Биласизми?

Чақалоқни кечки уйқуга қандай кийинтириш керак?

Чақалоқнинг тинч уйқуси унинг кийган кийимига ҳам боғлиқ экан. Чақалоғингизни кечасига кийинтираётганингизда асосий бир қоидага риоя қилишингиз лозим: сиз қандай кийинган бўлсангиз, чақалоқни ҳам шундай кийинтирасиз ва қўшимча бир қават кийим ёки енгил адёл қўшасиз.

Болангизнинг тана ҳароратини қўлингиз билан ҳис этишга ўрганинг. Қўл ва оёғи муздек бўлиб қолгани бола совуққотганидан далолат беради. Демак, болани яхшилаброқ ёпиш керак. Агар бола танаси иссиқ бўлиб терлаган ҳам бўлса, у ҳолда бола исиб кетмоқда, унинг кийимини енгиллаштириш ёки хона ҳароратини пасайтириш лозим.

Агар чақалоғингиз муддатидан олдин туғилган ёки 3.5 кг дан кам туғилган бўлса, у ҳолда бола қўшимча исинишга эҳтиёжи бор, уни иссиқроқ кийинтириш лозим. Кўпчилик чақалоқлар ўралган ҳолатни хуш кўрадилар. Албатта қаттиқ ўралган эмас, балки бироз қўл оёқчалари бирлашган ҳолда, аста ўралган бўлмоғи қулай. Боланинг ҳаракатлари сиқилмаган бўлиши керак.

Энг асосийси, чақалоқнинг кийими 100% пахта толасидан тайёрланган бўлиши шарт. Бундай матоларда ҳаво яхши айланади ва бола танасига нафас олишга ёрдам беради. Боланинг кийимида ҳар хил бойлагичлар бўлмагани қулай, бола ғимирлаб ипларга бўғилиб қолиши осон. Агар бола ётоғи совуқ бўлса, биринчи бир неча ой болага енгил бош кийим кийдиришингиз мумкин. Агар чақалоғингиз кечаси яхши ухламаса, кўп йиғласа, унинг кийимларини бир кўздан кечириб чиқинг. Кўпинча болалар тинч ухлай олмаслигига исиб кетиши, совуққотиши ёки ноқулай кийими сабаб бўлиши мумкин.

Манба: Uzbaby.Uz