 2 соатгача фойдаланиши лозим;
- Ўн икки ёшдан сўнг мобил ва компютер воситаларидан фақат ўқиш, билим олиш ёки дарс қилиш воситаси сифатида кунига максимум 2-3 соат фойдаланса зарар бўлмайди;
Мақола ёққан бўлса, дўстларингиз билан бўлишинг!
Манба: Uzbaby.uz