Деярли ҳар бир ота-она фарзанди алдаганига дуч келган. Баъзи ота-оналар бунга бефарқ бўладилар, баъзилар болани койидилар, баъзилар эса қаттиқ жазолайдилар. Нега бола алдайди?
Мактабгача ёшдаги болаларда алдаш учун 3 асосий сабаб бўлади:
1. Кучли тасаввур. Кичик болалар тасаввур қилишни яхши кўрадилар. Шу сабаб баъзида улар ҳақиқатни тасаввур билан адаштириб юборишлари мумкин. Ота-она қанча уринмасин, бу даврда болага ҳақиқат билан тасаввур алоҳида эканлигини тушунтира олишнинг иложи йўқ. "Шоколадни мен еганим йўқ, бу қўшни дугонамнинг иши" каби ёлғонларни шу қаторга киритиш мумкин.
2. Эсдан чиқариш. Бу ёшда болалар бирон муҳим нарсани эсидан чиқариши нормал ҳолат. Деворда чизилган расмлар кимнинг иши эканлигини сўраганингизда, бола, "билмадим", деб турса, у ҳақиқатдан ҳам эсидан чиқариб қўйган бўлиши мумкин.
3. Яхши кўриниш. Болада ота-онаси уни яхши бола бўлсагина яхши кўради, деган фикр бўлса, у қилиб қўйган хатосини ота-онасидан бекитишга ҳаракат қилади. Шунда энг осон йўл, бу алдаш бўлади.
Лекин мактаб ёшидаги болани алдашга юқоридаги вақтинчалик ҳолатлар эмас, балки бошқа сабаблар ундаши мумкин. Бунга атроф-муҳитнинг таъсири, уйдаги муҳит, ота-онасининг тез-тез алдаши ва бошқа психологик ҳолатлар сабаб бўлиши мумкин.
Бола тез-тез алдаётганини сезаётган бўлсангиз, уни жазолаб вазиятни мураккаблаштиришингиз мумкин. Бола қўрққанидан баттар алдашни бошлайди ёки сизга бўлган ишончини йўқотади.
Қуйидаги йўллар боланинг психикасига салбий таъсир кўрсатмай алдашдан чеклашга ёрдам беради:
Ҳақиқатгўйликни рағбатлантириш. Алдаганига аҳамият беравермай, бирон кичик бўлса ҳам ҳақиқатни айтганида, болага миннатдор бўлинг. Унга бу ҳақда айтгани учун, "раҳмат" дейишни унутманг.
Кесатмаслик. Бола бирон айб иш қилиб қўйганини била туриб, ўзингизни билмаганга олиб унга кесатманг. "Манимча бугун кимдур ёмон баҳо олиб келди", каби гаплар болага унинг устидан мазаҳ қилаётганингиздек туйилади ва умуман ҳақиқатни айтишга ундамайди.
Боладан кўп нарса кутмаслик. Болага ёшига нисбатан кўпроқ ва қийинроқ шарт ва қоидаларни юклаб қўйиш тўғри эмас. Жисмонан сизнинг талабларингизни бажара олмаган бола, ўзини камсита бошлайди. Сизнинг олдингизда оқланиш учун эса ёлғон гапиришни бошлайди.
Ишончни ривожлантириш. Ота-она ва бола орасидаги муносабатларда энг муҳими - бу ишончдир. Бола сизга ишониши ва сиз унга ишонаётганингизга амин бўлиши керак. Бунинг учун оилада ёлғондан ҳамма воз кечиши керак. Ҳатто кичик ёлғон ҳам, боланинг кўзида ота-онаси ёлғончилигини намоён қилади. Масалан, укол олишдан олдин, бола "оғрийдими?", деб сўраса, уни аяб "йўқ", дейишни ўрнига "озгина оғриши мумкин, лекин мен сенинг ёнингда бўламан," деб айтиш муҳимроқ. Барибир, бир неча сониядан сўнг у билади оғриганини, лекин сиз алдаганингизни унутмайди. Ундан ташқари болага бирон ваъда беришдан олдин, у ваъдани устидан чиқа олишингизга амин бўлинг. Шунда болада ҳам сизга нисбатан маъсулият каби туйғу ва ишонч ривожлана олади.