Кутубхона

Болалар учун велосипед танлаймиз

Велосипед ихтиро қилишнинг нима кераги бор? Машҳур ибора. Уни бироз ўзгартириб ифода қиламиз. Велосипед турганида, болага нима сотиб олиш ҳақида ўйлашнинг нима кераги бор? Бу фаол бола учун энг яхши темир дўст. Биргина масала, уни тўғри танлаш керак.

Болага велосипедни қандай танлаш керак?

Қулоққа илиб олишингиз керак бўлган биринчи нарса — гавданинг ўсишини ҳисобга олиб каттароқ велосипед оламан деманг. Темир тулпор боланинг жисмоний ўлчамларига айнан мос келиши керак.

Болалар велосипедларининг бўйга қараб классификацияси:

  • 98 сантиметргача. Болаларнинг ёш категорияси: 1,5—3 ёш — ғилдирак диаметри — 12 дюйм;
  • 115 сантиметргача. Болаларнинг ёш категорияси: 3—5 ёш — ғилдирак диаметри —  16 дюйм;
  • 130 сантиметргача. Болаларнинг ёш категорияси: 5—9 ёш — ғилдирак диаметри —  20 дюйм;
  • 130 сантиметрдан юқори. Ғилдирак диаметри — 24 дюйм.

Рама

Болалар учун рамаси паст бўлган велосипед сотиб олган маъқул, бу унинг миниш жараёнини осонлаштиради ва фавқулодда вазиятда бола тезкорлик билан сакраб тушиши мумкин. Ва, ҳатто, у йиқилиб тушса ҳам, бу паст баландликда содир бўлади, натижада шикастланишлар камаяди.

Рама баландлигини текшириб кўриш учун велосипедни тик ҳолда турган боланинг оёғи тагига қўйиш керак. Рамадан чотгача бўлган масофа 5—10 сантиметрни ташкил этиши керак.

Созлаш

Эгар ва бошқа қисмларнинг баланд-пастлигини созлаш имконияти унинг бола кетидан “ўсиш”и имконини беради, шунингдек, бу транспорт воситасини ёш пойгачининг ўлчамларига айнан мослаш учун шароит яратади.

Агар эгар тўғри созланган бўлса, педалларни айлантириш чоғида оёқ пастга тушиб турган ҳолда унга етиши керак. Тизза бўғими тахминан 120 даражали бурчак остида эгилган бўлса, яхши.

Руль

Иложи бўлса, рулнинг ўз ўқи атрофида айланишига йўл қўймаслик керак, бу муаммони махсус чеклагич билан ҳал қилиш мумкин. Агар у ўрнатилмаган бўлса, кескин бурилиш чоғида оёқ рама ва руль орасида қисилиб қолиши ёки бола рулга урилиб кетиши мумкин.

Занжир

У ҳимояланган (ёпилган) бўлиши керак. Бу унга ҳаракатланиш чоғида кийим кириб қолиши олдини олади.

Тормоз

7 ёшгача бўлган болаларга фақат қўл тормози бўлган моделларни сотиб олиш тавсия этилмайди. Шошилинч тормоз бериш зарурати юзага келганида, бола қўл тормозини бажара олмай қолиши — уни етарли бўлмаган куч билан босиши мумкин. Фақат оёқ тормози ёки иккала тормоз ҳам бўлиши керак.

Оғирлик

Қанчалик енгил бўлса, шунчалик яхши. Бу томони сизга яхши бўлади. Чунки велосипедни юқори қаватга олиб чиқиш ва пастга тушириш билан сиз шуғулланишингиз тайин. Аммо бу вазифани бола ўз бўйнига олса, унда велосипеднинг енгил бўлиши янада зарур. Енгил вариантни бошқариш ҳам осон бўлади.

Хавфсизлик

Одатда сифатли велосипедлар ҳаракатланиш вақтидаги хавфсизликни таъминловчи аксессуарлар билан жиҳозланган бўлади. Булар болани ердан сачрайдиган лойдан ҳимоя қилувчи ғилдирак қанотлари, ғира-ширада юриш вақтида хавфсизликни оширувчи ёруғликни акс эттирувчилар ва фаралардир.