Ҳомиладорлик

Ҳомиладорлик тақвими: 28-ҳафта

Айни пайтда сиз ҳомиладорликнинг еттинчи ойи ўртасидасиз. 28-ҳафта — аллақачон учинчи уч ойлик бошланди, демакдир. Кўпчилик оналар ушбу муддатда ишлашда давом этади, аммо лоҳасликлар тезроқ таътилга чиқишга ундайди.

Сиз ҳамон одатий ҳаёт тарзини олиб бормоқдасиз, бироқ бу сиз ёрдамга муҳтож эмассиз, дегани эмас. 28-ҳафтада потенциал хавфли ҳаракатларни амалга оширманг: оғир юк кўтарманг, дарпарда ва чойшабларни османг, чарчатадиган ишлар билан шуғулланманг.

28-ҳафтада қимирлашлар

Ушбу муддатда бола анча фаоллик билан қимирлайди. Оналар боланинг ҳаракатларини аниқ ҳис қилади ва, ҳатто, қорин териси остидаги қимирлашларга қараб, уларни кўра олади ҳам. Баъзан қорин бироз ўнгроққа силжиб қолади, баъзан эса чапроққа. Бундай вазият ҳомиладорликнинг 32-ҳафтасигача ҳам кузатилиши мумкин. Шундан сўнг болага бачадон торлик қилиб қолади ва сиз унинг фаоллигини бунчалик аниқ ҳис қила олмайсиз.

28—29-ҳафтага келиб, сиз тахминан 9 кг вазн йиғдингиз. Бу оғирлик фаол бўлишингизга ҳали халал бермайди, аммо ўзингизни бироз бесўнақай ҳис қилишингиз мумкин.

28-ҳафтада ҳомиланинг ривожланиши

Бу ҳафтага келиб, ҳомиланинг оғирлиги бир килограммдан ошади, узунлиги эса 34 сантиметрга етади. Ҳажмига кўра, бола карамни эслатади.

У аллақачон катта бўлиб қолди, жуда ўзгарди — кўзини юмиб-очишни ҳамда ширин ва нордон таъмни сезишни ўрганди. Бироқ болада ҳозирча таъм бўйича маълум хоҳиш-истаклар йўқ. Кўп ҳолларда у ўз онаси билан ҳамфикр. Шунинг учун агар она аччиқ қайла ва зираворларни яхши кўрса, бола ҳам беихтиёр бунга кўникади. Ҳозир болада тўғри таъм сезгисини шакллантиришнинг айни вақти.

Шуниси қизиқки, кундузи бола камроқ қимирлайди, кечаси эса тўс-тўполонни бошлайди. Сабаби оддий: кун бўйи онанинг ҳаракатлари болани аллалайди, тинчлантиради, шу туфайли у айнан кундузи ухлаб олишни афзал кўради.

Кўп болалар бу вақтга келиб, бошини пастга қаратиб тўғри ҳолатга ўтиб олади. Аммо агар сизда бундай ҳолат ҳали кузатилмаган бўлса, хавотирланманг, у жойини ўзгартиришга улгуради.

Ҳомиладорликнинг 28-ҳафтасида туғилган болалар яшаб кета олади. Уларнинг имкониятлари катта бўлмаса-да, бугунги тиббиёт бундай чақалоқларнинг ҳаётини сақлаб қолиши тобора ишончлироқ бўлиб бормоқда.

Тўғри овқатланишга ўргандингизми? Унга риоя қилишда давом этинг

Агар шифокор сизда шишиш пайдо бўлганини кўрса, сув ичиш режимини ўзгартиришни тавсия қилади. Ушбу даврда туз истеъмолини ҳам минимумга тушириш керак. Маринадланган озиқ-овқатлар ва аччиқ салатларни емасликка ҳаракат қилинг. Агар сиз ҳомиладорликнинг илк кунлариданоқ ўзингизни соғлом овқатланишга ўргатган бўлсангиз, ҳеч қандай чеклов ва тақиқлар сизга қўрқинчли бўлмайди.

Димлаб пиширилган сабзавотлар, янги узилган мевалар, қатиқ маҳсулотлари, мол гўшти, бошоқли ўсимликлар, морслар ва ичимлик суви — сизга ҳозир зарур бўлган таомноманинг энг оддий таркибий қисмлари.

Резуслар номувофиқлигини текшириш

Агар қон резусингиз манфий бўлса, сизга антижисмлар таҳлилини тайинлашлари мумкин. Бу она ва боланинг резуслари номувофиқ бўлиб қолмаётганини билиш учун керак.

Вазн барчасини ўзгартиради

Сизнинг вазнингиз, ва табиийки, қоматингиз ва юришингиз ҳам ўзгарди. Қоматингизга мос бўлган чиройли кийимларни кийинг ва тор либосларга бурканишга уринманг, бу сиз ва болангиз учун қўшимча ноқулайлик келтириб чиқаради.

Қорнингиз терисида ортиқча муаммолар юзага келмаслиги учун, тери чўзилишларига қарши кремлар ҳақида унутманг. Ҳозир терингиз учун парвариш жуда муҳим.