Биласизми?

Эчки сути таркиби она сутига яқин(ми)?

Эчки сути ўзига хос таъмга эга шифобахш неъматдир. Таркибида юрак томир, асаб касалликлари учун фойдали бўлган никотин кислотаси мавжуд. Ибн Синонинг таърифича, у ични суради, томоқдаги, қовуқдаги яраларни даволайди, йўтал, қон туфлаш, бош оғриғи, меъда хасталикларида фойда қилади. Қуруқ мижоздан бўладиган хафақон, васваса ҳамда эсда сақлаёлмаслик касалига ҳам яхши даводир. Бу сут билан ғарғара қилинса томоқ оғриқ, тилча, бодомсимон безлар шишлари, сил ва ниҳоят даражада озиб кетишга фойда беради. Олимларнинг таъкидлашича, эчки сути кимёвий таркибига кўра кўпроқ она сутига яқин туради. Калсий, магний, темир, марганес, калий каби қимматли моддаларга бой. Таркибида, айниқса, ёғ ва оқсиллар мўл бўлиб, уларни организм тез ва осон ҳазм қилади. Ёғ доначалари сигир сутиникидан икки баробар кичик, оқсиллари эса нозик бўлади. Шу боис эчки сутини гўдакларга ҳам берса бўлади. Рахит, жигар, ўпка сили, аллергия касалликларини даволашда эчки сутидан фойдаланилса, яхши самара беради. У ишқорли бўлганидан ошқозони ошиқча кислота ажратадиган одамларга яхши даводир. Экзема, қичима, астма билан оғриган кишиларга ҳам эчки сути ичиш тавсия қилинади. Бўғинлар оғриғини қолдиришда, ўт халтадаги тошни туширишда ҳам қўлланилади. Эчки сутини фақат пишириб истеъмол қилиш зарур. Ундан хуштаъм қатиқ, сузма, қурут тайёрлаш мумкин. Шунингдек, сузмасининг зардоби сариқ касаллигининг олдини олишда фойдали. Шакар билан ичилса, юз рангини чиройли қилади.

Манба: Avitsenna.Uz