Маълумки ҳар бир бола босқичма-босқич ривожланиб боради, бола катта бўлар экан ота-оналар унга керакли нарсаларни ўргата бошлашади. Ота-она томонидан болага ўргатилиши керак бўлган нарсаларнинг бири бу болани горшокка ўргатишдир. Агар сиз ҳам болангизни горшокка ўргатмоқчи бўлсангиз қуйидагиларни амалга ошириб кўринг:
1. Болангиз горшокка ўтиришга тайёр эканлигига амин бўлинг.
Горшокка ўрганиш бола ривожланишидаги янги бир босқичдир. Қандай бўлмасин, янги босқичдан ўтиш болада маълум бир психологик ва жисмоний ўзгаришни талаб этади. Боланинг турмуш тарзига янгилик киритаётганингизда авалламбор унинг ўзига қаранг. Бола бунга тайёрми, йўқми? Горшокка тайёр бўлганини қуйидагилардан аниқлашингиз мумкин:
- бола сизнинг ҳожатга боришингизни тақлид қилади;
- қорни очганлиги тўғрисида сўз билан хабар бера олади;
- "коптокни олиб кел" каби оддий талабларни тушуна олади;
- памперси кир бўлганда, ғашига тегаётганини билдиради (уни ечишни хоҳлайди, памперсига сизни назарингизни қаратади)
- горшокда ўзи ўтира олади;
- 3 соатча қуруқ юриши мумкин;
- ўз жинсий аъзоларини ўрганади.
2. Болангизни горшокка ўргатишга ўзингиз тайёр эканлигингизга ишонч ҳосил қилинг.
Сиз тайёрмисиз? Горшокка ўргатиш вақтини бошқа зарур ишлар бўлмаган пайтга (янги фарзанд туғилиш арафаси, ишхонадаги стресс, катта фарзанддаги муаммолар ва ҳоказо) мўлжаллаганингиз маъқул. Ундан ташқари, илиқ ёки иссиқ ҳавода памперсдан чиқиш осонроқ кечади. Сизга қуйидагилар керак бўлади:
- сабр-тоқат; - горшок; - ўргатувчи иштонлар; - ҳазил туйғуси; - ижод қилиш.
Болангизга горшок ҳақида кўрсатиб айтиб беринг. Бошқа болалар горшокка боришини кўрсатинг. Қўғирчоқ, горшокка боғлиқ ўйинчоқларни жалб қилинг. Горшокка боришни ўргатадиган болалар китобчаларидан фойдаланинг.
3. Болага қаерга боришни ва бу нима деб аталишини тушунтириб ўргатинг.
Болангизга горшокни яхшилаб танлаб олиб беринг. Горшок бола учун қулай, хоҳласангиз қизиқарли, энг асосийси хавфсиз ва осон ювиладиган бўлиши керак. Горшокда қилаётган ишига ном беринг.
4. Болага ҳиссиёт билан жараённи улай олишни ўргатинг.
Бу босқичда бола организмидаги ҳиссиётларни тушуна билиб, горшокка боришни, горшокка ўтириб ишини қилишини англай олиши зарур. Бошида сиз унинг кузатувчиси ва йўл бошлловчиси бўласиз. Ҳис қилди--------------- горшокка борди ёки ҳис қилди----------------- онасига айтди.
5. Болани бутунлай памперссиз қолдириб, ўргатувчи иштонларда олиб юринг.
Бу иштонлар оддий иштон бўлиб, фақат осон ечиладиган ва тез қурийдиган бўлиши керак.
6. Болангизга ёшига қараб иштонини ечиш, кийиш ва ишини қилиб бўлгач қўлини ювишни ўргатинг.
Болангизни ютуқлари учун кўп мақтанг, бошида кўп содир бўладиган "аварияларга" кўзингизни юминг.
7. Ҳамма ишни суриб қўйиб, бутунлай болангиз билан бирга бўлинг.
Бунда сиз болангизни доим кузатиб бориб, унинг горшокка бориш хоҳишини вақтида сеза оласиз, вақтида унга йўл кўрсата оласиз, бориб бориб бола нима қилаётганини тушуна олади.
Шуни унутманг, горшокка ўргатаётганингизда кечалари дам беринг. Кундузи горшокка боришни ўрганган бола, 2-3 ҳафталарда кечаси ҳам памперссиз ухлашга ўрганади.
Агар болангиз сизнинг барча қилган илтимосларингизга қарамай горшокка ўтиришдан бош тортса, демак у ҳали тайёр эмас. Шу деб уни қийнаманг. Бу борада "вақтлидан кўра кечроқ" деган ибора ўринли бўлади. Хавотир олманг, болангиз бир оздан сўнг албатта тайёр бўлади.