Табиий туғилган болалар орасида эгизаклар жуда кам бўлади. Эгизаклар туғилиши ажойиб бир мўжиза бўлиши билан бир қаторда ота-онадан катта куч ва сабрни талаб этади.
Қуйидаги маслаҳатлар эгизакларни катта қилишда ёрдам бера олади:
1. Режа ва тартиб. Оилада битта чақалоқ туғилса жуда қийин. Иккита ва ундан кўп бўлса-чи? У ҳолда ота-она эгизакларни овқатлантириш ва ухлаш даврларини бирлаштиришга ҳаракат қилиши лозим. Аста секинлик билан эгизаклар бунга ўрганади. Чақалоқлар тартибга тез одатланадилар. Муҳими, ота-онанинг бунга ёндашуви. Тартиб ва режани асталик ва меҳр билан ўтказиш лозим.
2. Иккала чақалоқни бир вақтда эмизиш мумкин. Албатта икки чақалоқни кўкрак сутига тутқазиш жуда катта маҳоратни талаб этади. Шунинг учун бирини кўкракка қўйиб, иккинчисини эса кўкракдан соғилган сут билан бутилкадан эмизса бўлади. Иккала чақалоқ шунда онанинг ёнида бўлиши муҳим. Лекин кейинги эмизишда чақалоқлар ўрин алмашади, яъни бири бутилкадан, бири эса кўкракдан эмади.
3. Бир жойда ухлатиш. Эгизаклар чақалоқлигидан бир жойда ухласа, яхшироқ ухлайдилар. Бирини уйқуси иккинчисига ҳам "юқади". Ундан ташқари эгизакларни албатта эгизаклар аравасида олиб юриш лозим. Алоҳида аравада эмас.
4. Эгизаклар кўпинча муддатидан олдин туғилгани сабаб уларнинг нафас олиш(ўпка) тизимида муаммолар бўлиши мумкин. Бунга эътиборлироқ бўлиш керак.
5. Эгизаклар касалликлари бир-бирига осон юқади. Бир чақалоқ касал бўлиб қолса, имкон қадар иккинчисини ундан узоқлаштириш лозим. Бу билан касалликни 100% олдини олиб бўлмаса ҳам, лекин хавфни камайтирса бўлади.
6. Эгизаклар бир хил бўлгани билан, улар жуда ҳар хилдир! Ҳеч қачон эгизакларни солиштирманг. "Акаси бундай, укаси эса бундай эмас," дейиш нотўғри. Келажакда ҳам уларнинг қизиқиш ва дунёқараши турлича бўлишини рағбатлантиринг. Иккисини бир маромга келтирманг. Улар ҳеч қачон бир хил бўла олишмайди, уларнинг гўзаллиги ҳам шунда!
7. Эгизакларни катта қилиш йилдан йилга осонлашаверади. Агар бошида эгизаклар билан ота-она жуда қийналса, йиллар ўтган сари бир фарзанди бор ота-онадан кўра эгизаги бор ота-онага осон бўлади. Бу давр уларнинг 2 ёшидан сўнг келади.