Болаларнинг овқатланиши ҳам муҳим жараён бўлиб, уларнинг ҳар томонлама яхши ўсиши, ақлий салоҳияти ривожида асосий ўрин тутади. Бу барча ота-оналар бирдек билишлари зарур бўлган жиҳатдир. Уларнинг фарзандлари кундалик овқатланиш таомномасидан жой олган маҳсулотлар сифати ва калориясига эътиборли бўлишлари ҳам диққатга сазовордир. Қуйида болалар таомномасига киритилиши лозим бўлган маҳсулотлар ҳақида тавсия бериб ўтамиз.
Творог
Бола овқатида қимматли маҳсулот ҳисобланади. У оқсилга бой бўлиб, мувозанат ҳолатдаги алиштириб бўлмайдиган аминокислоталари кўп. Творогда айниқса, метионин мўл, у ўсаётган организм учун жуда фойдали. Унинг оқсили сутникига нисбатан осон ҳазм бўлади. Творогда шунингдек, калтсий, калий ва фосфор миқдори кўп.
Гўшт
Шубҳасиз, тўла қимматли оқсилли маҳсулотлар қаторига киради. Гўшт оқсиллари бола организми учун зарур аминокислоталар сақлайди. Бу маҳсулот фосфор, калий, натрий, магний, калтсий тузларига бой. Бола овқатида гўшт консерваларидан фойдаланиш мумкин. Айниқса, улар овқати учун тайёрланадиган махсус гўшт консервалари алоҳида қимматга эга бўлади.
Қанд ва қандолатчилик маҳсулотлари
Кўп қувват берадиган ва таъм хоссалари юқори бўлган қанд — углевод яхши ҳазм бўлади. Қандни кўпгина овқатларга қўшиш уларнинг сингиш хусусиятини оширади ва таъмини яхшилайди. Бироқ ортиқча қанд миқдори бола организми учун зарар, чунки иштаҳани пасайтиради.
Асал
Жуда қимматли озиқ модда, чунки унда энгил ҳазм бўладиган углеводлар, витаминлар, турли-туман тузлар бўлади. Лекин ҳамма болалар уни яхши кўтара олмайдилар, бу маҳсулотни тайинлашда шуни ҳисобга олган яхши.
Унутманг, фарзандингизнинг жисмонан ва маънан этук ўсиши унинг ҳар кунлик истеъмол қиладиган маҳсулотларига ҳам боғлиқдир. Бунда сизга юқоридаги тавсиялар асқотиши аниқ.
Манба: Avitsenna.uz