Ҳомиладорлик

Ҳомиладорлик тақвими: 27-ҳафта

Сиз ҳомиладорликнинг учинчи уч ойлигига ўтмоқдасиз, вужудингиздаги янги ҳаётнинг еттинчи ойи бошланди. Ушбу ҳафтадан сизга катта оғирлик туша бошлайди. Нафас олиш ҳам, ўтириш ҳам, ухлаш ҳам, ҳаракатланиш ҳам қийинлашиб боради. Бироқ агар сиз ҳомиладорлар учун махсус фитнес билан шуғулланган бўлсангиз, ўз гавдангизни бошқариш анча осон бўлади.

27—28-ҳафтада бола жуда фаол бўлади: қоринга қараб она унинг ҳаракатланаётганларини, тирсак ва товонлари билан ўзига хос тарзда саломлашаётганини кўриши мумкин. Ушбу ҳафтада егуликларга нисбатан эҳтиёткор бўлинг, барча аллергенларни (аллергия келтириб чиқариши мумкин бўлган моддаларни) овқатдан истисно қилинг.

27-ҳафтада ҳомиланинг жойлашуви

Сиз тахминан 9 килограммга семиргансиз, бу меъёрдаги кўрсаткич, ҳомиладорлик охиригача яна 3—5 килограмм вазн йиғишингиз мумкин. Аниқроғи — ушбу қўшимча вазнга тўлиқ ҳуқуқингиз бор, ундан ортиғи эса — нафақат ортиқча вазн, балки она ва бола учун ортиқча муаммолар ҳамдир.

Бачадонингиз қарийб биқин баландлигигача кўтарилган, у ўпкалар ва ичакларни эзади. Буларнинг барчаси қабзиятни ҳам, кўнгил айнишини ҳам келтириб чиқаради, аммо аъло иштаҳага ҳеч қандай таъсир ўтказмайди. Афсуски, бундай вазият туғруқ вақтигача ҳам ўзгармаслиги мумкин. Бундан чиқиш йўли битта — тўғри овқатланиш ва кичик порциялар билан ейиш.

Ушбу давр муҳим ҳисобланади, бу боланинг жойлашуви билан ҳам боғлиқ. Шифокор 27-ҳафтада бола бошини пастга қилиб жойлашганини айтса, асабийлашманг: ҳомиланинг ҳолати ҳали кўп марта ўзгариши мумкин. Агар бола қоринда нотўғри жойлашган бўлса, сизда унга “таъсир ўтказиш” учун ҳали вақт бор. Эҳтимол, шифокор масалаҳатига кўра, махсус гимнастика билан шуғулланишига тўғри келиши мумкин.

27-ҳафтада ҳомиланинг ривожланиши

Бола қарийб бир килограмм тош босади, унинг бўйи эса 25—30 см ёки ундан ҳам баландроқ бўлиши мумкин. Ҳажмига кўра, уни гулкарамга қиёслаш мумкин. Бола бир суткада 20 соат ухлайди, у ҳар соатда уйғонади.

Ушбу муддатда туғилган бола яшаб кета олади деб ҳисобланади. Бироқ табиий муҳитда бунинг имкони бўлмайди, болага унинг қорин ичидаги “уйчаси”га ўхшаш шароитлар керак бўлади. Одамчанинг органлари ва тизимлари эса ишлаб кета олади.

27-ҳафтада ҳомила қандайдир даражада баъзи вирусли касалликларга қарши кураша олади, боланинг иммун тизими ўз ишининг фаол босқичига ўтади. Энди бола инфекциялардан ўзи ҳимоялана олади, дейиш мумкин. Бола иммунитети баъзи зарарли моддалар — аллергенларга реакция кўрсатишга қодир. Шу туфайли она ҳозир аллергик хусусиятга эга маҳсулотларни истеъмол қилмаслиги керак.

27-ҳафтадаги қимирлашлар

Бола яна бироз катталашди ва қўл-оёқлари, боши билан янги ҳаракатларни бажара бошлади. Кўп оналар ҳатто ультратовушли текширув ёрдамисиз ҳам, қорин қимирлашига қараб, боланинг туртишлари ва тепишларини кўриши мумкин. Бола ҳозирданоқ ёруғликка ва онаси эрталаб қабул қиладиган контраст душга реакция кўрсатади, тепишни ва бир ёндан иккинчи ёнга ағанашни ўрганади.

Балки, туғруқ таътилига чиқиш вақти келгандир?

Тез орада узоқ кутилган туғруқ таътили ҳам бошланади, демакки, ўзингиз учун кўпроқ вақт ажрата оласиз. Агар таътилга эртароқ чиқиш имкони бўлса, шундай қилинг. Анча енгил тортасиз, кундалик муаммолар камаяди. Бу айниқса, ишга жамоатчилик транспортида борадиган оналарга тааллуқли.

Фойдали маҳсулотлар кўнгил айниши ва жиғилдон қайнашини келтириб чиқармайди

Фақатгина фойдали маҳсулотларни ва фақатгина бўлиб-бўлиб истеъмол қилинг. Иродангизни жамланг ва ушбу маслаҳатга амал қилинг. Шунда кўнгил айниши ҳам ва жиғилдон қайнаши ҳам қўрқинчли бўлмайди. Шўр таомлардан узоқ юриш ҳам ёдингиздан чиқмасин.

Ўзингиз билан сумкангизда олма, печенье ва ичимлик суви олиб юринг. Бу сизни яқин орадаги фастфудга кириб чиқиш “васвасаси”дан қутқаради.