Биласизми?

Боғчага бормайдиган болаларга мажбурий бошланғич таълим берилади

2018—2019-ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона вилояти ҳамда Тошкент шаҳрида болаларни мажбурий таълимга бепул бир йиллик тайёрлашни жорий этиш тажриба лойиҳаси амалга оширилади, деб ёзади ЎзА.

Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлашга босқичма-босқич ўтиш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2018—2019-ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона вилояти ҳамда Тошкент шаҳрида болаларни мажбурий таълимга бепул бир йиллик тайёрлашни жорий этиш тажриба лойиҳаси амалга оширилади.

Мазкур тажриба лойиҳасини амалга оширишда Мактабгача таълим вазирлигининг асосий вазифалари белгилаб берилди.

Шунингдек, қарор билан болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик бепул тайёрлаш тажриба гуруҳларини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, тажриба гуруҳлари мактабгача таълим муассасаларига бормайдиган болаларга мактабгача таълим ва тарбия олишда ёрдам бериш, бунинг учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида ташкил этилади.

Тажриба гуруҳларида таълим-тарбия жараёнини йўлга қўйиш учун алоҳида хоналар ажратилади ва улардан фақат мақсадли фойдаланилади, зарур бўлса уларга алоҳида эшикдан кириш ташкил этилади.

Тажриба гуруҳларида жорий йилнинг 1 сентябрь кунида 5 ёш-у 6 ойлик бўлган, мактабгача таълим муассасасига бормаётган болалар қабул қилинади.

Шунингдек, низомга кўра таълим-тарбия жараёни болаларнинг овқатланишини ташкил этиш шартисиз бир ҳафтада камида 15 соат (бир кунда 3-4 соат) ўқитишни назарда тутувчи мактабгача таълим муассасалари учун давлат ўқув дастури асосида ташкил этилади.

Битта гуруҳда болалар сони 30 нафардан ошмаслиги керак.

Мажбурий тайёрлов гуруҳлари учун 2018–2019-ўқув йили 2018 йил 10 декабрдан бошланади ва 2019 йил 10 августда тамомланади.

Бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёргарликдан ўтган болаларга тегишли давлат намунасидаги сертификатлар берилади.

Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлашни жорий этиш бўйича тажриба лойиҳаси амалга ошириладиган ҳудудлар рўйхати қуйида келтирилган: