Бир ёшли боланинг сочини кал қилиб олиш келажакда унинг сочларининг тезроқ ўсиши, қалинроқ ва соғломроқ бўлишига олиб келади деган фикрлар мавжуд. Кўпчилик ушбу усул орқали кичкина одамчанинг жингалак ёки текис сочга эга бўлиши ёки сочларининг рангини ўзгартиришга эришиш мумкин деб ҳисоблайди. Болада бу жараённи амалга ошириш қанчалик самара бериши ҳақида экспертларнинг фикри билан танишамиз.
Ирина Перрен, болалар шифокори, Европа тиббиёт маркази Болалар клиникаси педиатрия бўлим бошлиғи
- Сочларнинг текис ёки жингалак бўлиши генетик омил ҳисобланади. Унинг қалинлиги эса соч илдизларининг сонига боғлиқ. Боланинг сочлари кал қилиб олинса, ундаги соч илдизлари кўпайиб қолмайди ва сочлари қалинлашмайди. Чақалоқнинг майин сочлари ўрнига катталарга хос қалинроқ сочларнинг чиқиши ҳисобига улар қалинлашгандек ёлғон тасаввур юзага келиши мумкин. Сочларнинг алмашиб туриши табиий жараён, шу сабабдан уларни қириб олиш унинг ўсиш тезлигига ҳам, сифатига ҳам ҳеч қандай таъсир қилмайди.
Катерина Забродина, "Стриж" оилавий гўзаллик салони сартароши
- Бир яшар боланинг сочини албатта кал қилиб олиш шарт эмас, уларни қисқартиришнинг ўзи етарли. Болакайнинг биринчи майин сочлари тез-тез чалкашиб, ноқулайликни юзага келтирганлиги учун уларни калталатиш яхши натижа беради. Баъзан бола бошининг олд қисми ва энса қисмидаги сочлари чаккаларидагига қараганда тезроқ ўсиши мумкин. Боланинг сочларини бир ёшлигида калталатиш орқали уларнинг бир текис ўсишига эришиш мумкин.
Шунингдек, бу жараённинг яна бир ижобий томони кичик ёшлигидан боланинг сочларини калталатиш унинг бу жараёнга тез кўникишига сабаб бўлади. Асосийси уни бунга мажбурламаслик керак. Акс ҳолда бола бу жараённи қўрқинчли ва ёқимсиз ҳодиса сифатида қабул қилиши ва кейинчалик сартарошга бориш жараёнида қийинчиликлар юзага келиши мумкин.
Дмитрий Эллинский, трихолог шифокор
Соғлиқ нуқтаи-назаридан болалар сочини қириб олиш учун зарурат йўқ. Бу жараён сочнинг ўсиши ва қалинлигига ҳеч қандай таъсир қилмайди. Чунки соч фолликулалари ва соч тури она қорнидаёқ шаклланади. Шунинг учун сочни қириб олиш унинг сон жиҳатдан кўпайишига олиб келмайди, аксинча устаранинг ўткир тиғи боланинг таъсирчан бош терисига шикаст етказиши мумкин.
Мақолани тайёрлашда "The Village" сайти маълумотларидан фойдаланилди.