Тарбия

Бола тилидан: Тарбиянинг 21 қоидаси

АҚШнинг Сан-Франциско штати яқинида жойлашган “Мэрри Моппетс” (Merry Moppets) хусусий мактабида ўқувчиларнинг руҳий ҳолатларига алоҳида эътибор қаратилган. Масалан, ҳафтанинг ҳар жума куни ўқувчи мактабга ўз севимли ўйинчоғини олиб келиши мумкин. Севган китобларини эса ҳар куни ёнида олиб юришига рухсат берилади. Ҳар ҳафта ўқувчиларга кутилмаган қувончли тадбир ўйлаб топиш таклиф қилинади, масалан, ғалати соч турмаклари куни ёки тунги кийимлар куни.

Ушбу таълим масканининг яна бир диққатга сазовор томонларидан бири, мактабда ҳар бир ўқувчи учун қутича мавжуд. Унда ўқитувчилар уйга вазифалар руйхати, дарслар жадвали ёки ота-оналарга хат қолдиришлари мумкин экан. Қуйидаги мактуб худди шундай қутичага солинган, бир ўқувчининг ота онасига ёзилган. Унинг эътиборли томони хат бола тилидан баён этилган. Одатда тарбия борасида биз катталар кўб ва хуб гапирамиз, китобу мақолалар ўқиймиз. Ўқитувчи эса бу масалага кутилмаган томондан ёндошганлиги боис, уларни сиз билан баҳам кўришни лозим кўрдик.

  1. Мени кўп эркалатманг. Ҳар бир истагимни амалга оширишга мажбур эмассиз.
  2. Мен билан тўғридан тўғри гаплашишга, сизни хавотирга солган ҳолатларни сўрашга қўрқманг.
  3. Ёмон одатларга ўрганиб қолишимга изн берманг. Ёмон одатлардан қутулиш янада қийин.
  4. Фикрларимга эътиборга лойиқ бўлмаган хаёлпарастлик, ёш болалик деб қараманг. Бундай ҳолатларда ўзимни янада ёмон тута бошлайман.
  5. Мени бошқалар ёнида изза қилиб уришманг, хатоимни ўзгалар ёнида овоза қилманг. Ўзим билан юзма юз ўтириб гаплашинг, дакки ёки ўгит беринг, шундагина хатоларимни яхшироқ англайман.
  6. Хатоларимни - тузатиб бўлмас жиноятдек кўрсатманг.
  7. Хатоларимнинг натижасидан мени асраманг. Ҳар бир ҳаракатимнинг жавобгарлиги борлигини тушунимга изн ва имкон беринг.
  8. Баъзан кичик айбловларим ёки эътирозларим учун жазоламанг. Сиз билан мулоқот қилишни, ўз фикримни айтишни истайман.
  9. Сизни ёмон кўраман, деган гапларим ёки ҳаракатларимни юрагингизга яқин олманг. Мен сизни ёмон кўрмайман, мен ҳар томонлама бошқармоқчи бўлган кучингизга қарши курашга киришаман холос.
  10. Бир нарсани 100 маротаба такрорламанг. Акс ҳолда, қулоғим кар бўлиб қолгандай муносабатда бўла бошлайман.
  11. Қила олмайдиган ваъдаларни берманг. Алдагани бола яхши деманг. Сизга ишонмай қўяман.
  12. Унутманг, ўз ҳиссиётларимни ҳали тўлиғича баён эта олмайман, чунки боламан.
  13. Жаҳлингиз чиқиб турганда мендан ҳақиқатни талаб қилманг. Сиздан қўрққанимдан ёлғон гапиришим мумкин.
  14. Бугун бирор нарсага изн бермай, эртага айнан ўша нарсага изн беришингиз, ўзгарувчанлигингиз тарбиямни бузади.
  15. Саволларимни жавобсиз қолдирманг. Барибир жавоб излашдан тўхтамайман, аммо бу жавобларни бошқа манбалардан топишим мумкин ва бу жавоблар ҳар доим ҳам мени тўғри йўлга ундамаслиги мумкин.
  16. Қўрққан нарсаларимни  арзимаган нарса деб қабул қилманг. Улар муҳим, кичкина эмас. Сиз мени тушунмасангиз кўпроқ қўрқа бошлайман.
  17. Ўзингизни менга мукаммал ва хатосиз киши каби танитманг. Ундай эмаслигини билганимда хафа бўламан, синаман.
  18. Баъзан мендан кечирим сўрашингизни обрўингизни йўқотиш деб қабул қилманг. Узр сўрашингиз билан мени ҳам ўз айбимни тан олиб кечирим сўрашга ўргатасиз.
  19. Унутманг, мен тез катта бўляпман. Тарбия услубингизда буни эътиборга олинг.
  20. Тажриба қилиб кўришни маън қилманг. Мен дунёни тажриба, кашфиётлар қилиш билан ўрганаман, атрофни танийман, фикр ва хулоса қиламан.
  21. Ва сўнггиси - бахтли бўлиб ўсишим учун ота онам мени яхши кўришларини ҳис қилишим шарт.

Тарбия борасида фарзандларингизнинг ўз фикр мулоҳазалари ҳақида қизиқиб кўринг ва биз билан ўртоқлашинг.

http://www.psychologies.ru манбаси асосида Кавсар Асхобова тайёрлади.