Боланинг биринчи пойабзали чиройли ва кўркам бўлиши билан бирга сифатли ва қулай ҳам бўлиши керак.
Болага биринчи пойабзални қачон олиш керак?
Баъзи мутахассислар фикрича, бола ўзининг биринчи қадамларини ташламасдан туриб унга оёқ кийим кийдиришнинг ҳеч қандай зарурати йўқ. Шунинг учун болага биринчи оёқ кийимни у бир-икки қадам ташлай бошлагандан кейин сотиб олишингиз мумкин.
Биринчи пойабзал қандай бўлиши керак?
Оёқ кийимнинг шакли қандай бўлишига ўзингиз қарор қилинг. Лекин сифатига келганда, пойабзалларнинг бироз (5-15 мм) пошнаси бўлиши керак. Бу пошналар боланинг орқа томонга йиқилиш эҳтимолига йўл қўймаслик учун керак. Болалар пойабзалининг товонни маҳкам ушлаб турадиган ва болани тасодифий шикастланиш хавфларидан сақлайдиган қаттиқ дастаги бўлиши керак. Пойабзал ичида олинадиган юмшоқ патак бўлиши керак. Керак бўлганда бу одатдаги патакни супинаторли махсус патакка алмаштириш мумкин. Таг чарми эгилувчан ва жуда юпқа бўлиши лозим. Пойабзал аниқ ўлчамда олиниши, яъни боланинг оёғи унинг ичида «ўйнаб» турмаслиги керак.
Болага ортопедик пойабзал керакми?
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ортопедик пойабзал фақат касал одамлар учун мўлжалланган. Оналарга «ортопедик пойабзал» деб сотиладиган оёқ кийимлар кўпчилик ҳолларда ҳамма талабларга (табиий чарм, тумшуғи кенг, товони қаттиқ ва ҳ.к.) жавоб берадиган ва ҳақиқатан ҳам ичига болалар яссиоёқлигида ёрдам берувчи махсус супинатор-патаклар қўйилган бўлади.
Манба: Daryo.uz