Саломатлик

Педиатрлардан оналарга 5 та муҳим маслаҳат

Шубҳасиз, яқинда она бўлган аёлнинг ташвишлари жуда кўп: янги турмуш тарзи, янги вазифалар, «янги» болакай. Бу янгиликлардан бош айланиши турган гап. Яхши ҳамки, педиатрлар, оналар учун учун мўлжалланган қўлланма китоблар, сўрасангиз-сўрамасангиз, маслаҳатга шай турган яқинларингиз бор. Улардан хоҳлаган пайтингизда маслаҳатлар ва саволларингизга жавоблар олишингиз мумкин. Лекин, савол туғилганда, қайси пайтда кимга мурожаат қилган маъқул? «Болалар шифокорига мурожаат қилишга ҳеч қачон тортинманг, лекин бундан олдин китоб варақлаб кўрсангиз ҳам зарар қилмайди,» — дея маслаҳат беради сан-диеголик педиатр Решам Батра. Унинг фикрича, педиатр саволингизга жавоб бериш билан бирга, сиз учун фойдали бўлган бир қанча маслаҳатларни ҳам беради. Қуйида ана шундай маслаҳатлар билан танишиб чиқамиз.

  1. Эмизиш муддати ҳақида

«Америка Педиатрия Академияси болани эмизиш муддатини аниқ белгиламайди. Бир ёшдан кейин бола озуқа моддаларини қўшимча овқатлардан олади. Қачонки, эмизиш боланинг мулоқотга киришишига ва ҳаракатчанлигига халақит бера бошласа, уни тўхтатиш мумкин», — дейди доктор Решам Батра.

  1. Тагликлар ҳақида

Доктор Батранинг фикрича, қиммат тагликлар арзонларидан афзал, деб бўлмайди. Ҳамма тагликлар бир хил, фақат, бола терисини қитиқлаб, яллиғланиш чақирмаса бўлди.

  1. Интернетдан маълумот олишни яхши кўрадиган оналарга

Доктор Батра огоҳлантиради: интернетдан саволингизга жавоб қидираётганда эҳтиёт бўлинг! Бунда маълумотни бераётган манбанинг ишончли бўлиши жуда муҳим. Нотўғри маълумотни тўғрисидан ажратиш мутахассис бўлмаган одам учун қийин.

  1. Резина сўрғичлар ҳақида

Доктор Решам Батра резина сўрғичлардан қўрқмасликни тавсия этади. Унинг фикрича, резина сўрғичлар ҳар доим кўкрак эмишни хоҳлаган болани тинчлантиришга ёрдам беради, бунинг устига, сўрғич чақалоқларнинг бехосдан ўлиши синдроми хавфини камайтиради, деган маълумотлар бор. Фақат уни боланинг қорни очганда бермаган маъқул, акс ҳолда, бола кам ҳажмли овқат қабул қилишга ўрганиб қолади, дейди Батра.

  1. Боланинг овқатланиш идишлари ва буюмлари ҳақида

Доктор Батра яна бир нарсага эътибор қаратишни сўрайди. Бола учун ишлатиладиган ошхона буюмлари алоҳида бўлишини таъминланг. Ўзингизнинг қошиғингизда болага овқат берманг. Чунки бу буюмлар орқали ўзингизда мавжуд бўлган микробларни болага юқтирасиз. Бу масалада ортиқча эҳтиёткор бўлган зарар қилмайди.

Манба: Daryo.uz