Ҳомиладорлик

Ҳомиладорлик тақвими: 32-ҳафта

Онанинг юриши тобора қийинлашиб бормоқда. Бола ичкарида янада кучлироқ сезилмоқда ва фаоллашмоқда. Она гинеколог ҳузурига ҳар икки ҳафтада бир марта қатнайди. Агар у тезкорлик билан семиришда давом этаётганини пайқаса, углевод ва сут истеъмол қилишни тўхтатиши мумкин.

32-ҳафтада боланинг оғирлиги

Сўнгги икки ой ичида ҳомила тахминан 900 граммга оғирлашган ва ҳозир икки килограммгача тош босиши мумкин, бўйи эса 42 сантиметрга етади. 32-ҳафтада бўйи ва оғирлиги ўзига хослик касб этади ва ирсийликка боғлиқ ҳолда ривожланишга тайёр бўлади (ота-онанинг бўйи ва вазни каби параметрлар).

32-ҳафтада иммун тизими учун пойдевор қўйилади, болада иммуноглобулинлар пайдо бўлади ва унинг организми болани туғруқдан кейинги илк ойларда ҳимоя қилишга қодир антижисмларни ишлаб чиқаришни бошлайди.

Боланинг суяклари ўсишда ва оғирлашишда давом этади. Ёғ тўқимаси бутун гавда бўйлаб бир текис тўпланади, у айниқса, юзда сезилади. Бурмалар текисланади ва боланинг юзчаси чақалоқларга хос ёқимтой ҳолатга келади.

Реакция

Болакай атрофдаги овозларни жуда яхши эшитади. Кўп нарсалар — она томиридаги қон шовқини, унинг юрак уриши, нафас олиши, овозига у аллақачон кўникиб қолган. Отанинг овози, одатий маиший шовқинларни ажрата олади. Мана шунинг учун ҳам 32—33-ҳафтада болага алоҳида эътибор қаратиш лозим: у билан суҳбатлашиш, қўшиқлар куйлаб бериш зарур. Туғилибоқ, чақалоқ онаси ва отасининг овозини бирдан танийди.

Асаб тизими ривожланишда давом этмоқда ва энди боланинг кўзига ёруғлик тушганида, кўз қорачиғи кичраяди. Бола ушбу даврда анча фаол, баъзан шунчалик даражадаки, сиз унинг айланаётгани ва умбалоқ ошаётганини ҳис қилиб турасиз. Бироқ ўсиб бораётган бола учун жой тобора тораймоқда, ва тез орада у бошини пастга қилиб доимий ҳолатга ўтади.

32-ҳафтадаги қимирлашлар

Бола қоринда фаол тарзда тепинишда, туртинишда ҳамда қўл-оёқлари билан уришда давом этади. 32-ҳафтада қимирлашлар турлича бўлиши мумкин: баъзан у кескин жимиб қолиши ёки, аксинча, тўсатдан сапчиб тушиши мумкин.

Она ўзини қандай ҳис қилмоқда?

Ҳомила катталашиб боргани сари, она учун баъзи ноқулайликлар юзага кела бошлайди. Киндик яна чўзила бошлайди ва қориндаги қора чизиқ янада қорайиши мумкин. Бачадон киндикдан 12 сантиметр, қовға симфизидан 32 сантиметр баландликда жойлашган. Гавдани назорат қилиб, максимал даражада тик ўтиришга урининг.

Ушбу даврда организмда суюқлик тўпланиб қолиши, натижада веналар катталашиши, бармоқлар ва тўпиқлар шишиши мумкин. Бу пайтда тор кийимлар кийманг, узукларни ҳам тақманг.

32-ҳафтада бачадон қисқариши ҳолатлари кўпаяди.

Ҳомиладорликнинг 32-ҳафтасида кўп сувлилик

Ушбу ҳафтада кўп сувлилик юзага келиши мумкин. Бундай ҳолат патология деб ҳисобланади. Кўп сувлилик жуда камдан-кам — ҳолатларнинг 2 фоизида қайд этилади. Бунга кўпинча аёлдаги маълум сурункали касалликлар сабаб бўлади. Бироқ саросимага тушиш керак эмас. Агар ўз вақтида шифокорга мурожаат қилсангиз, асоратлардан сақланиш мумкин.

Режали УТТ

Ҳомиладорликнинг 32—33-ҳафтасида одатда учинчи режали ультратовушли текширув тайинланади, унинг ёрдамида шифокор боланинг ички органлари ҳолатини баҳолайди, киндик ичакчаси ўралиб қолмаганини текширади.

Ушбу даврда боланинг ҳажмларини батафсил кўздан кечириш, уларнинг ҳомиладорлик муддатига мос тушишини аниқлаш, йўлдошнинг етилганлик даражасини, ҳомила атрофидаги сув ҳолатини, бачадон бўйнини текшириш мумкин. Яъни туғруқ учун зарур бўлган тўла-тўкис маълумотни шифокор ҳозироқ билиб олиши мумкин.