Оилангизда севимли, эркатой ва ақлли қизалоқ ўсиб-улғаймоқда. Ота-она сифатида унинг муваффақиятларидан қувонасиз, эришган ютуқларидан фахрланасиз, майда-чуйда ишкалларни эплашда ёрдам берасиз. Аммо қизалоқ улғайиб, вояга етмоқда.
Қизнинг организмида қандай ўзгаришлар рўй бермоқда?
13—15 ёшда қалқонсимон без ва гипофиз шиддат билан гормонлар ишлаб чиқаришни бошлайди. Бу гавда нопропорционал ва кескин тарзда ўсишига олиб келади. Қиз ташқи қиёфасидаги ўзгаришларга кўникишга уриниб, кўп вақтини кўзгу қаршисида ўтказади. Кўзгудаги акси уни доим ҳам хурсанд қилмайди, шу туфайли ота-она ўсмир қизнинг ташқи кўринишига нисбатан танбеҳларни эҳтиёткорлик билан айтиши керак. Сержаҳллик ва кайфиятнинг тез-тез ўзгариб туриши қонга жинсий органларнинг ажралиб чиқиши билан боғлиқ, шунингдек, бунинг натижасида қизда иккиламчи жинсий белгилар пайдо бўлади.
Ўсмир қизга бу даврни енгиб ўтишда қандай ёрдам бериш мумкин?
Қиз ўзини дадил ҳис қилиши ва янгича қиёфасини яхши қабул қилиши учун унга асосий гигиена қоидаларини сингдириш керак. Қизингизнинг тишлари, териси, сочини эътиборсиз қолдирманг. Уларнинг ёмон ҳолатда бўлиши натижасида у одамлар билан мулоқотдан қочишни ва тортинишни бошлайди.
Ўз-ўзини ҳар куни парваришлаш
Қизларнинг шахсий гигиенаси нафақат ҳар куни тиш ювиш ва ювинишдан иборат. Қизингизга яхши ташқи кўриниш, ўз-ўзига ишонч ва саломатлик ҳадя қилиш учун уни қатор қоида ва тавсияларга риоя қилдириш керак.
Тоза ва нафис тери ҳар қандай ўсмир қизнинг асосий безагидир. Қуйидаги тўртта қоидага амал қилиш орқали уни узоқ вақт сақлаб қолиш мумкин:
- юзга ифлос қўл билан тегмаслик;
- спиртдан тайёрланган скраб ва лосьонлардан фойдаланмаслик;
- ошқозон-ичак йўли органлари ишини кузатиш;
- уйқу олдидан юздаги пардозни ювиб ташлаш.
Кўплаб ўсмирларнинг муаммоси — ҳуснбузар тошмаси. Аммо ҳуснбузарларга эътиборни кучайтириш керак эмас, чунки улар — гормонлар фаолияти натижасидир.
Ўсмир қизларнинг шахсий гигиенаси сочни парвариш қилиш бўйича тадбирларни ўз ичига олиши керак. Узун сочларни ҳафтасига уч марта, калталарини эса кунора ювиш керак.
Асосий гигиена қоидаларига қўллар парвариши ҳам киради. Қизингизга қўллар доим тоза бўлиши, тирноқлар эса мукаммал ҳолатда бўлиши кераклигини тушунтиринг. Қизалоққа энг оддий маникюр қилишни ўргатинг. Унинг ёшида энг яхши вариант рангсиз шаффоф лак эканлигини ҳам бир йўла айтиб ўтинг.
Қизларнинг жинсий шахсий гигиенаси чот ораси ва жинсий органларни ҳар куни илиқ сувда совунлаб ювишни ўз ичига олиши керак. Ич кийимни ҳар куни алмаштириш лозим.
13—15 ёшда қиз боланинг организмида кескин ўзгариш содир бўлади — ҳайз бошланади. Қизингизни бунга аввалдан тайёрлаб боринг, ҳар ойда ажралмалар келиши механизмини тушунтириб беринг. Прокладкалар учун пулни аяманг. Яхшиси терига зарар етказмайдиган сифатли воситаларни сотиб олинг.
Ўсмирлик даври — ота-оналар учун ҳам, фарзандлар учун ҳам оғир давр. Қиз боланинг нафақат феъл-атвори, балки унинг организми ҳам тубдан ўзгаради, у етилади ва шаклланади. Ўсмирларнинг шахсий гигиенаси ушбу жараёнда муҳим рол ўйнайди, шу туфайли қизингизни бундай ҳикматларга ўз вақтида ўргатинг.