Болалар таоми

Аълочи ўқувчининг таомномаси

Тўғри таом - бу тетиклик, яхши кайфият, бир неча соатга етадиган қувват ва мактабдаги яхши кўрсаткичдир. Бироқ шундай таомлар ҳам борки, улар болани эринчоқ, кам ҳаракат ва эътиборсиз қилиб қўяди. Қуйида биз боланинг хотирасини яхшилаш, мактабдаги муваффақиятларини ошириш учун унинг таомномасига қандай маҳсулотларни киритиш лозимлигини келтириб ўтамиз.

Бола очликни ҳис этиши билан унинг диққат-эътибори ғойиб бўлиши илмий жиҳатдан исботланган. Шунинг учун педиатрлар ота-оналар болаларининг зарур миқдорда оқсил, ёғ ва углеводларни истеъмол қилишини кузатиб бориши лозимлигини таъкидлайди. Бу мия фаолиятини жадаллаштиради, эътиборни ошириб, тўқлик ҳиссининг узоқроқ сақланишига ёрдам беради. Шундай маҳсулотлар борки, улар кичкина ўқувчининг рационида мунтазам бўлиши лозим.

Биринчи навбатда таркибида Омега-3 ёғ кислоталари мавжуд маҳсулотлар ҳақида сўз юритиш лозим. Чунки улар хотира, эътиборни ривожлантириб, стрессга қарши туришга ёрдам беради. Бундай маҳсулотларни истеъмол қилиш боланинг диққатини жамлаш ва интеллектуал жараёнларнинг тезлигига таъсир қилади.

Қайси маҳсулотлар таркибида Омега-3 ёғ кислоталари мавжуд?

Ёғли балиқ (лосос, тунец, сельдь, сардина), ёнғоқлар, тухум ва буғдой куртаклари.

Мактаб ўқувчиси таомномасини қандай тузиб чиқиш лозим?

Нонушта

Глюкоза - мия учун ёқилғидир. Диетологларнинг фикрича, дуккакли ўсимликлар глюкозанинг энг бой манбасидир. Ёш ўқувчи учун буғдой нони, тухум ва енгил қовурилган ловия яхши нонушта бўлиши мумкин.

Сули бўтқаси ҳам глюкозага бойдир. Болалар одатда уларни ёқтирмаганлиги учун унга ёнғоқ, мевалар ва асал қўшишингиз мумкин. Бундай аралашма мия учун ажойиб қувватдир.

Тухум ҳам кунни бошлашнинг яхши усули. Агар фарзандингиз 1—2 соатдан сўнг очликни ҳис қилишини истамасангиз унга нонуштада кўп шакар, тортлар, мураббо, сутли шоколад кабиларни берманг.

nonushta1

Интеллектуал тушлик

Мактаб ўқувчиси учун тушлик тайёрлашда биринчи ўринда унда ёғларнинг мавжуд бўлишига аҳамият қаратинг. Одатда сыр, колбаса, сосиска мактаб ўқувчиси учун тайёрланган бутербродларнинг таркибий қисмини ташкил этади. Ота-оналар бундай таом очликни тезда енгишга ёрдам беради деб ҳисоблайди. Бироқ улар унча фойдали бўлмаган тўйинган ёғларнинг асосий манбасидир. Бундай таомдан сўнг, бола уйқучан бўлиб, унинг диққати сусаяди.

Агар ота-оналар бутербродларни тўғри тайёрлашга эринмаса, улар жуда фойдали таомга айланиши мумкин. Қовурилган курка гўшти, тухум ва буғдой нони ажойиб тушлик бўла олади. Курка гўшти ўрнини балиқ бўлаги билан ҳам алмаштириш мумкин.

Бола нима ичиши керак?

Фарзандингиз етарли миқдорда сув ичишига эътибор беринг. Уйғонгандан сўнг бир стакан сув ичиш ювиниш ёки тиш ювиш каби одат тусига айланиши лозим. Унга қайнатилган илиқ сув ичишни таклиф қилинг.

Сувсизлик чарчоқ, серзардалик ва фикрлаш жараёнининг сусайишига олиб келишини унутманг! Болага мактабга тоза ичимлик сувини бутылкада бериб юборинг. Мевали шарбатлар ҳам антиоксидантларга эга бўлганлиги учун фойдали ҳисобланади, бироқ оддий ичимлик суви ўрнини боса олмайди.

Фарзандингизга кун ўртасида турли батончалар, конфет ва газли ичимликларни тамадди қилишига рухсат берманг. Бу мия фаолиятига сўзсиз салбий таъсир кўрсатади.

Мақолани тайёрлашда "Parents.ru" сайти маълумотларидан фойдаланилди.