Турмушимиз енгиллашиб, аксарият ишлар автоматлашган тизимлар орқали амалга оширилаётган бир пайтда касблар сони ва уларга эҳтиёж қисқариб, меҳнат бозорига давр талабига мос бўлган мутахассисликлар кириб келмоқда. Жумладан, ахборот технологиялари соҳасига хос бўлган янги касблар.
Forbes нашрининг маълумот беришича, жаҳон меҳнат бозорида ахборот технологиялари соҳаси мутахассисларига эҳтиёж жадал ошиб бормоқда. Жумладан, бу йўналишдаги лойиҳа менежерларига бугун йилига $121,000 долларгача маблағ тўланмоқда. Дастурий таъминот инженери $109,000, тармоқлар хавфсизлигини таъминлаш соҳаси мутахассиси йилига $137,000 долларгача маблағ ишлаб топмоқда. Ахборот технологияларининг бизнес ва йирик ишлаб чиқариш саноатида жорий қилиниши, кибер хуружларнинг ҳажми ва кўлами ошиб бориши билимга бой мутахассисларга касбий муваффақият эшикларини очмоқда.
Бугун АКТ мутахассиси учун университетда олган назарий билимнинг ўзи кифоя қилмайди. Қўшимча изланиш, мустақил ўрганиш орқалигина меҳнат бозорига тайёр бўлиш мумкин. Замонавий IT-мутахассисга қўйиладиган 3 та бош талаб: — дастурлашни билиш; — яхши ёза олиш; — одамлар билан алоқага киришиш кўникмаларига эга бўлиш.
Америка Меҳнат статистикаси бюросининг маълумот беришича, 2024 йилга келиб компютер ва ахборот технологиялари соҳасидаги мутахассисларга эҳтиёж 12 фоизга ошади. Кейинги 10 йилликда биргина АҚШнинг ўзида IT соҳаси ходимлари сони 3.9 миллиондан 4.4 миллионга ошади.
АҚШ Меҳнат бюросининг яна бир қизиқ маълумоти — 2015 йилда компютер ва ахборот технологиялари соҳаси ходими йилига ўртача $81,430 доллар ишлаб топган бўлса, бошқа соҳаларда бу $36,200 долларни ташкил қилади. Кўриб турибсизки, агар сиз талаб даражасидаги кадр бўлсангиз, молиявий даромаддан умуман ташвиш тортмасангиз ҳам бўлади.
Маълум бўлишича, Ер юзидаги ҳар 100 та танқидчига қарши чиқиб, дунёга янгилик олиб келишга қодир бўлган 1 нафар гений бор экан. 20-асрнинг бошларида автомобилсозликда улкан режаларни кўзлаётган Генри Фордга атрофидагилар ҳар бир одамнинг автомобилга эга бўлиши ақлга зид ҳодиса эканини айтишган. Аммо, Генри Форд бу шубҳаларни рад этди ва мақсадига эришди.
Худди шунингдек, ўтган асрнинг 70-йилларида ахборот технологиялари ўзининг ривожланиш чўққисида бир муддат тўхтаб қолгандек кўринган эди. Билл Гейтс, Стив Жобс каби илғор фикр эгаларининг ҳар бир уйга компютер олиб кириш орзуси жамоатчиликнинг кулгисига сабаб бўлган бўлса ҳам, улар шубҳаларга шубҳа билан қарашди ва ҳар бир хонадон ўзининг шахсий компютерига эга бўлиши мумкинлигини исботлашди.
21-асрнинг хоҳлаган фуқароси ахборот технологияларининг субъекти: одамлар гаджет ва алоқа воситаларисиз турмушларини тасаввур қила олмайдилар ҳамда электроника маҳсулотларига эҳтиёж жадал ошиб бормоқда. Натижада, соғлиқни сақлаш, қўриқлаш, маълумотлар билан ишлаш, мобил технология, умуман турмуш тарзининг барча жабҳалари учун ахборот технологиялари мутахассисларига зарурат ошмоқда.
Шуни ҳисобга олиб, ҳали касб-ҳунар коллежи ўқувчиси бўлсангиз, ўзингиз учун ёрқин келажак танлашга ҳали вақтингиз бор. Қолаверса. ота-она сифатида фарзандингизни ҳозирданоқ ахборот технологиялари соҳасига қизиқтира олсангиз, уларнинг муваффақиятли истиқболига пойдевор қўйган бўласиз.