Ҳомиладорлик

Ҳомиладорлик тақвими: Олтинчи ҳафта

Ҳомиладорликнинг акушерлик ҳисоб-китоблари бўйича олтинчи ҳафтаси — бўйида бўлиш вақтидан буён тўртинчи ҳафтадир. У миттигина юракчанинг уришидан бошланади, буни стетоскоп билан ҳали эшитиб бўлмайди, аммо ҳомиланинг тепиб турган томирини ультратовушли аппаратда кўриш мумкин. У дақиқасига 150 марта уради, бу катта одамнинг юрак уришидан икки марта тезроқ демакдир. Она организмида сезиларли ўзгаришлар рўй беради, бунга гормонлар сабабчидир.

Она организмидаги гормонал ўзгаришлар

Организмни турли инфекциялардан ҳимоя қилиш учун зарур бўлган прогестерон гормони жуда кўп ишлаб чиқарилади. У бачадон шиллиқ деворини мустаҳкамлаб, ҳомила қон билан яхши таъминланиши учун шароит яратади. Шу билан бирга, унинг кўп миқдорда ажратилиши овқат ҳазм қилиш тизимига салбий таъсир кўрсатади: ҳазм қилиш жараёни секинлашади, натижада кўнгил айниши ва қайт қилиш кузатилади, бу бир сўз билан токсикоз деб аталади.

Олтинчи ҳафтадаги белгилар

Бола кутаётган аёлларнинг ҳаммаси ҳам бу даврда ўзида қандайдир ўзгаришларни сезмаслиги мумкин. Бўлажак оналарнинг қарийб учдан бири умуман ҳеч қандай ўзгаришни пайқамайди. Бироқ қолганлар қуйидаги белгиларни қайд этиши мумкин:

  • сўлак ажралишининг кучайиши;
  • толиқиш;
  • тез-тез бовул қилиш;
  • кайфиятнинг тез ўзгариши;
  • эрталаблари қайт қилиш;
  • баъзан қорин оғриши;
  • мушакларнинг бўшашиши;
  • сут безларининг оғирлашиши.

Олтинчи ҳафтадаги ҳис-туйғулар

Гормонлар янги ҳиссиётларни келтириб чиқаради. Аёл ҳидларга нисбатан ўта таъсирчан бўлиб қолади, уларнинг баъзилари токсикоз ёки безовталикни келтириб чиқаради. Шунингдек, овқат масаласида олдиндан билиб бўлмайдиган хоҳиш-истаклар юзага келиши мумкин. Баъзан лоҳаслик ва бош айланиши кузатилади, тана ҳарорати ошади. Гормонлар туфайли содир бўладиган бундай ўзгаришлар 10—14-ҳафтага келиб, ўз-ўзидан ўтиб кетади.

Олтинчи ҳафтада ҳомила билан нималар содир бўлади?

Ҳомиладорликнинг олтинчи ҳафтасида эмбрион нўхат донасидек катталикда бўлади, бироқ аллақачон боланинг асаб тизими пойдевори юзага келади, бош мия шакллана бошлайди. Қўл ва оёқчалар муртаклари пайдо бўлади, ҳафта охирига келиб эса, бармоқчаларнинг ҳам “куртак”лари ҳосил бўлади.

Ҳомиланинг юзчаси баъзи белгиларга эга бўла бошлайди: кўз ўрнида чуқурчалар ҳосил бўлади, бурун ва қулоқ соҳасида бурмаларни кўриш мумкин. Асаб тизими билан бир қаторда, мускул тўқимаси ҳам ривожлана бошлайди, шу туфайли, эмбрионда таъсирчанлик пайдо бўлади — у ташқи қўзғовчиларни сезади.

Тана бўйлаб қон айлана бошлайди. Бўлажак ўпка, талоқ органлари шакллана бошлайди, илик ва тоғайлар муртакларини кўриш мумкин. Учта ҳалқадан иборат ичак тузилмаси сезила бошлайди, шунингдек, қизилўнгач ва ошқозон ўрни ҳам пайдо бўлади.

УТТ текширувидан ўтиш

Олтинчи ҳафтада ультратовушли текширув барча аёлларда ҳомиладорликни тасдиқлайди, бачадон катталашган, юрак уриши яхши эшитилади ва кўринади, ҳомила ҳажми тахминан 5 мм, уруғланган тухум эса 25 миллиметргача бўлади.

Нималардан эҳтиёт бўлиш керак?

Аёл ҳомиладорликнинг олтинчи ҳафтасига хос бўлмаган ажралмалардан огоҳ бўлиши, уни сезиши билан гинекологга мурожаат қилиши зарур. Шамоллаш касалликлари, баланд ҳарорат, йиқилиш, иссиқ ванна қабул қилиш — ҳомиладорлик учун хавфли бўлиши мумкин.

Ушбу даврда кам-камдан ейиш тавсия этилади. Овқат оқсил ва витаминлар, денгиз ва сут маҳсулотларидан таркиб топиши керак. Баъзан пайдо бўладиган хоҳиш-истакларни рад этманг, улар организмингизда қандайдир компонент етишмаслигидан келиб чиқади.