Биласизми?

650 мингдан зиёд бола биринчи синфга қадам қўйди

650 мингдан зиёд болалар Ўзбекистон умумтаълим мактабларининг биринчи синфларида таълим олишни бошлади. 2 сентябрь куни мамлакатдаги барча мактабларда Билимлар куни тадбирлари бўлиб ўтди.

Gazeta.uz'нинг хабар қилишича, ҳар бир биринчи синф ўқувчисига 12 номдаги ўқув қуролларидан иборат «Президент совғаси» тантанали равишда топширилди.

Янги ўқув йилининг илк соатлари «Мустақиллик дарслари» ҳамда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовга бағишланган «Хотира дарслари» билан бошланди.

Жорий йилда Ўзбекистон мактабларида 10-синфлар қайта тикланди. Улар учун 12 та фан ўқитилиши назарда тутилган ўқув режа ва дастурлари ишлаб чиқилиб, улар асосида 18 номдаги дарсликлар яратилди.

Янгидан ишлаб чиқилган давлат таълим стандартлари асосида умумтаълим мактабларининг 1-, 4-, 6-, 7-, 10-синфлари ўқувчилари учун 43,9 млн. нусха дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар чоп этилиб, таълим муассасаларига етказилди.

Ахборот-ресурс марказлари ва умумтаълим мактаблари кутубхоналарини бойитиш мақсадида 28 номдаги жами 1,2 млн нусха лотин графикаси асосида яратилган ўзбек ва чет эл ёзувчиларининг бадиий адабиётлари ахборот-ресурс марказлари ва умумтаълим мактаблари кутубхоналарига етказиб берилди.

2017 йилда республика бўйича 482 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шундан 12 таси янгидан қуриб фойдаланишга топширилган бўлса, 319 таси реконструкция қилинди, 151 таси капитал таъмирланди.