Маълумки, сўрғич гўдакни тинчлантириш учун хизмат қилади. Гап шундаки, сўриш натижасида чақалоқларнинг марказий асаб тизимида кенг тормозланиш — яъни, хотиржамлашиш жараёнлари содир бўлади.
У бола учун она кўкраги ролини бажариб туради, аммо болани на сут, на она меҳри билан таъминлайди. Сўрғичдан фойдаланиш тагида бизга кўринмайдиган яширин салбий жиҳатлар бўлиши мумкин, булар қуйидагилар:
- Сўрғич ёрдамига мурожаат қиладиган бўлсангиз, бола кўкракни яхши олмай қўйиши мумкин. Албатта, дўмбоққина ва анча катта бўлиб қолган чақалоқларни сўрғич билан алдаб бўлмайди, чунки у ҳақиқий очликни қондира олмайди. Бироқ дарров чарчаб қоладиган нимжонгина гўдак сўрғичга ўрганса, она кўкрагидан сут тортиб олишга ҳаракат қилмай қўйиши мумкин, натижада онанинг сути яхши келмай қолади. Шу туфайли, туғруқдан кейин дастлабки 5—7 ҳафта давомида сўрғич умуман тавсия этилмайди.
- Агар онада бола ҳар сафар безовталанганида, унга сўрғич бериш одати пайдо бўлса, у эътибор талаб қиладиган қандайдир вазиятни англамай қолиши мумкин. Ахир бола инжиқлик қилса, у онасига ўз ҳолати хабар бермоқчи бўлади ёки шунчаки, меҳр ва эркалашларга эҳтиёж сезаётган бўлади. Биринчи навбатда гўдак нима учун инжиқланаётганини аниқлаштириб олиш керак.
- Кўп оналар бола сўрғич билан ухласа, узоқ вақт ва хотиржам ҳолда дам олишини таъкидлайди, аммо у оғзида сўрғич билан уйқуга кетишга одатланган бўлса, уни уйқусида тасодифан оғзидан тушириб юборганида бақириб йиғлаб қолиши мумкин. Бундан ташқари, агар йўлда кетаётган ёки меҳмонда бўлсангиз ва сўрғич уйда қолиб кетган бўлса, янада кўнгилсизроқ вазиятга тушиб қоласиз.
- Чақалоқ сўрғичнинг шаклига ўрганиб қолгач, кўкракни оғзига олмай қўйиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Шу туфайли туғилганидан кейинги 2—3 ҳафта давомида болага сўрғич бермаган маъқул, чунки бундай ғайриихтиёрий реакция айни шу даврда ўрнатилиши мумкин.
- Сўрғичдан узоқ вақт фойдаланиш нотўғри тишлам (икки қатор тишнинг бир-бирига тегиб туриш ҳолати) ҳосил бўлишига олиб келиши мумкин. Бу айниқса юмалоқ шаклдаги сўрғичларга тегишли.
- Бола кун давомида доимий равишда оғзида сўрғич билан юрса, шунингдек, бола сўрғичдан жуда кеч ажратилса, унда нутқ кўникмалари ҳосил бўлиши кечикиши мумкин. Шу туфайли сўрғични суиистеъмол қилиш керак эмас, сўрғичдан ажратиш учун энг яхши вақт эса 1—1,5 ёшдир.
Педиатрлар таъкидлашича, бутунлай соғлом болага сўрғич керак эмас! Ҳақиқатан ҳам, бола тўйгунича она кўкрагини эмганидан сўнг ухлаб қолиши керак; унинг ҳеч қаери оғримайди, уйғоқ вақтида эса унга бу буюм ортиқча. Аммо қандайдир сабабга кўра сўрғичдан фойдаланишга қарор қилган бўлсангиз, у ҳолда баъзи маслаҳатларга риоя қилинг.
— сўрғич бус-бутун эканлигини доимо текшириб туринг, айниқса, фарзандингизнинг тишлари чиқиб қолган бўлса. Агар сўрғич ёрилган ёки дарз кетган бўлса, уни дарҳол алмаштиринг, чунки бола силикон ёки латекс (сўрғич нимадан ясалганига қараб) бўлакчаларини ютиб юбориши мумкин;
— сўрғичлар турли шаклда бўлиши мумкин: юмалоқ, узунчоқ ёки чегирилган (у ортодентал ҳисобланади ва тўғри тишлам ҳосил бўлиши учун мақбулроқдир). Болангизга сўрғич бермоқчи бўлсангиз, ҳар хил туридан олиб, таклиф қилиб кўринг, токи у ўз таъбига қараб танлаб олсин;
— сўрғични ип билан боланинг бўйнига осиб қўйманг, бу бўғилиб қолиш нуқтаи назаридан хавфлидир. Бир учида қисқичи бўлган махсус занжирлардан фойдаланинг, уларни боланинг кийимига қистириб қўйиш мумкин;
— сўрғичдан маълум бир вақтлардагина фойдаланинг: айтайлик, уйқу вақтида ёки шифокор кўригидан ўтаётганда, ё бўлмаса, эмлаш вақтида укол олаётганда.