Мактаб остонасига оёқ қўйиш ҳар бир инсон учун ниҳоятда катта ҳаётий бурилишдир. Мана шу даврдан бошлаб болаликнинг энг беғубор онларига бир қадар чекланишлар кириб келади. Энди бола оилада нафақат оилавий баъзи бурчларни, ваҳоланки, уз шахси учун зарур бўлган хусусий вазифаларни бажариши шарт даврга ўтади. Бу билан унинг оиладаги роли бир қарашда камайгандай эмас, аксинча кўпайган бўлади. Яъни у ўз обрўсини энди нафақат оила аъзолари ўртасида, аксинча, жамият ўртасида оила обрўсини ўз шахсий ҳаракати билан ҳимоя қилиш даври бошланади.
Руҳий муҳити соғлом оила аъзоси бўлган боланинг биринчи бор мактабга бориши қанчалик ҳаяжонли бўлмасин бола учун жиддий қийнчиликлар туғдирмайди. Чунки мактабда ўқитувчи ҳамма болаларга бир кўз билан қарайди. Оилада ҳам болага мактабга борганлиги муносабати билан алоҳида эркатойга қараш қилмасдан, мактаб унинг ўзи учун керак бўлган бурч, сифатида қараган маъқул. Чунки, мана шундай қаралгандагина бола уй вазифаларига, мактабда берилган топшириқларга шахсий бурч сифатида қарашга ўрганиб боради.
Ўз бурчини сезган шахсда эса ўз шахсига ҳурмат туйғуси тобора ортиб яхши шаклланади. Ҳаммамизга маълум тушунча, яъни ўзини ҳурмат қилмайдиган шахс бошқаларни ҳурмат қилишни билмайди.
Бу ўринда тарбиянинг, мактаб ва оила тарбиясининг бола шахсиятига бир йўналишда мутаносиб олиб борилиши жиддий эътиборга молик.
Биргина мисол келтирайлик.
Собирнинг мактабдаги илк кунлари. Онаси унга танаффусларда ташқарига тоза ҳавога чиққин. “Тез чопиб, албатта, тоза ҳавога чиққин».
Собир онасига шундай деяпти: “Танаффуслар жуда кичкина. қўнғироқ чалинади, нарсаларимни йиғиштириб кўча эшигига етганимча яна киришга чалинади”.
“Нарсаларингни тезроқ йиғиштир, чопиб чиққин”.
“Эээ, билмайсизда, мактабда чопиш мумкин эмас”.
Мана бу мисолчада Собирнинг онаси биргина сўзни ноаниқроқ ишлатгани, мактаб ва оила талабининг бола қалбида номутаносиб келганига унинг бу муаммога ҳали жавоб тополмагани кўринмоқда.
Биз катталар бу номутаносибликни сезмай ҳам ўтишимиз мумкин. Аммо бола қалби ҳали ўта мусаффо бўлганлигидан унга талаб, тушунча, қоида ёки оддий бир сўз ва ҳоказо биринчи бор қандай ёзилса ёки айтилса у ўзи учун шундай тушунча ҳосил қилади. “Мактабда чопиш мумкин эмас”.
Оддий тушунчалар ҳам ҳар кимда ҳар хил тезлик ва қувватда из қолдиради. Бу ҳодиса биринчи ўринда инсоннинг шахсий хусусият, қобилият ва ёши билан боғлиқ бўлади. Мана шу ўринда биз биринчи бор шу пайтгача бола, деб айтиб келган тушунчани иккига ажратишимиз лозим бўлади, яъни қиз бола ва ўғил болага.
Тўғри, фарзанд туғилгандан бошлаб оилада унинг жинсига қараб муомала қилинади ва бу билан жинсий тарбия оилада бошлаб юборилади. Аммо бошланғич мактаб ёшига келиб айниқса, иккинчи, учинчи синфларда болаларнинг жинсий фарқи кўпайиб боради. Буни оилада алоҳида ҳисобга олинсагина оилавий руҳий муҳитга путур етмаган бўлади ва оила аъзолари оилавий ҳолатда ўзларини эркин сезади.
Халқимиз орасида қадимдан бу нарсага эътибор берилган. Шунинг учун ҳам қиз бола ёшликданоқ оилада ёрдамчи сифатида кўзга тезроқ ташланган, унинг шўхликларига, акаси ёки укасини тежаб-тергашларига «қиз бола-да», деб катталар уни олдинроқ сезишган.
Халқ, кўпчилик сезган бу оддий тушунчанинг таги узоққа кетади. Руҳшуносларнинг физиолог, медик, педагог ва бошқа мутахассис олимларнинг кузатишлардан келиб чиқиб айтишлари шуни билдирадики, қиз болалар ўғил болаларга қараганда мактабнинг бошланғич 1 – 3 синф даврида фаолроқ бўлиб, ўғил болаларни ўсиш ва улғайишда ортда қолдиради.
Қиз болаларнинг бундай табиий фаоллигини оила аъзолари албатта билишлари керак. Бу ҳол алоҳида эътиборга олинса, оилада шахсларнинг ўрни ва хусусиятлари тўлиқ ҳисобга олинган бўлиб руҳий муҳити ижобийлашиб боради. Акс ҳолда қиз боланинг шўхликларига нотўғри баҳо берилган бўлади. Қиз бола шўхликда айбланиб, ўғил бола нофаолликда салбий баҳоланиши мумкин.
Бошланғич синф, яъни олти – тўққиз ёшли болалар мактабгача ёшдаги қилиқларини энди такрорлашмайди. Ёш бола ўжарлик қилиб пиёлани отиб юбориши мумкин, бу ҳолда у пиёланинг синишини ўйлаб ҳам ўтирмайди. Аммо бундай ишни бошланғич синф боласи қилмайди. У энди бундай қилиқни ўзига эп кўрмайди, чунки атроф, бошқалар унинг бундай ҳаракатига қандай баҳо беришини у билади ва шундан уялади. Бу ўринда инсонни жамият орасида шахс сифатида шакллантирувчи энг катта туйғулардан бири, мана шу кенг маънодаги ижтимоий тушунча бўлмиш, бошқа жонзотлар орасида учрамайдиган уят эканлигини билишимиз ва унутмаслигимиз керак.
Оилада болани ҳеч вақт уялтирмаслик ва изза қилмаслик лозим. Ҳар қандай инсон бошқалар олдида уялишни, уялганликни оғир эсдан чиқаради. Кўпчилик орасида изза бўлганлигини бир умр эсдан чиқармаслиги мумкин.
Шундай экан, оилангизда руҳий муҳит соғлом бўлсин десангиз болангизнинг ҳозиргина қилган ноўрин, хато, адашилган, англашилмовчилик юзасидан, унинг тажрибасизлигидан келиб чиққан ҳатти-ҳаракатини қоралаб уни жазолаб ўтирманг, айниқса воқеани юзига солиб изза қилманг. Шу борада агар бу воқеадан унинг бирор таниши воқиф бўлиши хавфи бўлса, кечинма янада кучлироқ тус олиши мумкин.
Болани хато бўлиши мумкин бўлган ишлардан огоҳлантириб тарбиялаб борсангиз унинг оиладаги ўрнини камситмаган бўласиз.
Пиёла болангизнинг қўлидан тушиб кетиб синганда эмас, бу пиёла синиб бўлди, ундан кўп вақт илгари иш буюрганингизда «эҳтиёт бўл, синиб қолмасин», деган тарбиявий сўзлардан бошланг.
Бола ўз иродаси билан кундуз мактабда буюрилган ишларни бажаришга ўрганса, кечқурун ишдан қайтганингиздан кейин сиз уни дарс тайёрлашга ўтиришга мажбур қилишингизга ўрин қолмайди.
Ўз бурчини бажаришга мажбур қилинган оила аъзосининг оилада руҳий ўрни бошқалар билан баробар бўлиши мумкин эмас.
Ўз бурчини мажбуран қилиб ўрганган бола мустақилликка ўрганмайди. Ваҳоланки, шундай экан биз ҳаммамиз ўз боламизнинг мустақил бўлишини жуда-жуда кутамиз ва мустақилликка ўргатиб борамиз.
Мустақил, ўзини ўзи тежаб-тергашга ўрганиб борган болагина ўз ҳаётини тўлиқ таъмин қилиб боради. Агарда болага доим унинг руҳий ва амалий ишларини кўрсатиб, уларни бажаришга мажбур қилиб борсангиз бу ҳолда оилада нотенглик юзага келади ва оила аъзолари ўртасида нотенглик бўлган ҳолда руҳий муҳит соғлом бўлмайди.
Шундай экан болангизнинг бирор ҳолда ўз вазифаларини бажармаганлигини кўрсангиз албатта мажбур қилишга шошилманг. У ўз вазифасини бажармаганлигидан оила аъзолари, ўртоқлари, синфдошлари олдида бирор марта хижолат чекса, уялса, айниқса ўзига керак бўлган нарсани билмасдан, ўша нарсага зарурат сезиб уни тополмай қолса бошқа бундай қилмасликка ўрганади. Чунки уят, инсоннинг ўз олдида ўзининг уялиши яхши маънода инсонни ўзликка олиб боради.