Биласизми?

Ота-оналар учун 60 тавсия

Баъзи кексалардан "Боламни яхши кийинтирдим, егани олдида бўлди, ҳеч кимдан кам бўлмади. Шунга қарамай болам нега бунақа бўлиб қолди? Қаерда хато қилдим?" қабилидаги гапларни эшитиб қоламиз. Сабаб борасида фикр ва муносабатлар турлича. Нима эксанг шуни ўрасан деганларидек, фарзандга етарлича меҳр бермасдан ундан оқибат талаб қилиш ўринсиздир. Фарзандингизга охирги марта қачон яхши кўришингизни сўзларда ёки уни бағрингизга босиб ифода этдингиз?

Дилингиздагиларни очиқчасига баён этинг:

1. Сени жудаям яхши кўраман. 2. Нима бўлишидан қатъий назар, ҳеч нимага қарамай сени яхши кўраман. 3. Ҳатто мендан хафа бўлган пайтларинг ҳам сени яхши кўрганман. 4. Баъзида мендан ранжима, жаҳлимни чиқарганингда сени уришиб қўйсам ҳам, барибир яхши кўраман. 5. Биздан узоқда бўлганингда ҳам сени яхши кўраман. Менинг меҳр-муҳаббатим ҳамиша сен билан бўлади. 6. Ер юзидаги болалар орасидан бирортасини танлаш ҳуқуқи берилганда, мен барибир сени танлаган бўлардим. 7. Ойгача бўлган масофачалик, бутун юлдузлар атрофини айланиб яна ортга қайтишчалик чексизликда яхши кўраман. 8. Сенга раҳмат, ўғлим (ёки қизим)! 9. Бугун сен билан ўйнаганим менга жуда ёқди. 10. Кун давомида энг эсда қоларли воқеа сен билан биргаликда бажарган ишимиз бўлди.

Бу ҳақда айтиб беришдан эринманг!

11. Фарзандингиз туғилиши арафасидаги воқеаларни ҳикоя қилиб беринг. 12. Болаларингизни жажжигина пайтларида нима деб ёки қандай қилиб эркалатганларингизни эсга олиб туринг. 13. Исм танлаш тарихини сўзлаб беринг. 14. Уларнинг ёшида ўзингиз қандай бўлганингизни эсланг. 15. Уларнинг буви ва боболари бир-бирларини қандай учратганларини. 16. Қайси рангларни яхши кўришингизни. 17. Баъзида сизга ҳам қайси масала қийинчилик туғдиришини бўлишинг. 18. Унинг қўлидан ушлаб турган пайтингизда уч марта сиқиб қўйишингиз махфий код бўлиб, маъносини "сени яхши кўраман" деб атанг. 19. Режаларингиз ҳақида гапириб беринг. 20. Ҳозир нима билан шуғулланаётганингизни (масалан, газетада ажойиб маслаҳатлар ўқиётганингизни) айтиб беринг.

Уларни ҳар доим тинглашга тайёр туринг:

21. Йўлда кетаётганингизда ҳам унинг сўзларини тингланг. 22. Ўз ўйинчоқлари ҳақида айтиб бераётган гапларини тингланг ва бунинг унга қанчалик аҳамиятли эканини тушунишга ҳаракат қилинг. 23. Чиндан ҳам ёрдамингиз зарур бўлган масалаларни диққат билан эшитинг. "Болада", деб болаларча ҳисларига бефарқ қараманг. 24. Сабрингиз чидай олган фурсатдан бир сониягина ортиқроқ вақт гапларини бўлмасдан тингланг. 25. Фарзандингизнинг сўзлари ортида яширинган ҳисларни эшитишга ҳаракат қилинг.

Тез-тез сўраб туринг:

26. Бўлиб ўтган воқеага нисбатан муносабат, фикр шаклланишида кўмаклашинг: "Нега бундай бўлди, деб ўйлайсан?" 27. Агар болалар тўполон қилишмаса, нима бўларди? 28. Буни қандай аниқласак бўлади? 29. Айни дамда нима ҳақда ўйлаяпсан? 30. Бугун ҳаётингда эсда қоларли қандай воқеа юз берди? 31. Мана бу таомни татиб кўр-чи, таъми нимага ўхшаркан?

Амалиёт ҳар доим муҳим.

32. Бирор ҳаракатни тақиқлаш ўрнига бу иш қандай бажарилишини ўзингиз кўрсатиб беринг. 33. Ўт поясида қандай қилиб ҳуштак чалинишини. 34. Мева ва сабзавотлар қандай тўғралишини. 35. Чойшаб ва ёстиқ жилдларини чиройли тахлашни. 36. Жавоби сизга ҳам номаълум саволлар юзасидан ахборот қандай қидирилишини. 37. Оила аъзоларининг бир-бирига бўлган меҳри ва узилмас ришталарини. 38. Тартибли бўлиш ва озодалик (шахсий гигиена) қанчалик муҳимлигини амалий мисоллар билан тушунтиринг.

Вақт ажратинг:

39. Таом пишираётганингизда фарзандингиз сизга кўмаклашишига рухсат беринг. 40. Қушларни томоша қилиш. 41. Қурилиш майдончаларини узоқдан кузатиш. 42. Театр ёки сайрга фақат ўртоқлари билан эмас, ўзингиз ҳам биргаликда бориш. 43. Қум ўйнаб, лойдан бир нималарни биргаликда ясаш. 44. Вазифаларни болангизнинг кайфиятига кириб, болаларча бажариб кўриш. 45. Ширинтойингиз ўйин билан машғул бўлган пайтида ёнида шунчаки кузатиб ўтиришдек бебаҳо лаҳзалардан вақтингизни аяманг.

Фарзандингизни хурсанд қилиб туринг.

46. Баъзида унинг хонасини йиғиштириб, безатинг, бирор сюрприз тайёрлаб қўйинг. 47. Нонуштага пиширилган қуймоқ орасига бир бўлак шоколад ўраб қўйинг. 48. Болаларнинг баъзи ишларига ёрдамлашаётганингизда қандайдир овоз эффектларини яратинг, эртак ва мультфильм қаҳрамонлари образига киринг. 49. Таомни ликопга смайлик ёки бирор ҳайвонча шаклида жойлаштиринг. 50. Улар билан гилам ёки пол устида биргаликда ўйнанг.

Ўзингизни озод этинг:

51. Айбдорлик ҳиссидан. 52. Бу аслида бошқача бўлиши керак эди, деган хаёллардан. 53. Ҳар доим ўзингизни ҳақ деб ҳисоблайвериш одатидан воз кечинг.

Меҳрингиздан улашиб туринг.

54. Фарзандингизга нигоҳларингиз орқали меҳр ва қувноқликни ҳадя этиб туринг. 55. Хонага болангиз кириб келганида уни табассум билан кутиб олинг. 56. Фарзандингиз сизга яқинлашганида, қучмоқчи бўлганида худди шу тарзда жавоб қилиб, бағрингизга босинг, нари тур деб ишларингиз кўплигини рўкач қилманг. 57. Болангиз чиндан ҳам сўзларингизни эътиборга олишини истасангиз, койиб, хатоларини тўғирлайверишдан аввал муносабат заминини яратиб олинг. 58. Муаммосини ечиб беришдан аввал ўз норозилигини (жаҳл ва нафратини) енгиб олиши учун имконият беринг. 59. Узун кун ниҳоясида ванна ҳозирлаб қўйинг. 60. Фарзандингизга меҳрингизни изҳор этишнинг ўзига хос усулларини ўзингиз яратинг.

Манба: Beka.Uz