Саломатлик

Болани эмлатишдан олдин нималар ҳақида билиш керак?!

Охирги пайтда  эмлаш масаласи баҳслашадиган мавзу бўлиб қолган. Баъзи ота-оналар фарзандини эмлатишдан бош тортса, баъзилари эмлаш муддатини ўз хоҳишлари билан сурадилар. Бунинг сабаби ота-она эмлашдан бўладиган салбий оқибатлардан қўрқишидир. Лекин, баъзи касалликларга қарши бола ўз вақтида эмланмай у касалликни юқтириб олса, унинг ҳаёти учун ўта хавфли бўлиши мумкинлигини унутмаслик керак.

Демак, агар ота-она эмлатишни истаса-да, унинг асоратларидан қўрқаётган бўлса, қуйидаги маслаҳатлар билан танишиб чиқиш фойдадан холи бўлмайди.

Эмлаш учун қандай тайёргарлик кўриш лозим?

Агар бола соғлом бўлиб истмаси чиқмаётган бўлса, унга эмлашдан олдин ҳеч қандай антигистамин (аллергияга қарши) ёки истма туширувчи дори воситаларини ичириш керак эмас. Фақат баъзи аллергик болалар учун махсус тайёргарлик талаб этилади. Бу ҳақида педиатр билан маслаҳатлашиш даркор.

Ота-она фарзандини эмлашдан олдин асосан нимага аҳамият бериши керак:

  • Болани эмлаш муддатидан 2-3 кун олдин касал болалар билан тўқнашмаслигини таъминлаш лозим. Бунинг сабаби баъзи касалликлар юқиб бўлиб маълум бир муддатдан сўнг намоён бўлишидир. Шунинг учун айни эмлаш куни касаллик намоён бўлмаслиги ёки кўчада касаллик юқтириб олган болани эмламаслик учун эмлашдан олдин имкон борича 2-3 кун бошқа болалар билан ўйнамаслигини таъминлаш керак.
  • Эмлашдан олдин болани истмасини ўлчаш. Тана ҳарорати кўтарилган болани асло эмлаш мумкин эмас.
  • Эмлаш куни уйда истма тушурувчи дори воситаси мавжуд бўлиши керак.
  • Бола эмадиган бўлса, она бу даврда янги маҳсулотларни емаслиги керак.
  • Эмлашдан олдин ва кейин бир неча кун боланинг турмуш тарзини кескин озгартириш мумкин эмас. Яъни болани қўшимча овқатига янги маҳсулотлар қўшиш, узоқ сафарларга кетиш, кўчиш, кун тартибини ўзгартириш ва ҳоказо. Буларнинг барчаси бола организмига стресс келтириб эмлаш реаксиясини ўзгартириб юбориши мумкин.
  • Оила аъзоларини касал бўлмаслигини таъминлаш зарур.

Шифокорга талаб:

Шифокор болани эмлашдан олдин бола саломатлиги ҳақида, у билан ҳомиладорлик қандай ўтгани ва туғиш жараёни ҳақида, боланинг дори воситаларига мавжуд бўлган аллергик реаксияси, яқин орада бола кечирган касаллик ёки муолажалар ва бошқа факторлар ҳақида ота-онадан батафсил маълумот олиши зарур. Айрим болаларни баъзи касалликлар туфайли эмлатиш умуман таъқиқланади.

Шифохона танлаш:

  • Болани қаерда эмлашни ота-она ўзи танлайди. Асосийси, бу шифохона барча гигиена ва тиббиёт талабларига жавоб бериши лозим. Агар болани эмлатувчи ҳамшира шамоллаган бўлиб, қўлларида тери касалликлари мавжуд бўлса, у шифохонадан воз кечишингиз мақсадга мувофиқ бўлади.
  • Эмлаш воситаси давлат рўйхатидан ўтган ва расмийлаштирилган бўлиши шарт.
  • Эмлаш воситаси музлатгичда сақланаётганига амин бўлиш керак. Ундан ташқари восита идиши синмаган, зарарланмаган ҳолда бўлиши даркор.
  • Ҳамшира ҳар бир эмлашдан олдин қўлини совунлаб ювиши керак.
  • Эмлаш стерил қўлқопларда амалга оширилади.
  • Болани эмлагандан сўнг камида 30 дақиқа давомида шифохонадан кетмаслик тавсия қилинади, чунки эмлаш воситасига аллергик реаксия юзага келса, тез ёрдам кўрсатиш имкони бўлади.

Буни унутмаслик керак!

  • Агар бола қаттиқ касал бўлган бўлса, режадаги эмлашни камида 2 ҳафтадан сўнг амалга ошириш керак.
  • Эмлашни режада кўрсатилгандек ўтказиш керак, ундан олдин эмас. Баъзи ҳолларда кечикиш мумкин.
  • Эмлаш муддатларини ота-она хоҳишига биноан ўзгартириш мумкин эмас.
  • Эмлашдан сўнг 3 кун болани чўмилтирмаслик ва укол қилинган жойига сув тегмаслик шифокорлар томонидан тавсия қилинади.
  • Болада маълум бир эмлаш воситасига қарши реаксия бўлмаслиги билан бошқа воситаларга бўлиши мумкин.
  • Болада сурункали ёки неврологик касалликлар мавжуд бўлса, эмлашни амалга оширишдан олдин барча керакли мутахассислар билан маслаҳатлашиш лозим.

Агар...

  • Эмлашдан сўнг бола тана ҳарорати кўпи билан 38.5 даражагача кўтарилса, бу нормал реаксия ҳисобланади. Болага кўп ичимлик ичириш тавсия этилади. Керак бўлса, истма тушурувчи сироп ичириш ҳам мумкин.
  • Укол қилинган жойга ҳеч қандай компресс, маз ёки дори воситаларини суриш мумкин эмас.
  • Эмлашга бўладиган реаксия кўпи билан 2 кун давом этиши керак. Ундан ортиғи бошқа касаллик ёки аллергик ҳолат мавжудлигидан далолат бериши мумкин, шунинг учун бундай ҳолларда шифокорга мурожаат қилиш талаб этилади.