Боғча ёши

Фарзандингиз кўп касал бўлмасин, десангиз…

Бошқа оналар ва бувилар билан мулоқот қилиб, фарзандлар ҳақида суҳбатлашганда айрим болалар тез-тез касал бўлиб туриши, бошқалари эса деярли умуман хасталикка чалинмаслиги маълум бўлади. Болалар орасида кимдир шамоллашни енгил ўтказиб юборса, яна кимдир бир касалликдан тузалиб улгурмай, иккинчисига йўлиқади. Бунинг сабаби нимада ва болаларимиз касал бўлмаслиги учун қандай йўл тутиш керак?

Болаларнинг шамоллаши сабабларини ота-оналар кўпинча уларнинг совқотганлиги ёки сайр чоғида терлаб кетганлиги билан боғлайди. Ҳақиқатан ҳам шундаймикин?

Биз бу борада мутахассисга мурожаат қилдик. Тошкентнинг Юнусобод туманидаги 51-оилавий поликлиника умумий амалиёт шифокори Салимова Наргиза Эргашмуродовна сўзларига кўра, совқотишнинг ўзигина шамоллаш касалликларини келтириб чиқармайди, у болалар организмининг вирусли инфексияга таъсирчанлигини оширади холос. Яъни тез шамоллайдиган болаларда иммунитет паст бўлади. Уларнинг касалликка чалинишига йўл қўймаслик учун иммунитетни ошириш зарур.

b53929cc8146f680436e25462d2e2062

Иммунитет — организмнинг бегона микроорганизмлар ва ҳужайралар таъсирига нисбатан ҳимоя реаксияси. Куйиш, совқотиш, қон йўқотиш, яхши овқатланмаслик, травма каби ҳолатларда иммунитет заифлашиши мумкин.

Хўш, иммунитетни қандай ошириш мумкин? Биз дастлаб ёш оналар бу борада қандай усуллардан фойдаланиши ҳақида қизиқдик.

Шаҳрибону Шавкатова, уй бекаси (фарзанди 1 ёшда):

“Боланинг иммунитетини кучайтириш учун аввало уни чиниқтиришга эътибор бериш керак, деб ўйлайман. Шунинг учун фарзандимни ёзда ҳар куни, қишда ҳафтада камида икки марта чўмилтириб тураман. Бундан ташқари, унинг овқатланиш ратсионига алоҳида эътибор қаратиб, уни витаминга бой маҳсулотлар, масалан, мева-чевалар билан бойитишга ҳаракат қиламан”.

Комила Тангирова, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ўқитувчиси (фарзанди 4 ёшда):

“Фарзандимнинг иммунитетини оширишда унинг овқатланиш сифатига алоҳида эътибор қаратаман: сабзавот ва меваларни доимий тарзда едириб тураман. Бундан ташқари, халқ табобатидан келиб чиқиб, турли қайнатма ва қиёмлар тайёрлайман ва уларни ҳам фарзандимга ичириб тураман”.

15

Умумий амалиёт шифокори Салимова Наргиза Эргашмуродовна эса мутахассис сифатида болалар иммунитетини ошириш борасида ўз тавсиялари билан бўлишди:

  1. Уйни тез-тез шамоллатиб туриш

Тоза ҳаво бола организмини кислород билан бойитади. Бундан ташқари, шу йўл билан уйдаги ҳарорат ва намлик даражаси тартибга тушади.

  1. Ҳар куни 2—3 соат сайр қилиш

19

Фақат қаҳратон совуқ ҳаводагина кўчага чиқиш тавсия этилмайди. Қолган пайтларда очиқ ҳавода сайр қилиш иштаҳани ва уйқуни яхшилайди.

  1. Режимга риоя қилиш

Ҳар бир нарсада режим бўлиши керак. Ҳар куни бир вақтда овқатланиш, сайрга чиқиш, ухлаш зарур.

  1. Ҳаддан кўп овқат емаслик

Меъёрдан ортиқ овқат — ривожланаётган организм учун оғир юк. Ҳар нарса ўз меъёрида бўлиши зарур, акс ҳолда бола иммунитети хавфли ташқи таъсирларга қарши курашиш ўрнига ортиқча калорияларга қарши курашиш билан банд бўлади.

  1. Жисмоний фаоллик

db75602c35b148195047be4fba0fabf4

Очиқ ҳавода ўйинлар ўйнаш, самокатда учиш каби бир қарашда оддий кўринган ҳаракатлар бола иммунитетига катта таъсир ўтказади. Имконият бўлса, энг фойдали спорт тури — бассейнда сузиш билан шуғулланиш зарур.

Юқоридагилардан хулоса қиладиган бўлсак, болаларнинг соғлиғи, аввало, ота-оналарнинг уларга алоҳида эътибор қаратиб, уларнинг кун тартиби ва овқатланиш ратсионини тўғри ташкил эта олишига боғлиқ экан.