Умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг ота-оналари синф фондига пул бериши мажбурий эмас. Бу ҳақда ХТВ таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи Дилшод Кенжаев бугун, 23 август куни бўлиб ўтган Халқаро пресс-клуб сессиясида маълум қилди.
Халқ таълими вазирлиги Умумтаълим муассасалар фаолиятини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи Дилшод Кенжаев сўзларига кўра, ота-оналарнинг мактаб ва синф жамғармаларига пул топширишлари мажбур эмас.
"Бунга нафақат ўқитувчи ёки мактаб директори айбдор. Вазирлик ходими сифатида эмас, оддий ота сифатида айтаманки, бугунги кунда мактабларда ота-оналар кенгашлари фаолият кўрсатмоқда. Кенгашлар керак бўлган ва керак бўлмаган нарсаларни харид қилишади. Одамлар буни мактаб директори ёки ўқитувчи қилмоқда деб ўйлайдилар. Аммо пуллар асосан ота-оналар кенгашлари томонидан йиғилади", — деди Кенжаев.
Унинг сўзларига кўра, Халқ таълими вазирлигида синфларда нималар бўлиши кераклиги ҳақида аниқ давлат стандартлари мавжуд. Агарда ота-оналар ортиқча нарсаларни истаб қолишса, улар бунга пул йиғишади.
Вазирлик бундай ёндашувга мутлақо қарши, лекин буларга чеклов қўйишга ҳар доим ҳам кучи етмаяпти. Кенжаев бу масалада вазирликка жамият ва ота-оналар ёрдам бериши керак деган фикрни билдирди.
"Бугун болага нима керак? Ўқувчиларга ёруғ ва шинам бўлган синф, доска зарур. Бошқа ҳеч қандай ортиқчаликларсиз. Биз болаларга уйдагидек бўлган шароитларни яратишимиз керак эмас. Биз мактабларда ижтимоий тенгликни таъминлашимиз шартдир. Буни ота-оналар тушунишини истаймиз", — деди Кенжаев.