Боланинг таги қуруқ ва у оч эмас, аммо шунга қарамасдан йиғлашдан тўхтамаяптими? Балки унинг қорни санчаётгандир? Одатда, қориндаги хуружсимон оғриқлар янги туғилган чақалоқ ҳаётининг 2 ҳафтасидан кейин пайдо бўлади ва 3 ойгача давом этади. Қорин санчиқлари – бу ҳали тўлиқ шаклланмаган гўдак ичак фаолиятининг ўзига хос ишлашидан дарак беради. Аммо муаммо ўз-ўзидан йўқолиб кетишини кутмаслик керак, чунки болани оғриқдан халос қиладиган самарали усуллар мавжуд.
1 усул Болани қорин санчиқларидан иссиқлик ёрдамида халос қилиш мумкин. Гўдакнинг қоринчасини илиқ йўргак билан иситинг. Бунинг учун йўргакни бир неча қават қилиб, дазмол билан иситасиз, кейин уни боланинг қорнига қўйинг. Шунингдек, гўдакни «терига тери» усулида қорнингизга қўйишингиз ҳам мумкин. Она танасининг тафти болани иситади.
2 усул Болада газлар пайдо бўлганида, у оёқларини қорнига қараб тортишини сезган бўлсангиз керак. Бу билан у оғриқни енгиллаштиришга ҳаракат қилади. Ҳақиқатан ҳам, позани ўзгартириш ёрдам беради. Болани ёнбошига ағдаринг. Агар бу ёрдам бермаса, уни қўлларингизга олинг. Бола қўлингизда қорни билан ётиши, унинг боши эса билагингизда туриши керак. Қоринга тушган босим газларни чиқариб юборади.
3 усул Болада санчиқлар хуруж қилганида, енгил массаж қилиш керак. Боланинг оёқчаларини қорнига итаринг, олдин уларни биргаликда, кейин эса навбатма-навбат итаринг. Шунда газлар тезроқ чиқади. Боланинг қорнини бармоқларингиз билан олдинига соат мили бўйича, кейин эса қарама-қарши томонга қараб силанг. Бунда қўлларингиз илиқ ва тоза бўлиши лозим.
4 усул Мойчечак дамламаси қўшилган илиқ ванна болани тинчлантиради. Сув моддалар алмашинувини тезлаштиради ва ичак фаолиятини рағбатлантиради. Организм овқатни тезроқ ҳазм қилади. Бунинг устига сувда эркин ҳолатда бўлиш оғриқларни енгиллаштиради.
5 усул Гўдакларда эмиш инстинкти кучли бўлади. Олимлар экспериментал усул ёрдамида эмиш жараёни қорин санчиқларидан халос қилишини исботлашган. Бола бироз тинчланиб, йиғлашдан тўхтаганида, унга сўрғич беринг.
6 усул Баъзи оналар болани қўлларига олиб, бутун танасини бағрига босган ҳолда, уни тинчлантиришади. Боланинг қулоғига енгил пуфлашади ёки ниманидир шивирлашади. Шу тарзда улар қисман она қорнида бўлган муҳитни яратишади.
7 усул Вентилятор шовқини ёки кир ювиш машинасининг вибрацияси болага тўққиз ой давомида ҳис қилган нарсани эслатади. Болани автомобил креслосига ўтқазинг ва машинада уй атрофида бир неча бор айланинг. Бола тинчланиши керак. Автокреслони ишлаётган кир ювиш машинасининг устига қўйинг. У тебранма креслода тинчланиши ҳам мумкин.
8 усул Кўпгина маданиятларда болаларни олиб юриш учун рўмоллар ва матолардан фойдаланишади. Бола слингда она танасига яқин жойда бўлади. Унинг танаси бир жойга жамланиб, оёқлари қорнига тиралган ҳолатда ётади. Бундай ҳолат қориндаги оғриқни енгиллаштиради.
9 усул Бу усул азалдан мавжуд. Овқатдан сўнг болага қайт қилишига имкон бериш керак. Уни елкангизга қўйинг ва енгилгина орқасига уринг. Газларнинг ортиқчаси чиқиб кетади, шунда бола бу сафар ноқулайликни ҳис қилмас.
10 усул Агар бола оғриқдан азобланиб, бошқа ҳеч қандай усуллар ёрдам бермаётган бўлса, шифокорга мурожаат қилинг. Педиатр сизни клизма ва газни чиқарувчи трубкани қилишга ўргатади. Агар қорин санчиқлари организмдаги қандайдир бузилишларнинг аломати бўлса, унда даволаш курси ва дориларни тайинлайди. Боланинг йиғиси сизнинг айбингиз эмас. Ноумидликка тушманг, шунчаки болага ёрдам беришга ҳаракат қилинг.
Манба: Avitsenna.Uz