Ҳомиладорлик

Ҳомиладорлик тақвими: 29-ҳафта

Туғруқ таътилидан олдинги сўнгги ҳафта ҳам келди. Энди сиз ҳар бир янги белгини интизорлик билан кутасиз ва бола билан кўришишга тайёргарлик кўра бошлайсиз

Шифокор ҳузурига янада тез-тез бориб туришга тўғри келиб қолади. Ўзингизнинг янги ҳолатингизга мослашинг: қулай позаларни қидиринг, кун тартибингизни аҳволингиздан келиб чиқиб тузинг, яқинларингиз кўмагидан фойдаланинг.

Аёлнинг кун тартиби ва вазн бўйича назорати

29—30-ҳафта — вазнни назорат остига олишнинг айни вақти. Ортиқча вазн сизга ҳам, болага ҳам фойда келтирмайди. Болангизнинг қандай оғирликда бўлишини табиатнинг ўзи белгилайди. Унинг ҳажмини тос суягингиз имкониятларига қараб “мослаштиради”. Табиатнинг режаларига қарши борманг: меъёридан ортиқ еманг, поливитаминларни эса узлуксиз қабул қилинг.

Жиғилдон қайнаши, белдаги оғриқлар, уйқусизлик — буларнинг барчаси 29-ҳафтада кузатилиши мумкин. Бироқ ушбу дардларни авж олдирмаслик ўз қўлингизда. Кам-камдан енг, шунда зарда сизни қаттиқ безовта қилмайди. Ноқулай ҳолатларда ўтирманг, қулай оёқ кийим кийинг — бел оғриғи сизни четлаб ўтади. Иложи борича ҳар куни бир хил вақтда яхши шамоллатилган хонада ухланг.

29-ҳафтада ҳомиланинг ривожланиши

Агар бола 29 ҳафталик муддатда туғилса, унинг яшаб кетиш эҳтимоли катта. Болага у ўзини она қорнидагидек ҳис қиладиган махсус ускуна керак бўлади, бироқ болада 90 фоиз имконият бор — бу эса яшаб кетиш учун катта эҳтимол.

Бола фаоллик билан ёғ тўпламоқда, вазни ортмоқда. Ҳозирданоқ боланинг ёноқлари думбоқлашган. Ёғ айнан шу ерда энг биринчи йиғилади ва шу ердан биринчи бўлиб йўқолади. Бу унинг она кўкрагини эмиш қобилиятини қўллаб-қувватлаш учун табиат томонидан ўйлаб топилган.

Бола деярли чақалоқ кўринишини олган. Ҳомиладорликнинг сўнгги ҳафталарида унинг асосий вазифаси вазн йиғиш ва ўпкаларни мустақил ишлашга тайёрлашдан иборат.

Ушбу муддатда боланинг юрак уришини эшитиш мумкин. Бола унинг ички органларини диққат билан кузатиш ва эшитиб кўриш учун етарлича катталашган. Бу вақтда унинг оғирлиги камида 1200 граммга, узунлиги 35 сантиметрга етади.

29-ҳафтадаги қимирлашлар

Бола анча тез-тез қимирлаб туради, ҳозир қимирлашлар унинг ажралмас хислатидир. Бола ҳиқичоқ тутиши, қўрқувдан титраши, қўл ёки оёқлари билан ўйнаши мумкин. Жажжи мавжудотнинг ҳар битта ҳаракатини она яққол сезиб туради. Бу албатта, ёқимсиз ҳиссиётларни келтириб чиқармайди, аммо баъзи ноқулайликларни юзага келтириши мумкин.

Ўткир зираворлар ва аллергенларсиз

Барчаси олдингидек: ҳеч қандай қовурилган, аччиқ, дудланган, тузланган маҳсулотлар мумкин эмас. Зираворлар, хамирли ва ширали таомлардан ҳам деярли тўлиқ воз кечамиз. Мева-сабзавотлар, творог, бўтқалар, балиқнинг ёғсиз турлари ва гўшт истеъмол қилинг. Шишишлар кузатилаётган бўлса, сув ичиш режимини ўзгартирамиз.

Аллергия чақириши мумкин бўлган таомлардан узоқ юринг.

Агар ўз устингизда шуғулланаётган бўлсангиз…

Агар вазнингизни назорат қилаётган, тўғри овқатланаётган ва, бироз бўлса-да, даволовчи гимнастика билан шуғулланаётган бўлсангиз, ўзингизга қаратилган мақтовларни эшитаётган бўлсангиз, ажаб эмас.

Сартарошхонага боришдан воз кечманг. Ҳозир чиройли бўлиш — ушбу мўъжизавий ҳолатингизни ҳаётдаги энг бахтли даврлардан бири сифатида эслаб қолиш учун яна бир ажойиб имкониятдир.