Жаҳон тажрибасининг кўрсатишича, АКТ соҳасидаги мутахассисларни болаларнинг ёшлик даврларидан бошлаш керак. Болаларни дастурлаш оламига жалб этиш мақсадида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети 2015 йилда CodeCraft дастурлаш курсини ишга туширди, деб ёзади Daryo.uz.
Дастурлаш курси Scratch тилида ўтилиб, болаларга MIT App Inventor 2 платформасида Android мобил дастури, ҳамда веб-дастурлаш ўргатилади. Мазкур курслар 9 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар учун мўлжалланган.
Ёш чегарасига қарамай, яқинда бўлиб ўтган CodeCraft курсларига 7 ёшли Сардор Содиқов истисно тариқасида қабул қилинди, ҳамда Scratch тилида дастурлаган ўз лойиҳасининг тақдимотини ўтказди. Тошкент шаҳридаги 60-ўрта мактабнинг 1-синф ўқувчиси мазкур CodeCraft курслари тўғрисида Тошкентда бўлиб ўтган ICTExpo 2016 кўргазмасида билиб олган эди.
«Мазкур курсларда ёш чегараси белгиланган, аммо биз Сардорни қабул қилишга қарор қилдик. Лекин биз уни ва унинг ота-онасини қийинчиликлар тўғрисида, агарда Сардор эплаб кетмаса, икки йилдан кейин келиб, ўқиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирдик. Аммо Сардор ёш бўлишига қарамай, курсларни муваффақиятли якунлади ва ўз лойиҳасини тақдим этди. Лойиҳани тайёрлаш жараёнида у математика ва физика қонунларидан фойдаланди. Ўз лойиҳасининг тақдимоти давомидаги ўзига ишонч ҳисси билан бизни қойил қолдирди. У жудаям қизиқувчан, кўп савол беради ва имкон қадар кўпроқ жавоб олишга ҳаракат қилади» — дейди CodeCraft курсларининг йўриқчиси Дархон Маматалиев.
Ҳозирда Сардор Содиқов Scratch Advanced курсларида ўқишини давом эттирмоқда.
«Келажакда мен транспорт соҳасида кашфиётлар яратмоқчиман. Замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда автомобиль ва транспорт воситаларини яратмоқчиман», — дейди Сардор Содиқов.