Ҳомиладорлик

Ҳомиладорлик тақвими: 15-ҳафта

15-ҳафтада ҳеч қаерингиз оғримайди, ҳеч нарса безовта қилмайди, иштаҳа аъло даражада бўлади, аммо баъзи ҳомиладорлар тери қуруқ, тирноқлар синувчан бўлиб, соч ҳам кўп тўкилишидан шикоят қилиши мумкин.

Бола эса жуда яхши ривожланмоқда, “онадан ташқаридаги” ҳаётга шиддат билан тайёрланмоқда.

15-ҳафтада нималар содир бўлади?

Аёл организмининг кальций ва бошқа озиқ моддаларга эҳтиёжи анча кучаяди. Фақат витаминларгагина умид қилманг: овқат ҳам сизни бундай зарур элементлар билан таъминлаши керак. Агар кечалари бўлажак онанинг болдирида томир тортиши безовта қилса, бу кальций етишмаслигидан дарак беради.

Бачадон янада катталашмоқда, у қорин бўшлиғига кўчиб ўтган, шу туфайли сийдик пуфагига босим камайган. Тез-тез бовул қилишлар ортда қолди, бироқ бачадон ичакларга босим тушириши мумкин: қабзият юзага келиши истисно қилинмайди. Бунинг олдини олиш учун ўз рационингизни қайта кўриб чиқинг.

Айланаётган қон миқдорининг кўпайиши бевосита организмнинг темирга эҳтиёжи билан боғлиқ. Ушбу элемент танқислиги ҳомиладорда камқонликни юзага келтириши мумкин, бунда бош айланиши, лоҳаслик, кўз олди қоронғилашиши кузатилиши мумкин.

15-ҳафтада ҳомиланинг ривожланиши

Ҳомиланинг ташқи жинсий органлари фарқланган, демак 15-ҳафтадаги ультратовушли текширув боланинг жинсини аниқлай олади.

Оёқлар ўсишда ортда қолмайди, улар, ҳатто, қўллардан ҳам узунроқ бўлган. Боланинг кўзлари бир-бирига яқинлашмоқда, қулоқ супраси деярли тўлиқ ривожланган. Баданида туклар чиқишда давом этмоқда. Гипофиз, тер ва ёғ безлари фаол тарзда ишлашни бошлаган.

Ҳозирча ҳомиланинг ранги қизғиш, бироқ тери аввалгидек шаффоф эмас. Бола фаолроқ бўла бошлаган, тез орада она унинг илк қимирлашларини сезади.

Бу муддатда боланинг бўйи 9,3—10,3 сантиметрни, оғирлиги 50 граммни ташкил этади. Ҳажмига кўра уни апельсинга қиёслаш мумкин.

Фаоллашасиз ёки паришонхотир бўлиб қоласиз

Аёл унутувчан ва паришонхотирроқ бўлиб қолганини сезади — хавотир олманг, ушбу давр учун бундай белгилар нормал ҳисобланади. Бироқ ақлий меҳнатдан воз кечиш керак эмас, аксинча, бу муддатда ўқилган ва ўрганилган нарсаларнинг кўпчилиги узоқ вақт эсда қолади.

Ушбу босқичда ким учундир, аксинча — куч қуйилиб келади ва ўта фаоллик даври бошланади, ва бу ҳам нормал ҳолатдир. Аммо жисмоний зўриқишларни кучайтириб юборманг, уйқу ва дам олиш режимини эсда тутинг.

Албатта творог истеъмол қилинг

Бу муддатда асосий физиологик муаммо — қабзият. Уни тўғри овқатланиш орқали енгиш мумкин: мева ва сабзавотлар, қора нон, ёрмалар, қатиқ маҳсулотларини албатта истеъмол қилинг.

Кальций танқислигини енгиш учун нонуштага творог истеъмол қилинг. Қиём билан қопланган сирок ёки ширали творогли масса эмас, айнан творог бўлсин. Кунига 2 литргача сув ичинг, йилнинг совуқ даврида резавор мевали морслардан ичиб туринг, бу шамоллаш касалликлари учун профилактика ҳам бўлади.

Тиш шифокорига боринг

Бу муддатда махсус таҳлиллар тайинланмайди (агар ҳомиладорлик нормал ҳолатда кечаётган бўлса). Бу вақтдан тиш шифокорига бориш учун фойдаланиб қолинг: токсикоз энди халал бермайди, анестезия хавфли эмас, тишлар эса ҳимояга айни муҳтождир.

Тиш билан боғлиқ муаммоларнинг барчасини иккинчи уч ойлик даврида ҳал қилишга интилинг.

15-ҳафтадаги ҳиссиётлар

Кўкрак учининг атрофи, одатда, янада қораяди. Кўкрак тўлишади, аввалги ич кийимларни янгисига, каттароғига алмаштириш керак.

Агар аёлни кечалари нафас қисиши безовта қилса, хавотир олиш керак эмас, бу нормал ҳолат. Бурундан қон келиши эҳтимоли ҳам мавжуд, бунга она организмида қон миқдори кўпаяётгани сабабчидир.

15-ҳафтада қорин ўсмоқда, тор кийим кийиш керак эмас. Қорин ҳудудида ҳеч қандай ноқулайлик бўлиши керак эмас. Ўз ҳолатингизнинг роҳатини кўринг, шу жумладан, ҳомиладорлар учун кийим-кечаклар дўконига бориб, ўзингизни хурсанд қилинг.