Уйда ўтириб ўрганган фарзандингиз боғчани қувонч ва ташаббус билан қабул қилишига ортиқча умид боғламанг. Албатта, шундай болалар борки, улар учун болалар боғчаси илк кунданоқ иккинчи уйга айланиб қолади. Аммо бундай болалар жуда кам. Кўпчилик болалар учун боғчага мослашишда у ёки бу қийинчиликлар юзага келиши табиий ҳол. Бундай хатти-ҳаракатнинг сабаблари нимада?
Бола учун улкан стресс манбаи — муҳитнинг ўзгариши ҳамда аввалдан нотаниш бўлган болалар ва катталар билан бирга бўлиш. Айниқса, шу пайтгача фақат ота-онаси ва бошқа яқин қариндошлари билангина мулоқотда бўлган уч яшар болалар буни оғир кечиради.
Агар болани онаси бунгача туш вақтида ухлатмаган бўлса, боғчадаги уйқу вақти туфайли, унда ёқтирмаслик келиб чиқиши мумкин. Бундан ташқари, уч ёшгача болаларда аллақачон таомлар борасида ўз фикрлари шаклланган бўлади, боғчада эса барча тарбияланувчилар учун бир хил таомнома бўлади.
Яна бир сабаб — тенгдошларидан ранжиш ва низоли вазиятда ўзини қандай тутишни билмаслик. Ҳар бир бола — ёрқин индивидуаллик, бунинг устига, ҳамма болалар ҳам болалар майдончаларида тенгқўрлари билан муомала қилиш бўйича етарлича тажриба орттирмайди.
Боланинг муайян педагогга нисбатан антипатия (ёқтирмаслик ҳисси)сини ҳам истисно қилиш керак эмас. Оналар баъзан болалар бир тарбиячига жон деб югуриб кетишини, бошқаларига эса уларни куч билан ҳам олиб бориб бўлмаслигини пайқаган бўлса керак. Баъзан эса ҳамманинг эътибор беришига ўрганган митти эркатойлар шунчаки «бегона хола»га қулоқ солишдан бош тортади.
Яна бир яққол омил — боғчага психологик жиҳатдан тайёр эмаслик. Бола қошиқни тутиш, қўлларини ювиш, тувакка ўтиришни билиши керак. Бундай кўникмаларнинг бўлмаслиги кўпинча тенгқурлари масхара қилишига, педагоглар эса норози бўлишига олиб келади. Таъсирчан бола боғчага боришдан бош тортишига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади.
Кўриб турганимиздек, болалар боғчага боришни истамаслиги сабаблари турли хил. Уларнинг айнан қайси бири сизнинг ҳолатингизда устунлик қилишини билиб олиш учун фарзандингиз билан самимий тарзда гаплашиб олинг ёки педагог билан маслаҳатлашинг. Эҳтимол, тажрибали тарбиячи сизга муаммони ечишнинг энг самарали йўлини тавсия қилади.
Манба: Daryo.uz