«Ўз фарзандининг узтозларини биладиган, дарс тайёрлашда фарзандига яқиндан ёрдам берадиган ва фарзандига оқ-қорани танита оладиган ота-оналар бутун дунёни ўзгартиришга қодирдирлар»
Бил Клинтон (АҚШнинг собиқ президенти)
Фарзанд – инсон умрининг гултожи. Шубҳасиз, фарзанднинг ҳаёт деб аталмиш катта йўлга кириб келишида ота-она унинг биринчи устозлари ҳисобланишади. Мурғак қалб эгасининг биринчи сўзни тўғри айтиб, тили чиққунича, эмаклашни бошлаб токи югуришни эплагунича, бирор соҳага қизиқиб қолиб, унинг сир-асрорларини эгаллай олгунича бўлган давр мобайнида ота ҳам, она ҳам бирдек маъсул ҳисобланишади. Лекин бугунги кунда кўпчилик ота-оналаримиз фарзанд тарбиялашда, унинг мактабда, ўз синфдошлари орасида фаоллардан бири бўлишига ёрдам беришда қийинчиликларга дуч келишмоқда. Қуйидаги 10 маслаҳат ана шундай ота-оналар учун фарзандларининг ўз тенгқурлари ва дўстлари орасида фаол бўлишига ёрдам берса ажаб эмас. Маслаҳатларимиз, айниқса, ёш ота-оналарга мактаб ёшидаги фарзандларининг ўқишга, таълим олишга қизиқишларини оширишда фойда беради деб умид қиламиз. Демак, бошладик.
1) Фарзандингизнинг устоз(лар)и билан дўстона алоқа ўрнатинг. Ўқув йили бошланиши биланоқ, фарзандингиз севиб ўқийдиган фанлар ўқитувчиси ва синф раҳбари билан учрашиб, уларга болажонингиз тарбияси учун бефарқ бўлмаган ота-она эканлигингизни билдириб қўйинг. Унинг ўқиш жараёнидаги камчиликлари, қайси фанлардан қийналаётгани ҳақида албатта сизни огоҳлантириб туришларини илтимос қилинг. Шунингдек, ҳар чоракда ўтказиладиган ота-оналар мажлисини ўтказиб юборманг.
2) Фарзандингизни мактабдаги фаоллик даражасини аниқлаб олинг. Агар фарзандингизда ўқиш, ёзиш каби жараёнлардан пассивлик ҳолати кузатилса, унинг синф раҳбари ва бошқа фан ўқитувчиларидан қандай қилиб ёрдам бериш мумкинлигини сўранг. Уялманг. Ҳар бир ўқитувчи паст ўзлаштирувчи ўқувчи билан алоҳида ишлашга мажбур эканлиги қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган.
3) Уй вазифаларини биргаликда тайёрланг. Фарзандингизни телевизор, радио, компьютер ёки телефон аппаратидан холи бўлган жойда дарс тайёрлашга ўргатинг. Мўжазгина дарсхона яратиб беришга ҳаракат қилинг. Уни биргаликда безаш боланинг ўша хонада янада кўпроқ ишлашига олиб келади. Уйга вазифани тайёрлаш жараёнида ўша вазифани ўзингизни худди биринчи марта кўриб тургандек тутинг.
4) Интернет ва компьютер билан ҳамжиҳатликда ишланг. Интернет бугунги кун шахсиятнинг энг яқин ёрдамчиларидан бирига айланган. Фарзандингизни бирор янги мавзуни ўрганишида ва қабул қилишида фойдаси тегадиган ўйинлар, дастурлар интернет оламида истаганингиздан-да кўп. Бунинг учун эса рус тили ёки инглиз тилида тўғри сўров бериш кифоя. Мультфильмлар уларнинг жон-у дили. Таълимга йўналтирилган мультфильмларни эса интернетдан хоҳлаганча топишингиз мумкин. Керак бўлса, уларнинг айнан компьютер, планшет, мобиль телефонлардан мустақил фойдаланишига қўйиб беринг. Лекин, меъёрни сақлаган ҳолда. Бола қанча техника оламига эрта кирса, ақлий қобилияти шунча тез ривожланади.
Қуйидаги ҳаволалар орқали болажонингиз учун фойдали бўлган, уларнинг ақлий қобилиятини оширишга ёрдам берувчи ўйин ҳамда бошқотирмаларни топишингиз мумкин:
- https://www.kitob.uz
- https://www.ziyonet.uz
- https://www.commonsensemedia.org/lists/best-android-apps-for-kids
- http://www.parents.com/fun/entertainment/gadgets/best-apps-for-preschoolers/#page=1
- http://www.pcadvisor.co.uk/test-centre/google-android/best-kids-apps-2016-best-apps-for-children-ipad-iphone-android-3464905/
- http://www.todaysparent.com/kids/technology/30-fun-and-safe-kids-websites/
- http://www.kidsites.com/
5) Болангизда ўқишга бўлган қизиқишни уйғотинг. Фарзандингизда ўқишга бўлган қизиқиш уйғотишнинг энг самарали усули бу ўз кучи билан ўқиб, ютуқларга эришган ва эришиб келаётган кимнидир намуна қилиб кўрсатишдир. Айтайлик, у амакиси ёки тоғаси, акаси ҳам бўлиши мумкин. Бола онгида албатта унингдай чиройли кийиниб, машинада юриш учун албатта яхши ўқиш керак экан деган тасаввур уйғонади. Лекин фарзанд учун энг яхши намуна ўзингиз.
6) Фарзандингизнинг китоб, газета ёки журналлар мутолаасига қизиқишини оширинг. Айтайлик, байрамлар ёки бошқа муҳим кунларда унга китоб совға қилишни одат қилинг. Қизиқишларидан келиб чиқиб сотиб олиб берилган ҳар қандай китоб муваффаққиятингиз калитидир. Агар қўлингиздан келса, китобни токи ўзи мустақил ўқий олгунича ўқиб беришга ҳаракат қилинг. Шахсий кутубхона унинг илк бойликлар тўплами бўлишини тушунтиринг.
Бундан ташқари, уларнинг ёшига мос газета ва журналларга ҳам обуна бўлишингиз мумкин. Қуйида юртимизда болалар учун нашр этиладиган оммабоп газета ва журналлар, уларнинг йиллик обуналари нархлари ҳақида батафсил маълумот берилган.
Газеталар:
Т/р Номи Даврийлиги Обуна нархи 1. «Bilag’on» Ойда икки марта 30960 сўм 2. «Shirintoy» Ойда бир марта 24570 сўм 3. «Bolajon» Ойда бир марта 24570 сўм 4. «Bolalar.Uz» Ойда бир марта 16920 сўм 5. «Bulbulcha» Ойда икки марта 27670 сўм 6. «Kitob dunyosi» Ойда икки марта 62796 сўм 7. «Madi – bolajon Ҳафтада бир марта 84240 сўм 8. «Tong yulduzi» Ҳафтада бир марта 16896 сўм Журналлар:
Т/р Номи Даврийлиги Обуна нархи 1. «Baxtli bolajon» Ойда бир марта 77412 сўм 2. «Jajji akademik» Ойда икки марта 60 000 сўм(+ етказиш харажатлари) 3. «Bilimdon» Ойда икки марта 56688 сўм 4. «Gulxan» Ойда бир марта 16032 сўм 5. «Dono word» Ойда икки марта 56724 сўм 6. «Знайка» Ойда икки марта 57192 сўм 7. «Exellent» Ойда бир марта 116292 сўм 8. «Erkatoy» Ойда бир марта 38316 сўм 9. «G’uncha» Ойда бир марта 11256 сўм 10. «Bolalar dunyosi» Ойда икки марта 40000 сўм
7) Фарзандингизнинг кимлар билан дўст тутингани билан қизиқинг. Ҳар қандай бола ўз характерига мос дўст топишни ҳаракатида бўлади. Айтайлик, ўғлингиз бироз дангасароқ ёки ўйинқароқ. Ана шундай болалардан иккита бўлса тасаввур қилаверинг. Иложи борича кўпроқ фарзандингизни зеҳни ўткир болалар сафига қўшишга ҳаракат қилинг. Фалончи билан дўстлашсанг, ундан кўп нарса ўрганасан, ўқишларинг ҳам олға силжийди қабилидаги гапларни унинг онгига сингдириб боринг.
8) Ҳар куни фарзандингиз мактабдан қайтгач, кун қандай ўтгани, нима дарс бўлгани, қандай мавзуларни ўргангани, нимадан кўнгли тўлгани-ю, нимадан норози бўлгани ҳақида суҳбатлашинг. Суҳбат жараёнида содир бўлган яхши ва ёмон ишларга ўз хулосангизни беришга эринманг. Ота-она билан қайсидир мавзуда бўлиб ўтадиган атиги беш дақиқалик суҳбат бола онгида ўша жараённи янада кўпроқ мушоҳада қилинишига олиб келади.
9) Шахсий кундалик тутишига одатлантиринг. Мактабнинг илк куниданоқ фарзандингизга кўпварақли дафтар совға қилинг. Дастлабки бир ойда уни юритишга ўзингиз ёрдамлашинг. Фарзандингиз унинг ёрдамида яхши кунни ёмонидан, қайғули кунни хурсандчилик билан ўтган кундан фарқлашни ўрганади. Бу усул болада ёзма нутқни ривожлантириши билан аҳамиятлидир. Шунингдек, унга ҳеч кимга айтолмайдиган сирларини мана шу кундалигига битиши мумкинлигини, уни ўзи истаган жойда сақлаши мумкинлигини ҳам тушунтиринг.
10) Совғалар билан тақдирлаб туринг. Ёшидан, феъл-атворидан қатъий назар инсон доимо совға олишни ёқтиради. Болажонлар учун ҳам бирор бир жараён давомида эришган ютуғига нисбатан берилган совға уларнинг янада кўпроқ изланишига сабаб бўлади. Масалан, ҳафта давомида нечта баҳо олишига қараб якшанба куни ҳайвонот боғи ёки циркка олиб боришни ваъда беринг. Хаёлингизга бу усул болани фақатгина манфаат учунгина ўқишга ўргатмайдими деган ўй келгандир-а?! Асло ундай эмас. Бола ўз кучи ва билимидан келиб чиқиб мукофотни қўлга киритиш учун ҳаракат қилади, тиришади. Демак, қайсидир маънода бу усул болада қандайдир муваффақиятга мустақил эришиш инстинктини шакллантиради.
Фарзанд тарбияси — нозик масала. Неча замонлардан бери шоҳ-у гадони ҳам, ёш-у қарини ҳам, меҳнаткаш-у бекорчини ҳам кўпроқ мушоҳада қилишга, сидқидилдан шуғулланишга ундаб келмоқда. Юртимизнинг келажаги, фаровонлиги фарзанди тарбияси хусусида қайғурадиган ота-оналарга боғлиқ! Юқоридаги маслаҳатлардан унумли фойдаланишингизга умид қиламиз.
Манба: Tafsilot.uz