Саломатлик

Болаларда кальций етишмовчилиги

Болалар организми учун кальций ниҳоятда катта аҳамиятга эга. Усиз ҳужайраларнинг бўлиниши ва оқсил синтези жараёнлари юз бермайди, демак гўдак ўсишдан ҳам тўхтайди. Кальций етишмовчилиги туфайли барча модда алмашинуви жараёнлари издан чиқади, суяк ва тишларнинг шаклланиши кечикади. Инсоннинг бутун ҳаёти давомида унинг суяклари нақадар мустаҳкам бўлиши ундаги болаликда олган калсий миқдорига бевосита боғлиқдир. Ушбу элемент организмдаги деярли барча жараёнларда иштирок этади, ўсишдан ташқари у юрак фаолияти, асаб ва мушак тўқимасининг нормал фаолияти учун зарур, у ферментлар ишлаб чиқаришда иштирок этади, шунингдек қоннинг ивиши жараёнида муҳим рол ўйнайди. Шу туфайли калсий етишмовчилиги айниқса болаларда жуда кўп учрайди. Афсуски, ёш ота-оналар гўдак калсийга етарли миқдорда тўйиняптими ёки йўқми кўпинча вақтида била олишмаяпти. Ваҳоланки, ушбу микроэлемент етишмаслигининг биринчи аломатлари тери, тирноқлар ва сочларнинг тез синувчанлиги ва қуруқлиги ҳисобланади. Шунингдек, болаларда тирноқларни ғажиш ва бошни қашиш каби ёмон одатлар пайдо бўлади. Улар бир ерда узоқ ўтира олмайдиган бўлиб қолишади, беихтиёр бармоқларини тиққилатишади. Ўзига хос таъмларга иштиёқ уйғонади. Улар кўпинча бўр ёки бўёқларни чайнашни истаб қолишади, тез-тез сут ёки пишлоқ егилари келади. Қонда калсий етишмовчилиги (гипокалсиемия) кичкинтой бўйининг ўсишини кечиктиради, суяк ва тишларнинг шаклланишига салбий таъсир ўтказади, юрак мускуллари ишини ёмонлаштиради, юқори даражадаги асаб-мускул таъсирчанлигига ва ҳатто томир тортишишига ҳам олиб келади. Кўз гавҳари ўзининг шаффофлигини йўқотади, тиш эмалларида тешиклар, излар пайдо бўлади. Шу сабабли гўдак организми ҳали нозик пайтиданоқ ва кўпгина муаммоларни осонгина ҳал қилса бўладиган вақтданоқ калсий етишмовчилиги ҳақида жиддийроқ ўйлаб кўрилса яхши бўларди. Таркибида калсий бўлган маҳсулотларни топиш осон, мураккаблиги шундаки, организм уни қабул қилишига ёрдам бериш керак. Чунки калсий ўзлаштирилиши қийин бўлган минераллар сирасига сиради. Гап шундаки, тўлақонли калсий фақат В3 витамини иштирокида сингади, ушбу витамин эса ёки ултрабинафша таъсирида шаклланади, ёки бўлмаса овқат билан бирга организмга ўтади. Бундан ташқари, калсий миқдори овқатни тайёрлаш жараёнида бирмунча камаяди, мисол учун сабзавотларни қайнатганда сувга 25% калсий чиқиб кетади, шунинг учун барча турдаги карамларни, айниқса броколлини шўрва ёки булон тарзида истеъмол қилган дуруст. Дуккакли ўсимликлар, бодом, кунжут ва одатда ташлаб юбориладиган илдизмевали ўсимлик барглари калсийга бойдир. Кальцийнинг сўрилишига шовул, исмалоқ, лавлаги таркибида бўладиган шовул кислотаси қаршилик қилади; кофе таркибидаги кофеин моддаси, кока-кола организмдан калсийнинг тез чиқиб кетишига сабабчи бўлади. Шакарқамиш шакари, какао ва шоколад ҳам тананинг калсий билан тўйинишига имкон бермайди. Озуқадаги калсийнинг асосий манбалари сут маҳсулотлари — яъни сут, ёгурт, чучук қатиқ, творог, пишлоқнинг ёғсиз навлари ҳисобланади. Кальций моддаси гўдакка кўкрак сути орқали жуда яхши сингади, бироқ олти ойдан сўнг унинг келиши етарли бўлмай қолганда ушбу микроэлементга бой бўлган бўтқа билан озиқлантиришга ўтиш лозим.

Манба: Avitsenna.Uz