Биласизми?

Мактаб учун ота-оналардан пул йиғиш қонунийми?

Ўзбекистон давлат бюджетидан 2016 йил умумтаълим мактабларини таъмирлаш учун 1.5 трлн. сўм ажратилган. Бундан ташқари, давлат бюджети ва маҳаллий ҳокимиятдан умумий таълимни ривожлантириш учун ҳар йили қўшимча маблағлар ажратилади. Шунга қарамасдан, юртимиз умумий таълим муассасаларида ота-оналардан турли баҳоналар билан пул йиғиб олиш одатий ҳолга айланган.

Масалан, оммавий ахборот воситаларида хабар қилинишича, Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги мактаблардан бирида ота-оналардан синф фонди учун ҳар ой 5 минг сўмдан, мактаб фонди учун эса 30 минг сўмдан пул йиғилиши талаб қилинган.Янги ўқув йили бошланиши билан яна мактабларда йиға-йиғ бошланганлиги ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар учраб турибди.

Мактаб маъмурияти ўқувчилар орқали ота-оналардан, асосан, синфни ремонт қилиш, байрам тадбирларини ўтказиш, ўқитувчиларга совға сотиб олиш ва мактаб фаолиятининг бошқа жабҳалари учун пул йиғиб оладилар.

Мазкур мақолада масалани ҳуқуқий жиҳатдан таҳлил қиламиз. Хўш, мактаб маъмурияти ва ўқитувчилар ўқувчилар ва ота-оналардан пул йиғиб олиши қонунийми?

Умумий таълим олиш ҳуқуқи

Умумий таълим муассасаси харажатларини қоплаш учун ота-оналардан пул йиғиб олиш амалиётининг қонунийлигини муҳокама қилишда, энг аввало, юртимизда умумий таълим олиш ҳуқуқи конституциявий ҳуқуқ даражасига кўтарилганлиги ва бепул эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41 моддасига кўра, ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга бўлиб, давлат бепул умумий таълим олишни кафолатлайди.

Таълим тўғрисидаги Қонуннинг 4 моддасига биноан, ҳар ким билим олишда тенг ҳуқуқларга эгадир. Умумтаълим мактаби тўғрисидаги Низомнинг 2 бандига кўра, Ўзбекистон Республикасининг барча фуқароларига давлат умумтаълим андозалари доирасида бепул умумий таълим олишнинг кафолатланган ҳуқуқи ва имкониятини беради.

Умумий таълим муассасаларининг давлат томонидан молияланиши

Бепул умумий таълимни кафолатлаш давлатнинг умумий таълим билан боғлиқ бўлган асосий сарф-харажатларни ўз зиммасига олишини англатади. Шу сабабли, Таълим тўғрисидаги Қонуннинг 31 моддасида давлат таълим муассасаларини молиялаш республика ва маҳаллий бюджетлар маблағлари, шунингдек, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган. Умумтаълим мактаби тўғрисидаги Низомнинг 8 бандида эса, давлат мактаб фаолияти ва уни ривожлантиришнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий асосини кафолатлайди, унинг моддий-техник, молиявий ва бошқа эҳтиёжларининг қондирилишини таъминлайди (Таъкид муаллифники).

Унда, шунингдек, мактабда қўшимча ўқув предметлари ва режадан ташқари курслар жорий қилинганда, тажриба-эксперимент ишлари олиб борилганда, экспериментал педагогик майдончалар ташкил этилганда, янги турдаги мактаблар очилганда, шунингдек, бошқа ҳолларда ҳокимликлар мактабни зарур моддий-техника билан таъминлаш учун қўшимча молиявий маблағлар ажратишлари мумкинлиги ёзилган (Таъкид муаллифники).

Таълимни ривожлантиришга оид мақсадли экспериментлар, истиқболли педагогик дастурларни илгари сурган экспериментал ва бошқа мактабларнинг фаолияти Халқ таълими вазирлигининг марказлашган фонди ҳисобидан, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоят ХТБ, Тошкент шаҳар ХТББ фондлари ва бошқа жалб қилинган маблағлардан молиявий таъминланиши мумкин.

Ҳокимликлар мактабларга зарур иншоотлар ва бинолар, муҳандислик коммуникациялари, ер майдонлари, ўқув қуроллари, инвентарларни етказиб беради; мактаб бинолари ва иншоотларини ўз вақтида асосли ва жорий тузатиб беришни, мактабларни асбоб-ускуналар билан таъминлашни ўз зиммасига олади.

Умумтаълим муассасаларининг мулки ва маблағи

Умумтаълим мактаби тўғрисидаги Низомнинг VI бўлими мактабларнинг молия-хўжалик фаолиятига бағишланган. Мазкур бўлимда мактабнинг молиявий маблағи давлат бюджети ва мактабнинг бошқа манбалардан ташкил топувчи ўз маблағлари ҳисобига шаклланиши айтилади. Мактабнинг молиявий маблағлари унинг тўла ихтиёрида бўлиб, уни тақсимлаш ҳуқуқи Мактаб кенгашига тегишлидир. Мактабнинг ўз маблағлари қуйидаги асосий манбалар ҳисобига шаклланиши мумкин:

– мактабнинг хўжалик фаолиятидан, мактаб томонидан кўрсатилган пуллик хизматлардан, мактаб биноси ва жиҳозларини ижарага беришдан олинган даромадлар;

– давлат, ташкилотлар, ота-оналар ва бошқа фуқароларнинг ихтиёрий бадаллари (Таъкид муаллифники);

– банк кредити ва бошқа тушумлар;

– мактаб устахоналари, мактаб участкаси ва иссиқхоналари маҳсулотларини сотишдан тушган даромадлар.

Бундан ташқари, Низомга кўра, мактаб кам таъминланган оилаларнинг болаларига умумий таълим фонди, мактаб фонди маблағлари ҳисобидан дарсликлар, ўқув-ёзув қуроллари, кийим-бош, оёқ кийимлари сотиб олишда ва текин ёки имтиёзли овқатланишни ташкил этишда моддий ёрдам кўрсатади.

Юқорида келтирилган Низом бандларига кўра, ота-оналар ва бошқа фуқаролар мактабнинг ўз маблағлари фондига фақат ихтиёрий равишдагина молиявий тўлов бериши мумкин, яъни мажбурий эмас.

Ихтиёрий ва мажбурий тўлов ўртасидаги фарқ

Юқорида таъкидланганидек, мактабнинг маблағи ота-оналардан келиб тушадиган ихтиёрий бадаллар ҳисобига ҳам шаклланади. Демак, амалдаги қонунчилик мактабларнинг ота-оналардан пул йиғиш амалиётини тақиқламайди. Аммо ота-оналар томонидан тўланадиган бадаллар ва бошқа кўринишдаги хайр-эҳсон ҳаракатлари ихтиёрий бўлиши керак. Ота-онани турли йўллар билан пул тўлашга мажбур қилиш ноқонуний ҳисобланиб, ҳар бир ота-она бунга қарши қонуний чораларни кўриши керак.

Ота-онани пул тўлашга мажбурлаш турли хил кўринишда бўлиши мумкин. Масалан, пул тўланмаган тақдирда, ўқитувчи ўқувчини синф олдида камситиши, ота-онаси пул тўламагани учун танбеҳ бериши (масалан, «Бутун синф тўладию, битта сен тўламадинг», дейиш) мумкин. Ёки бўлмаса, янги ўқувчини мактабга қабул қилиш учун ота-онадан мактаб фонди учун пул ўтказишини шарт қилиб қўйиши мумкин. Умуман олганда, ота-она мактаб маъмурияти сўраган пулни ёки бошқа кўринишдаги ёрдамни бермагани учун фарзандига қарши қилинган ҳар қандай босим ноқонуний ҳисобланади. Чунки у босимга учраган ўқувчилар ота-онасини ноихтиёрий равишда пул тўлашга мажбур қилади.

Тўловларни назорат қилиш

Ота-она ихтиёрий равишда мактаб фаолиятига молиявий кўмак бериш мақсадида пул тўлаган тақдирда, барча тўпланган маблағлар расмийлаштирилиши керак. Акс ҳолда, ота-оналардан йиғилган маблағлар қандай тасарруф этилаётганини назорат қилиш қийин бўлади. Масалан, ота-оналар мажлисида синф раҳбари рақс тўгаригини очиш учун яна 800 минг сўм қўшимча маблағ зарурлигини айтса ва ота-оналар мазкур пулни йиғиб беришга розилик билдирса, пул ким томонидан ва қай кўринишда йиғилиши (масалан, банк ҳисобига пул ўтказиш ёки нақд пул тўлаш), маблағ қайси мақсадлар учун сарфланиши (масалан, рақс тўгараги олиб бориладиган хонани таъмирлаш ва жиҳозлаш), маблағ кўзланган мақсадларда сарфланишини ким назорат қилиши, маблағлар қандай сарфлангани ҳақида ота-оналарга қачон ва қай кўринишда ҳисобот берилиши каби масалалар ҳақида расмий ҳужжат тузилиши шарт (баённома кўринишида бўлиши мумкин).

Ота-она ўз ихтиёри билан пул тўлашга қарор қилганда, маблағни иложи борича мактаб банк ҳисобига ўтказиш керак. Бу ўз навбатида пул ўтказилганлигини исботлашни осонлаштиради. Шу билан бирга, мактаб раҳбарияти мазкур маблағ қандай сарфлангани ҳақида давлатга ҳисобот беради. Ота-она пулни нақд тўлаган тақдирда эса, пулни қабул қилиб олган ўқитувчидан қачон, қандай миқдорда ва нима мақсадлар учун пул олингани ҳақида тилхат тузиб, олувчи ва берувчи томонидан имзоланиши керак. Ота-оналар томонидан шундай ҳужжат тузилишининг назорат қилинмаслиги тўпланган маблағларнинг кўзланган мақсадлар учун сарфланмаслигига ёки умуман маблағ беҳуда совурилишига олиб келиши мумкин.

Қолаверса, юқоридаги тавсияларга риоя этмаслик, умумий таълим учун ҳам давлат, ҳам фуқаролар томонидан қилинаётган харажатлар ҳақида аниқ таассуротга эга бўлиш имконини чеклайди. Масалан, 2017 йил учун умумий таълим даргоҳларини таъмирлаш учун давлат томонидан 100 млрд. сўм пул ажратилган бўлса, мазкур миқдор умумий таълим муассасаларини молиялаш учун етарлими ёки йўқми, бу ҳақда хулоса чиқариш қийин. Сабаби, ота-оналар ҳам катта миқдорда тўловларни амалга оширмоқда. Давлат ҳар йили 100 млрд. сўм ажратсаю, ота-оналардан келиб тушаётган тўловларнинг умумий миқдори 50 млрд. сўмни ташкил қилаётган бўлса, демак давлат умумий таълим муассасалари учун ажратилаётган пулни 50% орттирмоғи лозим.

Кимга ва қандай шикоят қилиш мумкин?

Умумий таълим масканида рўй бераётган ҳуқуқбузарликлар ҳақида турли давлат органларига мурожаат қилиш мумкин. Аввало, ота-оналар тўлов талаб қилган ўқитувчи билан боғланиб, пул нима учун йиғилаётгани, унинг мажбурийми ёки ихитёрий экани ва тўлов тўламаслик қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида маълумот олиши керак. Агар ўқитувчи тўловни ота-оналар учун мажбурий деб айтса, юқорида тилга олинган қонун ва низом бандларини иқтибос келтирган ҳолда мактаб директорига ушбу ўқитувчининг хатти-ҳаракати устидан шикоят қилиш ва белгиланган муддатда тегишли чоралар кўрилишини талаб қилиш керак. Агар мактаб директори шикоятингизни эътиборсиз қолдирса, унда шикоят аризасини юқори турувчи органларга, хусусан, шаҳар ёки вилоят таълим бошқармасига, қолаверса, туман/шаҳар прокуратурасига юбориш лозим. Бундай ҳолатларда тегишли ҳуқуқий маслаҳат олиш учун давлат органларининг порталига, Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасининг веб-саҳифасига жойлаштирилган ишонч телефони хизматларидан ҳам фойдаланишингиз мумкин. Ишонч телефонларига боғланиб, мактаб маъмурияти томонидан амалга оширилаётган пул йиғиш ишлари қонунийлиги ҳақида маълумот олишга ҳаракат қилинг.

Бундан ташқари, сизни пул тўлашга мажбур қилиш учун фарзандингизга босим ўтказишаётган бўлса, шикоят қилишдан олдин, бундай босим ўтказиш ҳолларини исботлаш учун керакли далиллар йиғишингиз лозим. Масалан, мактаб маъмуриятидан ким, қачон ва нима учун сиздан пул тўлашни талаб қилгани ва фарзандингизга қарши қандай босим ўтказилгани каби маълумотларни тўплашингиз керак. Агар босим натижасида фарзандингиз жиддий руҳий азоб кўрган бўлса, доктор қабулига бориб, бўлиб ўтган босимларни баён қилиб, фарзандингизнинг руҳий соғлиғи ҳақида хулоса олиш керак. Агар бошқа ўқувчилар ҳам пул тўламаганлари учун мактаб томонидан камситилган бўлса, уларнинг ота-оналари билан ҳам маслаҳатлашиб, биргаликда мактаб маъмурияти устидан шикоят қилишингиз мақсадга мувофиқ.

Барча лозим бўлган ҳужжатларни тўплаганингиздан кейин, ёзма шикоят аризаси билан шаҳар/туман ёки вилоят прокуратурасига мурожаат қилишингиз мумкин. Халқ таълим бошқармалари мактабларнинг ўқув-моддий базасини мустаҳкамлаш учун жавобгар бўлганлари учун, шикоят аризасининг бир нусхасини бир вақтнинг ўзида у ерга ҳам юбориш мумкин.