Биласизми?

Болани ҳашорот чақса, нима қилиш керак?

Ёз кунлари болалар кўп вақтини кўчада ўтказади. Шу даврда ҳашорот чақиши кўп учрайди. Баъзи болаларда бу кучли аллергик реакция қўзғатиши мумкин.

1. Болани нима чаққанлигини билиш лозим. Заҳарли ҳашорот бўлса, шифохонага бориш талаб этилади;

2. Болада аллергик реакция бошланаётган бўлса, дарҳол тез ёрдам чақириш керак. Кучли аллергик реаксия ҳаёт учун хавфли анафилактик шокни келтириб чиқариши мумкин.

Аллергик реакция аломатлари:

  • Нафас олишда қийналиш;
  • Лаб, томоқ, бўйин ва нафас олиш органларининг шиши;
  • Юракнинг тез уриши;
  • Хушдан кетиш;
  • Кўнгил айнаш, қусиш;
  • Муздек тер ажралиши.

Болада аллергик реакция қўзғалган бўлса, зудлик билан тез ёрдамни чақиртириб, унгача преднизолон ёки дексаметазон (2-3 мл) мушак уколини қилиш талаб этилади.

3. Болани ҳашорот чаққанда организмда аллергик реакция бўлмай, фақат чақилган жой шишиб қизарса, у ҳолда:

  • Чаққан жойга муз қўйинг;
  • Аллергияга қарши дори ичиринг;
  • Аллергияга қарши маз суриб қўйинг (фенистил-гель);
  • Теридан ҳашоротнинг тана қисмларини чиқариб ташланг, акс ҳолда яллиғланиб кетиши мумкин;
  • Агар шиш жуда катта бўлиб, қаттиқ қичитса, у ҳолда гормонал мазлардан фойдаланинг.

Болада ёки яқин қариндошларида бундан олдин ҳашоротларга нисбатан кучли аллергик реакция юз берган ҳоллари бўлса, дам олишга борганингизда ва уй аптечкасида преднизолон ёки дексаметазон мушак уколи доим тайёр туриши керак.

4. Болани ўргимчак чаққан бўлса, унинг заҳарли бўлиш эҳтимоли катта бўлгани учун дарҳол шифохонага бориш зарур.

5. Баъзи денгиз ҳашоротлари одам терисини куйдириш хусусиятига эга. Болани денгиз ҳашороти чақиб ёки терини куйдириб олган бўлса, зудлик билан шифокорга кўрсатиб, керакли муолажаларни олиш керак.

6. Айрим мамлакатларда ҳашоротлар жиддий инфекцион касалликларни ташувчиси бўлади. Шундай мамлакатларга боришдан олдин керакли эмлаш воситаларини қабул қилиш талаб этилади.

Ўрмон, тропик ўсимликлар мавжуд паркларда болани ҳашоротларни чақишидан асраш учун:

Тери кўринмайдиган ҳолатда кийинтириш мақсадга мувофиқ бўлади. Енги узун кўйлак, пайпоққа киритилган шим, имкон қадар бўйин ва қўллар ҳам бекилган бўлиши лозим;

Ёпиқ кийиниш имконияти бўлмаган ҳолда, тананинг очиқ жойларига ҳашоротларга қарши махсус крем(репеллент)ни сепиб юрса бўлади. Репеллент воситаларининг ҳаммаси ҳам болалар учун хавфсиз эмас.  Айнан болаларга мўлжалланган воситалардан фойдаланинг;

Табиий воситалардан саримсоқ пиёзи ва чой дарахти ёғини 1:1 муносабатдаги суюқликни кийимга суртиб, баъзи ўргимчаклардан ҳимояланса бўлади.

Икки ёшгача бўлган болаларни имкон қадар ёввойи ўсимлик ва ўт-ўланлар кўп бўлган жойлардан нари тутиш керак.

Мақола ёққан бўлса, дўстларингиз билан бўлишинг!

Манба: Uzbaby.uz