Кўп экран олдида ўтириш нафақат ёшлар, балки катталарнинг ҳам кўриш қобилиятини пасайтиради. Ёшлигимизда телевизор ёнидан жилмай, кино ёки мултфильм кўрсак, бобо-момоларимиз ҳадеб телевизор кўрсанг, миянг суюлиб кетади, деб танбеҳ беришарди. Ажабланарлиси, Япониядаги Тохоку университети олимлари тадқиқотида бу фикр ўз тасдиғини топди.
Жумладан, улар 5 ёшдан 8 ёшгача бўлган 276 боланинг пешона тузилишини ўрганиб чиқиб, телевизорга ўта ружу қўйганлар манглай тузилишида катта ўзгаришлар юз беришини аниқладилар.
Тажрибада иштирок этган болалар ҳар гал танаффуссиз икки соатдан кунига 4 соат телевизор томоша қилишган. Шундан кейин бола миясидаги ўзгаришлар МРТ(магнит резонанс томография) ёрдамида текшириб борилган. Мазкур жараёнда телевизор қаршисида кўп ўтирган бола мия олд қобиғида кўкимтир модда тўпланиши кузатилган. Ҳолбуки, миянинг меъёрий ривожланиш шароитида қобиқда кўкимтир модда камайиб бориши лозим. Мия олд қобиғида кўкимтир модданинг кўпайиб бориши эса бола интеллектига, яъни атрофдагилар гапини таҳлил этиш, сўзлар маъносини англаш ва уларни эслаб қолиш қобилиятига салбий таъсир кўрсатар экан.
Авваллари телевизорнинг бола миясига бевосита таъсири борасида бундай тадқиқот олиб борилмаган. Албатта, мазкур тажриба натижалари кўп вақтини телевизор қаршисида ўтказадиган болаларнинг ота-онасини жиддий ташвишга солмоқда.
Сиз ҳам болангиз соғлом бўлиб улғайишига жиддий эътибор беринг.