Кун бўйи қоматни тик тутишга эътиборингизни қаратинг. Унутмангки, гавдани тик тутганда бел камроқ толиқади. Ёш она учун эса бу жуда муҳим.
Оғир буюмларни тўғри кўтаришни билиш лозим. Уларни ердан букилиб эмас, балки бироз чўккалаган ҳолда олиб, секин туриш лозим. Шунда асосий оғирлик оёқларга тушади.
Нарсани олиб кетаётганда уни кўкракларингиз баландлигида танага яқинроқ ушласангиз, оғирлик қўл мушакларига тушади. Белни эҳтиёт қилмаслик радикулитга олиб келиши мумкинлигини унутманг.
Оғир юкни камроқ кўтаринг. Масалан чақалоқни кўтаришда ҳам белга оғирлик тушмаслигига эътибор қаратинг.
Хўш, гўдакни қандай кўтарган қулайроқ бўлади?
Юзини олдинга қаратиб кўтариш. Бир қўлингиз билан кичкинтойингизнинг кўкрагидан шундай ушлаб турингки, унинг ияги билагингиз устида бўлсин. Уни бағрингизга босинг. Иккинчи қўлингиз билан оёқларини сонидан ушлаб кўтаринг. Бундай ҳолатда фарзандингиз билан уйни кезиб юриш қулай.
Ёнбошга кўтариш. Боланинг юзини олдинга қаратиб кўтараётганда уни бироз ён томонингизда олиб, тос суягингизга «ўтқизишингиз» мумкин. Бундай ҳолат ҳали ўтиролмайдиган, бироқ бошини кўтара оладиган кичкинтойларга тўғри келади.
«Самолётча». Бир қўлингиз билан кўкрак қафасидан, иккинчисини боланинг икки оёғи орасидан ўтказиб қорнидан кўтаринг. Ушбу ҳолатда бироз олиб юриш унинг вестибуляр аппаратини машқ қилдириб, тана мувозанатини сақлашга ўргатади.
«Чавандоз». «Самолётча»дан «чавандоз» ҳолатига осонгина ўтиш мумкин. Бунинг учун қорнидаги қўлингизни кўкрагигача олиб боринг. Шунда кичкинтой бир қўлингизда жойлашиб, иккинчиси бўш бўлади.
«Устунча». Овқатдан сўнг ичига кетган ҳаводан болани халос этиш учун уни «устунча» ҳолатида кўтаринг. Энг қулайи, болани қорни билан елкангизга ётқизиб, бўш қолган қўлингиз билан бошини кўтариб туришдир. Бунда оғирлик маркази елкангизга тушади.
Манба: Avitsenna.Uz