Биласизми?

Нега боғчага болаларни уч ёшдан қабул қилиш тартиби жорий этилди?

Боғчаларга болаларни 3 ёшдан қабул қилишлари ҳолати ҳам экспертлар ҳам ота-оналар томонидан кўплаб негатив изоҳлар ва таъкидлар билдирилишига сабаб бўлди.

Амалдаги қонунчиликка биноан Ўзбекистонда аёл кишига икки йиллик декрет таътили берилган. Илгарироқ аёл ўз фарзандини икки ёшдан сўнг болалар боғчасига бериши ва ишга чиқиши мумкин эди. Энди эса бу борада жиддий муаммолар юзага келади.

Вазир фикрига кўра, бу ҳолатнинг ажабланарли томони йўқ, ота-оналар бу муаммони давлат ёрдамисиз ҳал этишни ўрганишлари даркор.

"Биз ҳаммамиз давлат ҳамма шароитларни яратиб беришига, барча таъминотни ўз зиммасига олишига ўрганиб қолганмиз. Биз бозор иқтисодиёти шароитида яшаяпмиз. Мени фикримча, фарзанд кўришни мақсад қилишдан олдин оила бунга тайёр бўлиши керак. Оила фарзанд таъминоти ва тарбиясига ҳам моддий ҳам маънавий томондан тайёр бўлмоғи лозим", — деб таъкидлаган Улуғбек Иноятов.

Вазир сўзларига кўра, мактабгача таълим муассасаларига уч ёшдан қабул — бу халқаро амалиёт ва Ўзбекистон умумжаҳон тенденциялар оқимига риоя этмоқда, холос.

"Барча ривожланган мамлакатларда болалар боғчасига қабул уч ёшдан бошланади. Бу шунга боғлиқ-ки, уч ёшгача болалар тез-тез касал бўлишади ва жамоат жойларга қийин кўникадилар. Бу ёшгача болалар ўз оилаларида таълим-тарбия олсалар катта ижобий натижа беради. Тўғри тушунинг, икки ёш бола учун боғчага борадиган ёш эмас, хали эрта, у аввал кўникишни ўрганиши керак", — деб таъкидлаган вазир.

Бошқа муаммолар қаторида, деб қайд этган Иноятов, мактабгача таълим муассасалари ўзига хос бўлмаган функцияларни бажара бошлаганини ажратиб кўрсатиш мумкин.

"Болалар боғчалари вазифаси — икки ёшли болаларни парваришлашдан иборат эмас. Улар, биринчи навбатда тарбия ва ўқитиш билан шуғулланишлари керак. Шу боис, биз бошқа давлатлар тажрибасини ўрганиб, болаларни уч ёшдан қабул қилишга қарор қилдик. Болалар боғчасига келаётган бола оддий ўз ўзига хизмат кўрсатишни билмоғи лозим. Икки ёшда эса бола бундай қила олмайди. Унга қўлини ювишда, ҳожатга боришда ва овқатланишида ёрдам бериш талаб этилади", — деб таъкидлаган Иноятов.