Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев куни кеча Хоразм вилоятида бўлиб, у ердаги ижтимоий ва иқтисодий вазият билан яқиндан танишди ҳамда мазкур ҳудуд раҳбарлари билан учрашди. Бу ҳақда Kun.uz ёзмоқда.
"Биз жамиятимиздаги қуйи поғонадаги тартиб, интизом ва масъулиятни мутлақо ўзгартирмоқчимиз. Энг заиф томонимиз - ёшлар билан шуғулланмаяпмиз. Буни гапириш осон, энди шуғуллантирадиган тизим жорий этишимиз керак. Масъулиятли одамларни шу лавозимларга қўйишимиз керак.
Вилоятнинг энг каттасидан кичигигача рўйхатни олиб, "Нима учун сен коллежга келмадинг? Нима учун мактабга келмадинг?" дея назорат қилиши лозим. Шунинг учун мана шу жамоатчилик - 6-7 та жамоат ташкилотлари менга бир нарсани таъминлаб бера олмаяпти - мактаб, коллеж, лицей, олийгоҳга 100 фоиз давомат олиб келиш керак!
Мактаб ё коллежга келмаган ота-онани нима учун телевизорда кўрсатмайсиз? У кимнинг боласи? У ёш - давлатнинг келажаги! Нима учун биз давлат вакили бўлиб юрт келажагига бефарқ бўлишимиз керак?! "Нима учун сенинг боланг мактабга келмади?" деб бир марта газета ёки телевидениеда чиқаринглар... юрган билан юрганнинг фарқи бор.
Бир хонадонига кирдингизми, у ерга давлат назари тушганлигини билдириб чиқинглар. Менга қоғозам, ҳисоботам керак эмас, сизларни халқ қабул қилиши керак, одамлар "Шуларнинг отасига раҳмат дейиши керак".