Биласизми?

Чақалоққа қандай сўрғич танлаш керак?

Чақалоқларга сўрғич олишдан олдин қуйидаги маслаҳатлар билан танишиб чиқишингизни тавсия қиламиз.

Сўрғичнинг қандай турлари мавжуд?

Латексли сўрғичлар табиий ҳисобланиб, ранги тўқ сарғиш бўлади. Улар кўпинча муддатидан олдин туғилган ва нозик чақалоқларга тавсия этилади. Сабаби, латексли сўрғичлар оғиз ҳароратида исиб юмшайди ва она кўкрагини эслата олади. Лекин латексли сўрғичлар таркибида оқсиллар мавжудлиги туфайли болада аллергияни келтириб чиқариши мумкин.

Латексли сўрғичларни танлашда юқори сифатли таниқли брендларга мансуб бўлганини танлаш зарур. Сифатсиз латекс ўзидан консераген (саломатлик учун ўта зарарли) моддаларни чиқариш хусусиятига эга.

Силиконли сўрғичлар сунъий материалдан тайёрланади. Улар рангсиз бўлади. Силиконли сўрғичнинг асосий хусусияти болада унга аллергия бўлмайди, чунки силикон латексдан фарқли равишда сунъий моддадир.

Силиконли сўрғич латексли сўрғичдан кўра узоқроқ муддатга яроқлидир.

Сўрғични шаклига қараб фарқлаш:

Оддий сўрғич - асосан латексдан тайёрланган бўлиб, она кўкраги шаклида бўлади. Унинг учи каттароқ ва думалоқ шаклга эга бўлади.

Анотомик сўрғич - янги туғилган чақалоқлар учун мўлжалланган. Унинг учи бироз эзилган шаклга эга бўлиб, чақалоқ танглайига тақалиб туради.

Ортопедик сўрғич - томчи шаклини эслатади. Бу шаклдаги сўрғичлар боланинг оғиз бўшлиғини бутунлай қопламайди, натижада тиш ва жағ деформацияланмайди.

Сўрғични танлашда нимага эътибор бериш зарур?

Чақалоқнинг вазни;

Оғиз бўшлиғи катталиги;

Кўкрак сути ёки аралашмани ичиши;

Чақалоқ ёши;

Сўрғич қайси мақсадда берилиши.

Ҳар бир бола ва алоҳида вазият учун ўзига яраша сўрғич талаб этилади.

Сўрғичдан фойдаланиш давомида қуйидагиларни билиш муҳим:

Бир сўрғичдан фақат бир бола фойдаланиши керак;

Сўрғич тешилган, шакли бузилган, ранги ўзгарган ёки деформацияланган бўлса, ундан фойдаланиш мумкин эмас;

Сўрғични камида 6-8 ҳафтада алмаштириб туриш лозим;

Сўрғични мунтазам равишда тозалаб ювиб, стерилизация қилиш талаб этилади;

Сўрғични иссиқлик ёки қуёш нурлари ёнида қолдриш мумкин эмас;

Сўрғични боланинг бўйнига ипга илиш ўта хавфли, бўғилиб қолиш эҳтимоли катта. Унинг ўрнига кийимга қадаладиган махсус сўрғич илмоқларидан фойдаланиш тавсия этилади.

Яна бир кичик тавсия, имкон қадар сўрғичдан камроқ фойдаланган маъқул, чунки унинг ижобий таъсиридан кўра салбий таъсирлари кўпроқ.

Мақола ёққан бўлса, дўстларингиз билан бўлишинг!

Манба: Uzbaby.uz