Биласизми?

Болалар саломатлигига оид тавсиялар

Жондан азиз фарзандингиз шамоллаб қолса, ваҳима билан дорихонага югуришингиз шарт эмас, оддий ва безарар усуллар билан дард ҳамласини қайтарса бўлади.

ИСИТМА ВА ОҒРИҚҚА ҚАРШИ Одатда вируслар ҳужумига бола организми шиддат билан жавоб қайтаради – бирданига тана ҳарорати кўтарилади. Бу табиий ҳолат, бироқ иситма 38 даражадан ошса, уни тушириш чораларини кўриш зарур. Бунинг учун сиркали сувдан фойдаланиш мумкин: 1 стакан сувга 1 ош қошиқ олма сиркасини аралаштиринг. Бир парча матони ана шу аралашма билан ҳўллаб, болани ечинтиринг ва ҳамма ёғини тезгина артиб чиқинг. Кейин болани чойшабга ўраб, устидан кўрпа ташланг. Ярим-бир соатдан кейин ҳам ҳарорат тушмаса, муолажани қайтариш керак. Икки-уч муолажадан кейин ҳам аҳвол ўзгармаса, иситма туширувчи воситалардан фойдаланишга тўғри келади. Кучли бош оғриғида карам баргини санчқи билан тешинг (суви чиқиши учун) ва пешанасига қўйинг. Умуман ҳар қандай бош оғриғида тузли боғлама ёрдам беради. Бунинг учун 1 стакан иссиқ сувда 1 ош қошиқ тузни аралаштиринг. Жун матони аралашма билан ҳўллаб, сиқинг ва оғриқ жойига қўйиб, рўмол билан боғланг. Бола организми токсинлардан тезроқ халос бўлиши учун иложи борича кўпроқ терлатувчи чой ичириш керак. Бу борада малина сизга асқотади.

ТОНЗИЛЛИТНИ УНУТИНГ Тонзиллитни бежиз сурункали дард деб аташмайди: қулай имкон туғилди дегунча, қайта хуруж қилади. Қуйидаги рецепт эса тонзиллитдан батамом қутулишга ёрдам беради. Кечқурун яхши, йирик қизилчани арчиб, майда қирғичдан ўтказинг. 1 ош қошиғини банкага солиб, устидан 1 ош қошиқ олма сиркасини қуйинг ва аралаштиринг. Банканинг оғзини беркитиб қўйинг. Эрталаб бирор табиий матодан (докадан эмас) ўтказасиз. Стаканнинг 2/3 қисмича суюқлик ҳосил бўлади. Бола ҳар сафар овқатлангандан кейин ана шу суюқлик билан ғарғара қилсин. Стакандаги дори бир ҳафтага етади. Муолажани камида 15 кун ўтказсангиз, дард чекинади. Агар болага сурункали тонзиллит ташхиси қўйилган бўлса, томоғи оғришини кутиб ўтирмай, муолажани бошлайверинг. Қизилча ва олма сиркаси аралашмасини 1:1 нисбатда сув билан аралаштириб, бурунга томизса ҳам бўлади. Бу амал аденоидларда яхши ёрдам беради. Болангиз ғарғара қилишни билмаса, мойчечак дамламасини ичсин, мойчечак яллиғланишга қарши кучли таъсир кўрсатади.

ОЛДИНИ ОЛГАН ЯХШИ Албатта, ҳар бир она фарзанди соғлом ўсишини хоҳлайди. Бунинг учун эса чиниқтириш орқали боланинг иммунитетини мустаҳкамлаш зарур. Оддийгина тадбир: ҳар куни эрталаб фарзандингиз бир дақиқа давомида оёқларини тоғорадаги совуқ сувга солиб турсин. Аввалига сув хона ҳароратида бўлсин, секин-асталик билан водопроводдаги ҳароратгача туширасиз. Қизилмия (солодка) илдизи – иммунитетни кўтарувчи воситалардан бири. Уни чой ўрнида ичиш мумкин. Агар бундай чойнинг таъми ёқмаса, қизилмия илдизини қаҳва майдалагичда майдалаб, асал билан аралаштиринг ва болага кунига икки маҳал (овқатланиш пайтида) ярим чой қошиқдан бериб туринг. Дарвоқе, қизилмия илдизи йўталда ҳам яхши наф беради.

Ёдда тутинг: ҳар қандай гиёҳни фақат сирли идишда қайнатиш керак. Қайнатмани металл идишга қуйманг, акс ҳолда таъми ва шифобахш хусусияти ўзгаради.
Манба: Avitsenna.uz