Юқори ҳарорат — организмнинг ташқаридан бўладиган хавф, масалан инфексиядан ҳимоя реаксиясидир. Қўлтиқ чуқурчасида ўлчаганда, 36,0—37,0 даража ҳарорат нормал ҳисобланади. Ҳарорат сутка қисми, ёш ва жисмоний фаолликка қараб ўзгариб туриши мумкин.
Тана ҳарорати унчалик хавфли бўлмаган касаллик чоғида ҳам анча юқори кўтарилиши мумкин. Бундай пайтларда ота-она ғафлатда қолмаслиги учун болага биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича йўл-йўриқлардан хабардор бўлиши лозим.
Тошкентнинг Юнусобод туманидаги 51-оилавий поликлиника умумий амалиёт шифокори Салимова Наргиза Эргашмуродовна бу борада баъзи муҳим тавсияларни бериб ўтди.
- Болангизнинг тана ҳарорати 38 даражадан юқори бўлмаса, иситмани туширадиган дори-дармонлар бериш керак эмас. Гап шундаки, юқори ҳароратда организм инфексия билан самаралироқ курашади, шунинг учун жуда зарур бўлмаса, уни тушириш тавсия этилмайди.
- Агар ҳарорат 38 даражадан юқори кўтарилса, болага шифокор томонидан тавсия этилган иситмани туширадиган дори-дармон бериш лозим. Жуда ёш болаларга шамдори шаклидаги, каттароқларига сироп кўринишидаги препаратларни қўллаш мумкин.
- Иситма сабабини аниқлаш учун албатта шифокор чақиринг. Боладаги тумов, йўтал, кўнгил айниши, ич кетиши, бош оғриғи, қорин оғриғи, тошма каби бошқа белгиларга эътибор беринг.
- Бола чангак бўлиб қолса (судорога) ёки ҳарорати 40 даражадан ошиб кетса, зудлик билан “Тез ёрдам” чақиринг, у етиб келгунича болага иситмани туширувчи дори беринг.
- Болани ухлатишга ҳаракат қилинг. Унга қизиқарли китоб ўқиб беринг, мултфилмлар кўринг, тинч ўйинларни ўйнанг. Энг яхшиси, бола ухлаб, дам олиши ва куч тўплашига имконият яратинг.
- Бемор болага тез ҳазм бўладиган овқатлар бериш лозим. Гўшт (айниқса қовурилгани), ёғли, ширали ва консерваланган озиқ-овқатларни вақтинча едирмай туринг.
- Болага кўп суюқлик ичиринг, шунда организмдан вируслар фаолияти чоғида пайдо бўлган токсинлар чиқиб кетади. Лимонли ёки малинали илиқ чой, асалли сут, шунингдек, шарбат, компот, минерал сув, шифобахш ўтли қайнатмалар ичириш тавсия этилади.
- Хонани тез-тез шамоллатиб, ҳавосини намлантириб туринг. Бунга хонага сув тўлдирилган 3 литрли банка қўйиш ёки ҳўл сочиқ осиб қўйиш орқали эришиш мумкин. Хонадаги ҳарорат 20—21 даражадан ошмаслиги керак.
- Болани қават-қават қилиб кийинтириш ва ўраб ташлаш керак эмас. Бемор болани енгил кийинтириб, устига йўргак ёки енгил кўрпа ёпиб қўйинг, шунда ортиқча иссиқлик тўсиқларсиз чиқиб кетади.
- Болани сирка ёки спирт билан артиш керак эмас. Спирт тери орқали осон сингади, натижада бола организми заҳарланиши мумкин.
- Агар юқори ҳарорат даволаш бошланганидан сўнг 3—4 кунда ўтиб кетмаса, шифокорни қайта чақириб, муолажани янгидан белгилаш лозим.