Болаларда нутқ ривожланишининг орқада қолиши жуда жиддий муаммо ҳисобланади, бироқ кўпинча ота-оналар бунга эътибор бермайди ёки буни жуда кеч пайқайди. Бола жисмоний жиҳатдан ёшига мос бўлса-да, унда мулоқот қилиш билан боғлиқ муаммолар юзага келиши мумкин.
Нутқнинг шаклланиши бу бир неча босқичли мураккаб жараёндир. Бу жараёнга нафақат нутқ аъзолари, балки эшитиш қобилияти, муҳим марказ ва мушаклар учун жавоб берувчи асаб тизими ҳам жалб этилади.
Бола нутқи босқичма-босқич ривожланиб боради:
- Янги туғилган чақалоқ дастлаб фақат йиғлайди, кейинчалик биринчи "ағу"лар пайдо бўлади.
- 5—6 ойликка келиб бола товушларининг заҳираси янада бойиб, "мама", "баба" кабиларни талаффуз қила олади.
- 6—8 ойликка келиб, боланинг эшитиш қобилияти ҳам фаол иштирок эта бошлайди, бола ҳайвонларнинг товушларини қайтара бошлайди.
- 8—9 ойликда бола талаффуз қилаётган сўзларининг маъносини тушуна бошлайди. Сўзларни қандай оҳангда талаффуз қилиш муҳим аҳамият касб эта бошлайди.
- 1,5—2 ёшга келиб бола нутқида қисқа жумлалар пайдо бўлади. Булар "тўпни бер" ёки "овқат еймиз" каби оддий жумлалардир.
- 3 ёшда бола нутқи сезиларли даражада бойиб, унинг сўз луғатида 300—320 га яқин сўз тўпланади. Ундан сўралганда, бирор ҳодиса ҳақида ҳикоя қилиб бера олади.
- 4 ёшдаги бола "қаерда?", "ким?", "қачон?", "нега?" каби саволлардан фаол фойдаланади. Унинг сўз бойлиги 1200—1500 та сўздан иборат бўлади.
Бола нутқи ривожланиши кечикишининг асосий сабаблари:
- Бола нутқи ривожланишининг кечикиш сабаблари перинатал даврга бориб тақалиши мумкин. Агар она ҳомиладорлик пайтида бирор инфекцияни бошдан кечирган бўлса, бола кеч гапира бошлаши эҳтимоли мавжуд.
- Эшитиш органига зарар етганлик. Бола яхши эшитмаса у нормал сўзлаша олмайди.
- Артикуляр аппаратга зарар етган, ривожланишдаги туғма нуқсонлар, лаб тиртиқлиги каби ҳолларда ҳам бола нутқи тушунарсиз бўлиши мумкин.
- Агар боланинг атрофидагилар уни ярим сўзидан тушунса ёки бола билан гаплашадиган одам бўлмаса, у умуман гапирмаслиги ҳам мумкин. Мулоқотнинг етишмаслиги аксарият ҳолларда нутқ ривожланиши кечикишининг асосий сабаби бўлади. Бу одатда ота-она доим банд ва бола ўз ҳолига ташлаб қўйилган оилаларда учрайди.
Агар сиз фарзандингизнинг нутқи унинг ёшига мос эмаслигини пайқасангиз албатта мутахассисга мурожаат қилинг. Бунда невропатолог, логопед ва психотерапевтга мурожаат қилиш тавсия этилади.