Биласизми?

Қизалоғимизнинг қулоқларини тешишдан олдин нималарни билишимиз керак?

Эртами, кечми қизи бор оналар жажжи маликанинг қулоқларини қачон, қаерда ва қандай қилиб оғриқсиз, хавфсиз тешдириш ҳақидаги саволларга дуч келадилар. Биз шу мавзудаги энг керакли барча маълумотларни йиғиб, эътиборингизга ҳавола этамиз.

Қулоқларни қайси ёшда тешдирган маъқул?

Тиббиётда қулоқларни тешдиришнинг аниқ ёши кўрсатилмайди.

3 ёшгача қулоқларни тешишнинг ижобий томонлари:

  • бундай ёшда бола оғриқни кучли ҳис қилмайди;
  • қўрқув ва унга боғлиқ стресс эҳтимоли кам бўлади;
  • битиш жараёни тез кечади;
  • тешилган жойда чандиқлар ҳосил бўлмайди.

3 ёшгача қулоқларни тешишнинг салбий томонлари:

  • бола интенсив ўсишда давом этади ва қулоқнинг тешиги солинчиқнинг ўртасида бўлмай қолиши мумкин;
  • баъзи шифокорларнинг фикрича, қулоқ тешилгандан кейин кўриш ўткирлиги билан боғлиқ муаммолар келиб чиқиши мумкин;
  • кичкинтойга қулоқларига тегиниш мумкин эмаслигини тушунтириш қийин, натижада битиш жараёнида у жойга инфекция тушиш эҳтимоли ошади;
  • бола ўйнаётганида зиракчаси бирор нарсага илиниб қолиши мумкин ёки ечилиб кетганда бола уни ютиб юбориши мумкин.

Қулоқларни тешишни қачон орқага сурган маъқул?

  • касалликларнинг ўткир даврида;
  • аллергиянинг оғир шаклларида;
  • неврологик муаммолар бўлганида;
  • қон касалликларида;
  • аутоиммун касалликларда;
  • яқинда бирор касалликка қарши эмланган бўлса.

 Қандай хавфсизлик чораларини кўриш керак?

Маликангизнинг қулоқчаларини гўзаллик салонидан кўра, тиббий муассасада тешдирганингиз маъқул. Косметологга мурожаат қилмоқчи бўлсангиз, дастлаб унинг тиббий маълумоти ва лицензияси борлигига ишонч ҳосил қилинг. Унинг болалар билан ишлаш тажрибаси бор-йўқлиги билан қизиқинг. Иш хонаси ва асбоблар стериллиги ҳақида саволлар беринг. Яхшиси бир марта қўлланиладиган пистолет ва махсус ўралган стерил зиракчали картрижлардан фойдаланган маъқул.

Тешиш жараёни қандай кечади?

20 дақиқа атрофида давом этади. Мутахассис зарарсиз маркер билан тешик жойини белгилаб олгач, сиз танлаган гипоаллерген қоришмадан тайёрланган стерил зиракчали картрижни автоматик тарзда дезинфекцияланган пистолетга ўрнатади. Қулоқ солинчиғини антисептик билан артиб, пистолет билан тешади. Бу амалиёт деярли оғриқсиз кечади.

Кейинги босқичда қандай парвариш талаб этилади?

  1. Ҳар куни маҳаллий антисептиклар билан, масалан хлоргексидин ёки мирамистин билан ишлов бериш.
  2. Ҳар куни эътибор билан кўздан кечириш ва яллиғланиш белгилари бўлганда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш.
  3. Ҳар куни қўлларни яхшилаб ювиб, зиракчани ўз ўқи атрофида айлантириб қўйиш.
  4. Болага тўқилган кийимлар, свитер ва водолазкалар, сиқиб турувчи бош кийимларини кийгизмаслик.
  5. Болани ҳаммом, бассейн, очиқ сув ҳавзаларида чўмилтирмаслик.
  6. Қулоқ тешиги тўлиқ битиб кетмагунча зиракларни ечмаслик.
  7. Қизалоққа зиракларга тегиниш мумкин эмаслигини иложи борича тушунтириш керак.

Мана, қизалоғингизнинг қулоқларида биринчи марта зираклар пайдо бўлди. Шу муносабат билан кичкина хонимни табриклаб, жасурлиги учун мақтаб, тақдирлаб қўйиш эсингиздан чиқмасин!

Манба: Daryo.uz