Тарбия

Болани озодаликка ўргатамиз

Қани энди болангиз сизни ҳеч жавратмай ўзи юз-қўлини, тишларини ювса, ётган ўрнини йиғиштирса... Бу аксар ота-оналар учун бир орзудек. Аслида, болани озодаликка ўргатиш қийин иш эмас. Муҳими, ўша ўрганадиган пайтини ўтказиб юбормаслик, шахсий ибрат кўрсатиш ва болага нисбатан тўғри усулни топиш.

Сабаби нима?

Нега болаларимиз озодаликка ўрганишмайди? Чунки кўпинча уларнинг озодалиги билан ўзимиз шуғулланамиз. Бурни оқаётган бўлса, бир неча бор «арт» деб ўзига артириш ўрнига ўзимиз дастрўмолни олиб шартта шу ишни қилиб қўяқоламиз. Бошқа ишларда ҳам шу. Натижада бола ўзи ҳеч нима қилмасликка ўрганади. Агар сабр қилсангиз, бола, майли, эпчиллик билан бўлмасин, майли сиз истаган даражада бўлмасин, лекин ўзи шу ишни қилади. Демак, биринчи шарт, болага ўзи қилиб кўриш имконини беринг.

Болакай атрофга сизнинг эмас, ўзининг назари билан боқади. Унинг учун қўллари кир эмас, кийимига теккан доғни балки умуман пайқамаётгандир, чунки бундан муҳимроқ иш билан машғул, дунёни тафтиш қилаяпти ва англаяпти. Унинг учун мошиначасининг ғилдираги шиғиллаши ёки қўғирчоғининг қўнғир сочларини турмаклаш муҳимроқ. Сиз эса асабийлашиб, бола аҳамиятсиз шу ишини қўйишини ва истаганингиздек озодалик билан шуғулланишини талаб қилаяпсиз. Унда нима қилиш керак? Аста-аста ўргатиб, буни одат даражасига кўтариб бориш лозим. Спортчиларни қаранг, ҳар бир ҳаракатларини тинимсиз машғулотлар ёрдамида маромига етказадилар. Сиз ҳам шундай, оз-оздан, лекин ҳар куни озодалик машқини ўтишингиз лозим.

Қандай амалга ошириш мумкин?

Болаларга озодаликни ёқтириш керак. Чўмилиб чиққач, хушбўй ҳид таратиши, терисининг ялтираши нақадар ёқимли эканини қайта-қайта таъкидланг, кичкинтойга шу ҳолатдан лаззатланиши учун шароит яратинг.

Қизалоқлар кичкиналигиданоқ чиройли кийимларни яхши кўришади: ленталар, бантчалар, тақинчоқлар, бежирим пойафзал. Ифлос кийим қанақасига чиройли бўлсин? Агар катталар: «Нақадар чиройли ва озода қиз экан!», деб мақтасалар, қизалоқ қанчалар хурсанд бўлади? Хуллас, чиройли кўриниш қизларни саришталикка ундовчи рағбат бўлиши керак. Қизингизга кийимларини озода сақлашни ўргатинг, қандай тахлашни, шкафга илишни, дазмоллашни кўрсатинг, ўзи учун махсус ойна, тароқлар сотиб олиб беринг. Шунингдек, у ўз навбатида қўғирчоқларини озодаликка ўргатиши мумкин, унга шундай ўйин ғоясини беринг.

Ўғил болалар билан, албатта, қийинроқ. Бу ерда тўғри тактика қўллаш керак. Асосий дастагингиз: озода бола билан гаплашиш, мулоқот қилиш ёқимли. Кўчада ифлос кийимда юрган одамларни ибрат қилиб кўрсатинг, озода бўлмаган инсоннинг иши юришмаслиги, муваффақиятга эришолмаслиги, фалончи каби машинаси, чиройли уйлари бўлмаслигини айтинг (ўғил болалар ёшлигиданоқ машина ҳайдашни, уй қуришни орзу қиладилар-ку). Шунингдек, мавзуга доир мультфильмлар, китоблардан ҳам фойдаланинг.

Шахсий ибрат

Яна шахсий ибрат масаласини кўтарамиз. Тарбияни бусиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Ўзингиз озода бўлмаганингиз ҳолда болангиздан буни қандай талаб қила оласиз? Талаб қилганингиз билан, амалга ошармиди? Бола ёшлигиданоқ ота-онасига ўхшашни орзу қилади. Ана шу тақлид даврида болага шахсий ибрат орқали тозалик ўгитларини сингдириб бориш мумкин. Іамма ишни биргаликда қилинг: «Юр, қўлларимизни ювиб келамиз», «Кеттик, тишларимизни ювамиз», «Мен уй супураман, сен чангларни артиб турасанми?» Бу билан сиз кичкинтойга катта бўлиб қолганини кўрсатасиз, бу уларга ёқади. Катта бўлишни қайси бола истамайди, дейсиз.

Ва албатта, болани озодалик йўлида қилган ҳар бир хатти-ҳаракатини мақтанг, эътироф этинг. Унинг майда муваффақиятсизликларига, кўнгилдагидек амалга ошмаган ишларига нисбатан сабрли бўлинг. У бирданига озода бўлиб қолмайди, аммо саришта бўлиш яхши эканини кундан-кунга кўпроқ сезиб боради.

Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА тайёрлади.

Манба: «Sug’diyona» газетаси